Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти

       Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, одил судлов сифат ва самарадорлигини таъминлаш юзасидан  қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, улар изчиллик билан амалиётга татбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга, ҳали суд тизимининг олдида халқнинг судга тўлақонли ишончига эришиш, уларни суддан рози қилиш йўлида муҳим вазифа ва мақсадлар турганлиги ҳам айни ҳақиқат.

      2022 йил 20 декабрь куни давлатимиз раҳбари Парламентга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатида, суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавжуд муаммоларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди, ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар билан бир қаторда ўз таклифларини билдирди.

    Жумладан, давлатимиз раҳбари  тергов сифати, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижроси боғлиқ муаммоларни таъкидлаб, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини алоҳида қайд этди.

     2023 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармони қабул қилинди.

     Фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ҳамда одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланиб, у билан
     2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди, дастурда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг 10 та йўналиши бўйича 28 та чора-тадбирлари белгилаб қўйилди.

     Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур қоидаларни рўёбга чиқариш судьялар зиммасига юклатилган ўта муҳим вазифа – одил судловни оғишмай амалга оширишда ифодаланади. Суд ҳимоясини тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун эса суд ҳокимияти ҳақиқатан ҳам мустақил, судьялар эса дахлсиз ва чинакам эркин бўлиши талаб этилади.

      Суд ишларига аралашиш икки хил кўринишда, яъни ички ва ташқи тарзда бўлиши мумкин. Бундай аралашувларнинг ижтимоий хавфлилиги шундан иборатки, ушбу ҳаракат орқали суд ҳокимиятнинг обрўсига, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончига путур етади, суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шартлиги тўғрисидаги қоидалар бузилади, фуқаролар, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етади.

       Бу борада Фармонда одил судлов фаолиятига ташқи ва ички тарафдан аралашиш имкониятларини бартараф этиш чоралари кўзда тутилмоқда.Хусусан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.

      Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.

        Хорижий амалиётга кўра, бундай нормалар Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатлар қонунчилигида мавжуд.Судга босим ўтказилаётгани, судьянинг дахлсизлигига таҳдид қилингани, судьянинг ишига аралашишга ҳаракат қилингани ҳақида хабарлар кенг муҳокама қилинса-да, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ҳолати бўйича юритилган жиноят ишлари ҳақида кенг жамоатчилик етарли даражада хабардор қилинмайди.

        Энди  одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибининг жорий этилиши судларнинг дахлсизлиги ва мустақиллигини  таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.


Қашқадарё вилоят

маъмурий суди судяси                                                                         Б.Нармуратов

Янгиланаётган Конституция суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

      Бажарилиши умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида Конституция алоҳида ўрин тутиб, унинг улуғвор аҳамияти халқаро ҳамжамиятда давлатнинг сиёсати, иқтисоди, ҳуқуқий тизими ва бошқа бир қатор муҳим тартиботларини ўзида намоён этади.
       Бино пойдеворсиз қурилмаганидек, давлатнинг ҳуқуқ тизими ҳам мустаҳкам пойдеворга – Конституцияга асосланиши лозим. Конституция бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида ўзининг барқарор ҳуқуқ нормаларига эгалиги ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига намуна бўлиб хизмат қилиши билан ажралиб туради.
      Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Бунга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши, судлар фаолиятини молиявий жиҳатдан таъминлаш масаласи судларнинг ўзига ўтказилганлиги, суд ходимларининг ижтимоий таъминоти яхшиланганлиги, суд мажлисида тортишувчанлик тамойилларини тўлақонли мустаҳкамлаш мақсадида ҳимоя институтига кўплаб имкониятлар яратиб берилганлиги ва бошқа бир қатор изчил ислоҳотларни мисол қилиб келтириш мумкин.
       Бугунги кунда, мазкур ўзгаришлар суд-ҳуқуқ тизимида мустаҳкам тамойиллар сифатида баҳоланиб, уларни барқарор ҳуқуқ нормаси сифатида Конституцияда акс эттириш зарурияти юзага келмоқда ва мазкур жараён
2023 йилнинг 30 апрелида ўтказилиши режалаштирилган референдумнинг асосий мавзусига айланган.
     Шу боис, одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши аъзоларининг
аниқ ваколат муддатлари белгиланиши, фуқароларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши, судьяларнинг Конституция ва қонунларга бўйсуниши, судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлиги
    ҳамда судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат томонидан таъминланишини назарда тутувчи нормалар янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 23-боб 130-140-моддаларида кўрсатиб ўтилмоқда.
       Албатта, ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий белгиларидан бири жамият ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлардан бохабар, сиёсий ва ҳуқуқий жараёнларга ўзини дахлдор деб ҳис қилувчи фуқаролик жамиятининг мавжудлиги саналади.
Зеро, янгиланаётган Конституциямизнинг 36-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, бундай иштирок этиш бошқа усуллар билан бир қаторда референдумлар ўтказишда ўзининг амалий ифодасини топади.Ўйлайманки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, уларга давлат томонидан бериладиган кафолатларнинг Конституция даражасида акс эттирилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириши билан бир қаторда, судьялар зиммасида доим “адолат устуни”га айланишдек муҳим ва масъулиятли вазифалар мавжудлигини англатади.


 Қарши туманлараро маъмурий

суди судья ёрдамчиси                                                                       Ч.Мухаммадиева

Янгиланаётган конституция халқ фаровонлигига хизмат қилади.

  •        Конституция мамлакатнинг асосий қонуни бўлиб, давлат ва жамият қурилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган олий юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади.

       Конституцияга мувофиқ ҳаракат қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини адолатли ҳамда тенг асосда ҳимоя қилишни англатади. Конституция халқ фаровонлиги ва инсонлар манфаатларининг энг олий ҳуқуқий кафолати ҳисобланиб, жамият ҳаётини шакллантириш ва давлатни ташкил этишнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланади.

          Инсон ҳуқуқлари замонавий давлатнинг конституциясида марказий ўринни эгаллайди ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни белгилайди. Шу сабабли, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги нормалар замонавий Конституция лойиҳасининг ажралмас қисми ҳисобланади.

          Амалдаги Конституция хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Лекин, ундаги баъзи нормаларни такомиллаштириш, бугунги кун талабларига мослаштиришни замон тақозо этмоқда.

       Шу муносабат билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасига кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпайиб, бу билан Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.      

            Хусусан, Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг  ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлигини белгиловчи қўшимча киритилди. Мазкур норма дунёнинг кўплаб давлатлари конституцияларида мавжуд.

           Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўз мамлакатидан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги 23-моддада кўрсатилган норма билан тўлдирилди. Конституциянинг дастлабки лойиҳасида “экстрадиция” деган халқаро термин билан баён этилган жумла, мазкур лойиҳада бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги халқ тушунадиган тилда баён қилинган.

            Жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган шахснинг адолатли суд орқали ҳимояланишига бўлган ҳуқуқини ифода этадиган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган “Хабеас корпус” институти ва “Миранда қоидаси”нинг мамлакатимиз қонунчилигида жорий этилиши ва мустаҳкамланишига хизмат қиладиган қатор нормалар киритилди. Бу нормалар, қонунларимизда аввалдан мавжуд бўлса-да, конституциявий қоида сифатида киритилиши муҳим аҳамиятга эгадир. Шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар айнан ушбу халқаро ҳужжатларнинг миллий қонунчилигимизда конституциявий қоида сифатида жой олаётганини кўрсатади. 

            Конституциянинг Сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилган 8-бобига Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши ҳақидаги янги норма киритилди.

            Конституциянинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар белгилаб берилган 9-бобига киритилган 47-моддага кўра, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Ушбу норма хусусий мулкнинг ҳимоясини конституция доирасида ҳимоя қилинишини кафолатлаш билан бир қаторда, мазкур Конституция лойиҳасининг 31-моддасида кўрсатилган “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга” эканлиги ҳақидаги қоидани мустаҳкамлаган ва тўлдирган.

       Янги Конституциянинг яна бир диққатга сазовор қоидаси 67-моддада белгилаб берилган. Унга кўра, Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Тадбиркорлик қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятини амалга оширишга ва ўз фаолиятини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудий иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг ҳаракатланиши кафолатланади. Айни бу қоидалар, халқ фаровонлигини ва мамлакат иқтисодиётини барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган, тадбиркорлар ва уларнинг ҳимоясини таъминлайдиган, давлат органларининг бу борадаги масъулиятини оширадиган конституциявий қоидадир.

    Таъкидлаш жоизки, Конституциянинг янги лойиҳаси инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кафолатлаш, давлатнинг халқ олдидаги масъулиятини оширадиган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларини миллий қонунчилигимизга конституциявий қоида сифатида татбиқ қилинишини таъминлайдиган қоидалар билан тўлдирилганлиги юртимиз ривожига, халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилади.




Қашқадарё вилоят  маъмурий

судининг судьяси                                                                                   Б.Аҳмедов

Янги Конституция-қонунийликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишнинг асоси сифатида

    Мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш, айниқса суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.

       Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш; ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш ва бир қатор бошқа ислоҳатларни амалга ошириш белгиланди.

        Суд-ҳуқуқ ислоҳатлари жараёнида, мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди-ки, бу мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳатларнинг муҳим устивор йўналиши ҳисобланади.

       Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрелда референдум ўзказиш белгиланган Конститциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишнинг Конституциявий асослари белгиланмоқда-ки, мазкур нормалар амалдаги Конституцияда мавжуд эмас.

      Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши қайд этилган ва бу ҳаётий ҳақиқатга айланади.

       Бундан ташқари, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳуқми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари  ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор бошқа муҳим бўлган қоидалар белгиланмоқда.

      Конституциявий қонун лойиҳасининг суд тизимига бағишланган бобида ҳам бир қатор янги нормалар киритилган бўлиб, жумладан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмоқда.

    Хулоса шуки, янги Конституциянинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш бўйича қилинган муҳим қадам ҳисобланади ва бу ҳалқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган давр сифатида тарихга муҳрланади.  


     

Қарши туманлараро маъмурий судининг

судьяси, Судьялар олий мактаби

мустақил изланувчиси.                                                                            У.Самандаров

Янгиланаётган конституция суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижаларини ҳуқуқий мустаҳкамлайди

        Қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасига кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда.

        Шунингдек, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.       

         Хусусан, мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.

           Бундан ташқари, адвакатурага бағишланган алоҳида бобнинг киритилиши суд ҳокимияти, прокуратура органлари қаторида одил судловнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми белгиланишига хизмат қилади.

         Янгиланаётган Конституциямизда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда.

         Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда.

         Айбсизлик презумцияси янада кучайтирилмоқда.

        Жумладан, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

        Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

        Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда.        

       Яъни, ҳозирги вақтда ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади.

       Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.

      Қонунда суд ҳокимиятининг чинакам мутақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклиф этилмоқда.

      Шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда.

      Судьянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги қатъий ўрнатилмоқда.

     Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши кафолатловчи янги модда киритилмоқда.

     Бу каби янгилик ва ўзгаришлар орқали кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижалари конституция даражадасида мустаҳкамланади.

                            

Қарши туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                              Латофат Зайниддинова

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-357 сонли қарорнинг судлар фаолиятида тутган ўрни

              Суд тизими рақамлаштириш жараёни кейинги йилларда ҳам давом эттирилиб, 2017 ва 2020 йилларда ҳам Президент қарорлари қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорларда белгиланган вазифаларнинг самарали ижро этилиши сабабли суд тизимининг ривожлантиришнинг бир неча босқичлари тезкор босиб ўтилди.

      Ушбу қарорларни ҳурматли юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилиниши ва қўллаб-қўллаб қувватланиши тарихий жараёндир. Хусусан, давлат етакчисининг бош вазирлик фаолияти даврида суд тизимининг рақамлаштириш бўйича қабул қилинган қарорлари кейинги йилларда ҳам давом эттирилиши тизимнинг ривожланиш жараёнини тезлаштириб юборди.

              2023 йилда 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11 Фармонида суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси белгиланган бўлиб, унга кўра 2023 — 2026 йилларда суд тизимини ривожлантириш стратегияси орқали тизим кейинги босқичга кўтариш белгиланган.

Ушбу даврда белгиланган вазифаларга кўра ахборот-коммуникация мониторинги тизими- Вазиятлар маркази ташкил этилиши ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилан:

-республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш;

-ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш;

-суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш.

Бундай вазиятли марказ суд ишларини вақтида кўрилишини ва мурожаатларга сифатли жавоб берилишини таъминлайди. Сервер қурилмаларини ишлаш ҳолатини назорат қилиб бориш эса ишдан чиқиш ҳолатлари ва ахборот тизимидаги узилишларни олдини олишга хизмат қилади.

Суд тизимида ахборот – коммуникация технологияларини ривожлантириш қаратилган бир неча вазифалар белгиланган:

1. судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш;

2. сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;

3. идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш;

4. суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш.

Фармон доирасида 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш белгиланган. Концепция Олий суд, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси учун умумий бўлиши тизимнинг самарали ва бир тартиб асосида ишлашини таъминлайди. Бундай концепциялар бошқа чет эл давлатларда ҳам мавжуд. Концепцияга қўйилган талаблар тизимда маълумотлар сизиб чиқиши, ўзгартирилиши ва рухсат этилмаган киришларни олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, стратегиянинг 3.7 бандида “Судларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш”га қаратилган вазифалар мавжуд. Унга кўра суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш ишларини янада жадаллаштириш қаратилган чоралар белгиланган бўлиб, судларнинг моддий техник базасини яхшилаш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тайёрлаш ва суд амалиётини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали эришиш назарда тутилган.



Қашқадарё вилоят

маъмурий суди в.б раиси                                                                Б.Қиличов

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси юзасидан давра сухбати ташкил этилди

        Бугун 2023 йил 17 март куни, Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси ходими Р.Рахмоновнинг иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 2023 йил 16 март кунидаги 11-107-23-сонли хати ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарори юзасидан давра сухбати ташкил этилди.

        Давра сухбатини Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси в.б Б.Қиличов очиб берди ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 16 март кунидаги 11-107-23-сонли хати юзасидан маъруза қилиб, ижросини таъминлаш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

    Шундан сўнг, Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси ходими Р.Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг лойиҳаси юзасидан маъруза қилди.

    Мавзу юзасидан давра сухбати иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди ҳамда фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

2022-2023-йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорнинг судлар фаолиятида тутган ўрни

     Фуқаро ва тадбиркорларга давлат хизматларидан фойдаланишда енгиллик яратиш, жаҳон стандартларига мослаштириш йўлида мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

       Ўтган давр мобайнида судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар натижасида, одил судловга эришиш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик даражаси ошди.

     Суднинг ахборот тизими кўпгина вазирлик ва идоралар билан ўзаро интегратсия қилинмаганлиги сабабли маълумот алмашинуви асосан қоғоз шаклда амалга оширилиши натижасида, тегишли маълумотлар олингунга қадар маълум бир вақт йўқотилишига олиб келаётган, ишларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишига салбий таъсир кўрсатаётган, иш бўйича тарафларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Бундан ташқари, хозирги кунда ахборот-коммуникация технологиялари барча сохаларга изчиллик билан кириб бораётган даврда судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришни тақазо этаётган эди.

       Шу мақсадда, “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилиниб, унга кўра барча судларда иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш тартиби жорий этилмоқда.

     Бундан ташқари, судялар ўртасида ишларни тақсимлашга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, апеллятсия ва кассатсия инстанцияси судларида ишларни судялар ўртасида автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимлаш тартиби киритилади.

       Фуқаролар ва тадбиркорлик субйектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда. Жумладан, биллинг электрон тўлов тизими, давлат божи калкулятори, суд қарорлари банки, судларда кўрилаётган ишларнинг онлайн жадвали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда даъво, ариза, шикоят ва илтимосномаларни автоматик равишда шакллантириш каби интерактив хизматларни жойлаштириш кўзда тутилмоқда.

 

Қашқадарё вилоят
маъмурий суд судьяси                                                                      О.Бекназаров
Қашқадарё вилоят
 маъмурий суди бош консултанти                                                  Н.Азимов
Skip to content