Ислоҳотлар – Инсон қадри ва манфаатлари учун

         Жорий йилнинг 5 январида Қашқадарё вилоят маъмурий суди томонидан Қарши шаҳридаги “Рогузар” МФЙ биносида маҳалла аҳли ва ходимлари  иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

      Мазкур учрашувда Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьялари У.Самандаров, Х.Давлатов ҳамда Н.Номозовлар томонидан Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасига доир ислоҳотлар, суд тизимига оид янгиликлар, маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича маъруза қилинди.

       Хусусан, маърузачилар томонидан йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2025 йил

         21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида маълумотлар берилди.

           

           Шунингдек, давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентинниг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмуни, унда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, тизимни янада ислоҳ қилиш бўйича вазифалар, хусусан, терговни ҳам рақамлаштириш орқали  инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, терговга аризани қабул қилиш босқичидан судга ўтказишгача бўлган жараёнларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, тергов судьялари ваколатларини кенгайтириш, яъни уларга санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш ва бу билан халқаро тан олинган “Хабэас корпус” институтини янада такомиллаштириш, жиноят процессига англо-саксон ҳуқуқ тизими давлатларида ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институтини босқичма-босқич жорий этиш, ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлган жиноят ишларини жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши, суд ҳужжатлари ижросини 30 фоизини сунъий интеллект технологиялари орқали  инсон омилисиз ижро этиш тизимини жорий этиш юзасидан маъруза қилинди.

         Давра суҳбати якуни очиқ мулоқот шаклида, қизиқарли савол-жавоблар, мунозаралар билан давом этди.

                                                                                              Учқун Самандаров,

                                                                          Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьяси

Интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси

         Ҳозирги глобаллашув ва рақамли иқтисодиёт шароитида интеллектуал мулк жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланди. Илмий кашфиётлар, адабий ва бадиий асарлар, ахборот технологиялари ҳамда инновацион ечимлар интеллектуал фаолият натижаси бўлиб, уларни самарали ҳимоя қилиш давлат олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси алоҳида аҳамият касб этади.

        Интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси — бу муаллифлик, патент, товар белгиси каби ақлий меҳнат натижаларини давлатнинг энг олий ҳуқуқий ҳужжати орқали муҳофаза қилиш тизимидир.

       Интеллектуал мулк — инсоннинг ақлий ва ижодий меҳнати натижасида яратилган номоддий бойликларга нисбатан ҳуқуқлар мажмуасидир. Буларга муаллифлик ҳуқуқи объектлари (адабий, илмий, бадиий асарлар), ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва компьютер дастурлари киради. Ушбу объектлар моддий шаклга эга бўлмаса-да, улар иқтисодий ва маънавий қийматга эга.

          Конституция — давлатнинг энг олий юридик кучга эга бўлган ҳужжати бўлиб, унда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамланади. Интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси деганда, ижод эркинлиги, муаллифлик ҳуқуқи ва мулк дахлсизлиги каби принципларнинг Конституция даражасида кафолатланиши тушунилади.

        Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар кимнинг ижод эркинлиги, илмий ва техник ижод билан шуғулланиш ҳуқуқи тан олинган. Шу билан бирга, интеллектуал фаолият натижаларини қонун билан муҳофаза қилиш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланган. Бу нормалар интеллектуал мулкни хусусий мулкнинг алоҳида тури сифатида эътироф этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида интеллектуал мулк давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ҳуқуқий неъмат сифатида эътироф этилган.

       Хар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. нтеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади”- деб белгилаб қўйилган.

         Конституция фуқароларга асар яратиш, ихтиро қилиш, дастур, дизайн, саноат намунаси яратиш эркинлигини беради.

         Шу билан бирга, муаллиф ўз асарига нисбатан муаллифлик ҳуқуқига, ундан фойдаланиш ва даромад олиш ҳуқуқига эга.

       Конституциявий нормалар асосида давлат интеллектуал мулкни муҳофаза қилувчи қонунларни қабул қилади; муаллифлик ва патент ҳуқуқларини таъминлайди; қонунсиз нусха кўчириш ва пиратликка қарши курашади; ҳуқуқлар бузилганда суд орқали ҳимояни кафолатлайди.

        Конституциявий ҳимоя ёшларни илмий ва ижодий фаолиятга ундайди; инновация ва технологиялар ривожини тезлаштиради; иқтисодиётда интеллектуал маҳсулотлар улушини оширади.

     Кўплаб давлатлар конституциявий нормаларни Берн конвенцияси, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) ҳужжатлари
билан уйғун ҳолда қўллайди.

            Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини тартибга солувчи бир қатор махсус Қонунлар қабул қилинган, улар қаторига қуйидаги Қонунларни киритиш мумкин, жумладан:

– “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун
(адабиёт, санъат, фан асарлари, дастурлар, мусиқа, фильмлар ва ҳ.к.),

– “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонун (техникавий ечимлар ва дизайнларни ҳимоя қилади),

– “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиқиш жойи номлари тўғрисида”ги Қонун,

– “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги Қонун (ўсимлик навлари ва ҳайвон зотлари),

– “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун,

– “Тижорат сирлари тўғрисида”ги Қонун.

Хулоса қилиб айтганда, интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси инсон ҳуқуқларини таъминлаш, инновацион ривожланиш ва иқтисодий тараққиётнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мазкур соҳанинг мустаҳкамланиши ижод эркинлигига бўлган юксак эътиборни ва давлатнинг интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсадларини яққол намоён этади.

                                                                                                         Қашқадарё вилоят маъмурий

                                                                                                             суди судьяси У.М.Кадиров

 

Янги Конституция – фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилишнинг кафолатидир

Маълумки, жамиятда фуқаро ва юридик шахснинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Шу маънода, кейинги йилларда, мамлакатимизда қонун устуворилигини таъминлаш, фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга ошириб келинмоқда.

Биргина, суд-ҳуқуқ соҳасидаги устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилинганлиги фикримизни яққол тасдиқлайди.

Келинг, бу борадаги ислоҳотларнинг қисқача мазмунини маъмурий судларнинг фаолияти ҳамда янгиланган Конституциямизнинг судлар билан боғлиқ айрим нормалари мисолида келтириб ўтсак.

Жумладан, Конституция юзасидан ислоҳотлар жараёнида тегишли қонунлар билан Маъмурий суд ишларини юритишнинг процессуал қонунчилигига давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш;

ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш белгиланиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида мутлақо янги институт “Келишув” институти жорий қилинди.

Янги Конституциядаги муҳим жиҳатлардан яна бири бу – фуқаро ва юридик шахсларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш мақсадида илгари амалдаги Конституция қабул қилингунга қадар мавжуд бўлмаган муҳим бир норманинг киритилганлигидадир.

Яъни, илк бора фуқаро ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги Конституция даражасида белгиланди.

Ёки жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари  ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бир қатор ҳуқуқий нормаларнинг ўз аксини топганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг “Суд ҳокимияти” боби суд ҳокимияти мустақиллигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш, одил судлов самарадорлигини ошириш, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда дахлсизлигини кафолатлаш, одил судлов фаолиятини молиялаштиришни назарда тутувчи янги моддалар билан тўлдирилди.

Мисол учун, 140-моддага мувофиқ, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.

Бу орқали, судларинг келгусида ўз фаолиятида мустақиллиги билан боғлиқ принципнинг тўла амал қилиши ва айрим бир давлат органлари олдида суд ҳокимиятининг молиявий қарамлиги юзага келиши мумкинлиги олди олинади.

Мухтасар қилиб айтганда, янги Конституция фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилишини кафолатлаб, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини фуқаро ва юридик шахслар олдидаги масъулиятини янада оширишга ва чинакам одил судловга эришишига хизмат қилади.



Қашқадарё вилоят маъмурий суди

Судья катта ёрдамчиси:                                               М.Б.Вазиров

Коррупцияга қарши курашиш жамият тараққиётидаги ўрни.

Коррупция ҳар қандай жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимларига жиддий зарар етказадиган омилдир. У давлат бошқарувининг шаффофлиги ва самарадорлигини пасайтиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятларининг тенглигини бузади. Шунингдек, коррупция инвестиция муҳитини ёмонлаштириб, рақобатни чеклайди ва иқтисодий барқарорликка хавф солади. Бундай шароитда жамият ривожланиши секинлашади, фуқароларнинг давлатга ишончи сусаяди ва ижтимоий адолат тамойиллари издан чиқади.

Шу боис, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир ривожланишни мақсад қилган жамиятнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Қонун устуворлигини таъминлаш, ошкораликни кучайтириш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва таълим-тарғибот ишларини фаоллаштириш орқали коррупцияни кескин камайтириш мумкин. Коррупцияга қарши қатъий сиёсат нафақат давлат бошқарувида ислоҳотлар самарадорлигини оширади, балки фуқароларнинг онгида ҳам адолатга ишончни мустаҳкамлайди. Натижада жамиятда барқарор тараққиёт, фаровонлик ва ишончли келажакка замин яратилади.

 

Коррупция – бу давлат бошқаруви, бизнес ва жамият ҳаётида адолат, қонунийлик ва шаффофликка жиддий хавф солувчи ижтимоий иллатдир. У иқтисодий ўсишни секинлаштиради, аҳолининг давлатга ишончини камайтиради, инвестиция муҳитини ёмонлаштиради ҳамда ижтимоий тенгсизликни кучайтиради. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлатнинг стратегик вазифаларидан бирига айланган.

Коррупциянинг асосий сабаблари.

Бошқарувда шаффофликнинг етишмаслиги. Маълумотлар очиқлиги паст бўлган жойларда коррупция учун шароит пайдо бўлади.

Назорат ва ҳисобдорлик механизмларининг кучсизлиги. Назорат тизими самарасиз бўлса, мансабдор шахслар учун жавобгарлик хавфи камаяди.

Маошларнинг бозор талабларига мос келмаслиги. Кам маош оладиган ходим коррупцион рискларга кўпроқ мойил бўлади.

Ҳуқуқий маданиятнинг паст даражаси. Жамиятда қонунга итоаткорлик ва фуқаролик масъулияти етарли даражада шаклланмаган бўлса, коррупция кенг тарқалади.

Оилавий, қавмчилик ва “таниш-билишлик” муносабатлари. Непотизм ва фаворитизм хизмат лавозимларида адолатсизлик келтириб чиқаради.

Коррупциянинг жамиятга таъсири

Иқтисодий зарар: бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, инвестиция оқимининг камайиши, тадбиркорлар учун ноқулай муҳит.

Ижтимоий адолатнинг бузилиши: имкониятларнинг тенг эмаслиги, аҳолининг норозилиги ва давлатга ишончсизлик.

Маъмурий самарасизлик: хизмат кўрсатишнинг секинлашиши, қонун устуворлигининг заифлашиши.

Халқаро обрўга таъсир: коррупция юқори бўлган мамлакатларга ЛИТ, ЁИМ ва инвестиция кўрсаткичлари бўйича паст баҳо берилади.

Коррупцияга қарши самарали механизмлар
1. Қонунчилик базасини мустаҳкамлаш

Коррупцияга қарши қонунлар аниқ таърифлар, жазо чоралари ва назорат механизмларини ўз ичига олиши керак. Жавобгарликнинг муқаррарлиги – энг муҳим тамойил.

2. Электрон ҳукумат ва рақамлаштириш«Э-ҳукумат», «ЯИДХП», электрон тендерлар, электрон ҳисоботлар инсон омилини камайтиб, коррупция хавфини кескин пасайтиради.
3. Очиқ маълумотлар сиёсати

Давлат харидлари, бюджет тақсимоти, ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотларни очиқлаш коррупцияни камайтиришда муҳим ўрин тутади.

4. Фуқаролик жамияти ва ОАВ иштирокини кучайтириш

Журналистик тафтишлар, ННОлар фаолияти, жамоатчилик назорати – коррупцияга қарши курашда ҳал қилувчи омиллардан.

5. Маъмурий ислоҳотлар ва хизматчилarning моддий рағбатлантирилиши

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ, божхона ва бошқа тармоқларда иш жараёнларини соддалаштириш; ходимларнинг адекват маоши ва рағбатлантирилиши коррупция фоизини камайтиради.

6. Ахлоқий меъёрларни кучайтириш

Давлат хизматчилари учун этика кодекси, мажбурий декларация, манфаатлар тўқнашувини oldini olish тизими самарали натижа беради.

 

Ёшлар ва таълимнинг ўрни.

Коррупцияга қарши мафкурани болаликдан шакллантириш – узоқ муддатли натижа берадиган чора. Мактаб ва ОТМларда ҳуқуқий билимларни кучайтириш, ҳалоллик дарслари, фуқаролик жамияти фанлари жуда муҳим.

Коррупция – бир давлатнинг эмас, бутун жамиятнинг муаммосидир. Унга қарши курашиш фақат қонунлар ёки жазо билан эмас, балки таълим, маданият, шаффофлик, фуқаролик назорати ва замонавий бошқарув усуллари билан амалга оширилиши керак. Коррупцияга барҳам бериш мамлакатнинг иқтисодий ривожига, халқ фаровонлигига ва халқаро нуфузига бевосита таъсир қилади.

 

 

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди судьяси       Н.Номозов

Янги Ўзбекистон Конституцияси: Янги тараққиёт босқичининг ҳуқуқий пойдевори.

          2023 йил 30 апрель – Ўзбекистон янги тарихидаги энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеалардан бири сифатида тарихга кирди. Ушбу кунда умумхалқ референдуми орқали мамлакатимиз янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилди. Бу давлат ва жамият ҳаётида “Янги Ўзбекистон” ғоясини амалга ошириш, инсон қадрини устувор қиммат сифатида белгилаш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсадларига хизмат қиладиган туб ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосига айланди.

Конституцион ислоҳотларнинг зарурияти

          Янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилишнинг бир неча асосий сабаблари бор эди:

  • жамият ва давлат бошқарувидаги кенг кўламли ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янги даражага кўтариш;
  • давлатнинг халқ олдидаги мажбуриятларини кенгайтириш;
  • фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
  • иқтисодий барқарорлик ва рақобатбардош бозор принципларини қонун даражасида мустаҳкамлаш.

         Шу маънода 2023 йилги Конституция – бу “оддий ўзгартишлар тўплами” эмас, балки давлатчилик моделини замонавийлаштиришга қаратилган стратегик конституцион ислоҳот ҳисобланади.

Янги Конституциянинг асосий устувор йўналишлари

  1. Инсон қадри – Конституциянинг бош ғояси

      Янги таҳрирда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари биринчи ўринга олиб чиқилди. Конституциянинг 60 фоиздан ортиғи айнан инсон ҳуқуқларига бағишланди.

Аҳамиятли янгиликлар:

  • инсон қадрини баланд қўйиш давлатнинг бевосита бурчи сифатида белгилади;
  • қийноқлар, шафқатсиз муносабат, камситиш мутлақо тақиқланди;
  • меҳнат қилиш, тиббий ёрдам олиш, ижтимоий ҳимоя ҳуқуқлари кенгайтирилди;
  • ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва аёллар манфаатлари алоҳида ҳимояга олинди.

Ижтимоий давлат тамойили

       Янги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинди. Бу фуқароларнинг муносиб турмуш даражасини таъминлашни давлатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилайди.

Шунингдек:

  • аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар;
  • кексалар, кам таъминланганлар ва эҳтиёжмандларга махсус ҳимоя чоралари;
  • билим олиш ва тиббий хизматдан тенг фойдаланиш ҳуқуқи кучайтирилди.

Кучли парламент ва жамоатчилик назорати

         Янги Конституцияда қонун чиқарувчи ҳокимият ваколатлари кенгайтирилди:

  • парламент ҳукумат фаолиятини янада қатъий назорат қилади;
  • давлат дастурлари ва бюджети устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилди;
  • жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари фаолияти қўллаб-қувватланди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар мустаҳкамланди

         Янги Конституция суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлади:

  • судьяларнинг дахлсизлиги ва мустақиллиги кафолатлари янада кучайтирилди;
  • “одил судловга етишиш” ҳуқуқи кенг доирада таъминланди;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилди.

Иқтисодий муносабатларда янги қоидалар

   Конституцияда бозор иқтисодиёти тамойиллари қонун даражасида мустаҳкамланди:

  • хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари янада кучайтирилди;
  • тадбиркорлар манфаатлари давлат томонидан ҳимоя қилинади;
  • монополияга қарши сиёсат ва адолатли рақобат тамойиллари белгилаб берилди;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қоидалар кучайтирилди.

Давлат бошқарувининг замонавий модели

       Янги таҳрирда:

  • давлатнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги қатъий белгилаб қўйилди;
  • маҳаллий кенгашлар ваколатлари оширилди;
  • “халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилади” тамойили Конституцияда мустаҳкамланди.

2023 йилги Конституциянинг тарихий аҳамияти

       2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдумида фуқароларнинг 84,5 фоизи иштирок этиб, уларнинг мутлақ кўпчилиги янги таҳрирни қўллаб-қувватлади. Бу янгиланган Конституция:

  • халқ иродасининг ифодаси,
  • янги давлатчилик концепциясининг ҳуқуқий асоси,
  • инсон ҳуқуқлари устуворлигининг кафолати,
  • давлат ва жамият муносабатларини модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                                Н.Номозов

Ўзбекистонда суд тизимини рақамлаштиришнинг янги босқичи ПФ-140-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳақида.

Ўзбекистонда суд ҳокимияти фаолиятини замон талаблари асосида тубдан такомиллаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги қабул қилинган қарорга мувофиқ, “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш, суд ишларини тўлиқ электрон форматга ўтказиш ва фуқаролар ҳамда бизнес учун қулай имкониятлар яратиш 2025–2027 йилларда суд соҳасининг энг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Судлар фаолиятида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар – асосий устувор мақсад

Қабул қилинган дастурга кўра, келгуси йилларда қуйидаги стратегик вазифалар амалга оширилади:

“Рақамли суд” концепциясини жорий этиш

  • Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиш.
  • Суд жараёнларини электрон форматга ўтказиш.
  • Судчилар, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун замонавий интерактив хизматлар яратиш.

Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш

  • Суд харажатларини ҳисоблаш, судловга тегишлиликни аниқлаш каби жараёнлар сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилади.
  • Суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида автоматик матн шакллантирилади.
  • Суд ҳужжатлари лойиҳалари AI орқали автоматик тайёрланади.

Инфратузилмани такомиллаштириш

  • Суд ҳужжатлари архиви учун махсус модул яратилади.
  • Судялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги доимий ошириб борилади.
  • Суд мажлиси заллари “Рақамли суд” стандарти асосида қайта жиҳозланади.

“Рақамли суд” концепциясини амалда жорий этиш механизми

Тажриба сифатида – Тошкент шаҳрида

2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича рақамли суд мажлиси заллари ташкил этилади. Бу ерда:

  • Аризалар электрон шаклда қабул қилинади.
  • Тарафлар судга келмасдан масофадан иштирок этади.
  • Иш материаллари тўлиқ электрон тарзда тақдим этилади.
  • Ижро варақалари автоматик юборилади.

Фуқаролар учун янада қулайликлар

  • Судга ариза берилишидан олдин сунъий интеллект томонидан иш натижасининг тахминий таҳлили тақдим этилади.
  • Суд харажатлари автоматик ҳисобланади.
  • Суд жараёнига оид барча маълумотлар электрон тарзда тақдим этилади.

2025–2027 йилларда рақамлаштириш бўйича йўл харитаси

Қарорда белгиланган дастурга мувофиқ, қуйидаги йирик лойиҳалар амалга оширилади:

2025 йил

  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади.
  • Суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш дастури яратилади.

2026 йил

  • “my.sud.uz” порталининг сунъий интеллектли виртуал маслаҳатчи модули ишга туширилади.
  • Фуқароларга дастлабки суд маълумотларини ЯИДХП орқали олиш имкони яратилади.
  • Яна 5 та янги интерактив суд хизматлари ишга туширилади.

2027 йил

  • “Рақамли суд” тизими республикадаги барча суд органларида тўлиқ жорий этилади.

Суд ишларини автоматлаштириш ва маълумотлар алмашинуви

2025 йил якунига қадар қуйидагилар амалга оширилади:

  • Тергов органлари билан судлар ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.
  • Маъмурий жарималарни электрон кузатиш ва тўлаш учун махсус мобил дастур ишлаб чиқилади.
  • “Рақамли ҳукумат” маълумотлари суд ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинади.

2025 йил 1 октябрга қадар маъмурий ишларга оид барча ҳужжатлар судларга “Э-маъмурий иш” ахборот тизими орқали электрон равишда юборила бошлайди.

Ягона интегратор — “Узинфоком”нинг роли

Қарорга кўра, “УЗИНФОКОМ” МЧЖ суд тизимида ягона интегратор сифатида қуйидаги вазифаларни бажаради:

  • Суд бизнес жараёнларини цифровизация қилиш.
  • Ягона “Рақамли суд” комплексини яратиш ва қўллаб-қувватлаш.
  • Суд ахборот тизимларини бошқа идоралар тизимлари билан интеграция қилиш.
  • Барча ускуналар, дастурлар ва инфратузилмаларни етказиб бериш ва жорий этиш.

Шу билан бирга, Ягона интеграторга тўғридан-тўғри шартнома тузиш ва олдиндан тўлов қилиш имкони берилади.

Хулоса

“Рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши Ўзбекистон суд тизимида инқилобий қадам бўлиб, адолатни таъминлашда тезкорлик, шаффофлик ва фуқаролар учун қулайликни янада оширади. Сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши эса суд ишларини автоматлаштириб, инсон омили таъсирини камайтириш, хатоларни қисқартириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бу қарор мамлакатда ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди ва 2027 йилга бориб Ўзбекистон суд тизими тўлиқ рақамли, замонавий ва жаҳон стандартларига мос шаклга келиши кутилмоқда.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                                Н.Номозов

Суд тизимида жорий этилган интерактив хизматларнинг коррупция хавфини камайтиришдаги ўрни ва ахамияти

       Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-141-сонли Фармон билан энг аввало судлар фаолиятига сунъий интелект технологияларини жорий этиш учун техник таъминотни яхшилаш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, суднинг интерактив хизмат турларини кенгайтириш орқали коррупция хавфини камайтириш, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратишга эътибор қаратилганлигин. Мазкур фармон ижроси билан суд ишларини электрон шаклда юритиш, ишларни қоғоз шаклидан воз кечиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб борилади, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризани судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интелект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятлари яратилади.

         Суд тизимида ахборот коммуникация техналогияларини кенг жорий этиш коррупцион омилларни бартараф этибгина қолмай балки фуқароларга қулайлик хамда судга нисбаттан ишончни ортишига сабаб бўлмоқда. 

      Бугинги кунда Олий суд томонидан жорий этилган интерактив хизматлар том маънода фуқаролар ва тадбиркорлик субьектлари учун асосий фойдаланиладиган инструменга айланиб бормоқда. Буни судларда жорий этилган интерактив хизмат турларининг кенгайтирилиши хамда ундан фойдаланувчиларнинг сони кундан кунга ортиб бораётганлигининг ўзи мисол бўла олади.

      Шу билан бирга интерактив хизматлар оммалашиб бориши билан судларда коррупцион холатларнинг камаяётганлиги, суд тизимида жорий етилган ахборот тизимлари не чоғлик ахамиятлилигини кўрсатибгина қолмай ушбу техналогияларни янада кунг жорий етиш кераклигини талаб этмоқда.

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ-140-сон фармонига кўра республикамизда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  1. Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
  1. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реэстрини юритиш;
  1. Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;
  1. Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

5.Судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш;

6.Иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;

  1. “Рақамли суди” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.

       2025 йил якунига қадар, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида “Рақамли суди” концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилади.

     Қуйидагиларни назарда тутувчи 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш учун қуйидагича дастур тасдиқланди:

  1. 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;
  1. 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;
  1. 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;
  1. 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш.
  1. 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш каби вазифалар қўйилган.     

Қашқадарё вилоят маъмурий суди

 АКТ бўлими бош консультанти                                                                Н.Азимов

Қарши туманлараро маъмурий суди 

АКТ ходими                                                                                                Ж.Омонов

Интерактив хизматларнинг коррупция хавфини камайтиришдаги ўрни ва ахамияти

 

Давлатлатимиз раҳбари томонидан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар барчамиз учун қувонарлидир. Ушбу ислоҳотлар нафат суд тизимини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини
оширишда, балки фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамият касб этади.

 Одил судлов сохасида коррупцияни олдини олиш чоралари

Суд ҳокимияти — давлатнинг учинчи тармоғи бўлиб, унинг асосий вазифаси — қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашдир. Бироқ суд тизимида коррупция мавжуд бўлса, бу нафақат адолатни, балки бутун давлатнинг обрўсини ва фуқароларнинг ишончини йўқотади. Шу боис суд тизимида коррупцияни олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Дунё бўйича суд соҳасида коррупциянинг асосий сабаблари:

1. Судьялар ва ходимлар учун маош ва ижтимоий кафолатларнинг пастлиги.

2. Назорат ва ҳисобдорлик тизимининг сустлиги.

3. Суд жараёнларининг ёпиқлиги ва шаффоф эмаслиги.

4. Судьяларни танлаш ва тайинлашда адолатли механизмлар йўқлиги.

5. Ахборот технологияларининг етарли даражада жорий этилмаганлиги.

Коррупцияни олдини олишнинг асосий йўналишлари:

1. Суд тизимининг институционал мустақиллигини таъминлаш.

Судьялар фақат қонунга бўйсунсин, ижро ва қонун чиқарувчи органлар таъсирини чеклаш зарур. Судьяларни тайинлаш, лавозимдан озод этиш ва интизомий жазолашда мустақил орган — Судьялар кенгаши фаолиятини кучайтириш лозим.

2. Суд жараёнларини рақамлаштириш ва очиқликни таъминлаш.

Барча суд қарорларини очиқ электрон базада эълон қилиш, суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш ва “Электрон суд” тизимини жорий этиш лозим.

3. Судьяларни танлаш ва баҳолашда адолатли тизим яратиш.

Судья лавозимига танловни очиқ ва холис ўтказиш, фаолиятни мунтазам баҳолаш ҳамда малака сертификатини янгилаб бориш зарур.

4. Судьялар учун муносиб моддий шароит яратиш. Маош ва ижтимоий кафолатларни ошириш, уй-жой, тиббий суғурта ва хизмат автомашиналари каби имкониятлар яратиш лозим.

5. Ахборот хавфсизлиги ва этика назоратини кучайтириш. Суд жараёнларига аралашиш ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш учун ахборот аудит тизимини жорий этиш лозим.

6. Фуқаролик жамияти ва ОАВ иштирокини кучайтириш.

Суд фаолиятини жамоатчилик ва журналистлар назоратига очиқ қилиш, нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш лозим.

7. Халқаро стандартлар ва тажрибани жорий этиш.

8. ЕХҲТ, GRECO, UNODC каби халқаро ташкилотлар тавсияларини миллий тизимга имплементация қилиш ва халқаро малака дастурларини ташкил этиш зарур.

Рақамли технологияларнинг аҳамияти

Суд жараёнларини автоматлаштириш инсон омилини камайтиради. Иш тақсимотини автоматик тарзда аниқлаш судьянинг ишни танлаш имкониятини йўққа чиқаради. Электрон имзо ва блокчейн технологиялари ҳужжатларнинг сохталаштирилишининг олдини олади.

Хулоса

Хорижий мамлакатлар ижобий тажрибаси шуни кўрсатадики, суд соҳасида коррупцияни бартараф этиш фақат жазо орқали эмас, балки профилактика, очиқлик ва инсон капиталига сармоя киритиш орқали амалга оширилади. Шаффофлик, рақамлаштириш, мустақил судьялар корпуси ва жамоатчилик назорати — одил судлов тизимининг асосий устунларидир.
Бу тамойиллар асосида Ўзбекистонда суд тизимида коррупцияга қарши кураш
самарадорлиги ошади ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи мустаҳкамланади.

Қашқадарё вилоят маъмурий

 суди судьялари                                                                

У.Самандаров

Х.Давлатов

 

Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-141-сонли фармони ижросини таъминлаш ҳақида.

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичи сифатида юқори малакали кадрлар тайёрлашни тубдан янги даражага олиб чиқишга қаратилган муҳим қарор қабул қилинди. Ушбу чора-тадбирлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Янги тизимнинг асосий мақсадлари

Суд тизими учун кадрлар тайёрлаш жараёнини халқаро стандартлар даражасига чиқариш мақсадида қуйидаги устувор йўналишлар белгиланди:

  • замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга судья кадрлар корпусини шакллантириш;
  • судялик лавозимига номзодларни тайёрлаш ва амалдаги судялар ҳамда суд аппарати ходимларининг малакасини мунтазам ошириш;
  • ўқув жараёнига интерфаол, амалиётга йўналтирилган услубларни жорий этиш;
  • коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш механизмларини мустаҳкамлаш;
  • судья ва номзодларда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдалана олиш кўникмаларини ривожлантириш;
  • фан, таълим ва амалиётнинг узвий интеграциясини таъминлаш;

хорижий суд-ҳуқуқ мактаблари билан ҳамкорликни кенгайтириш.

Одил судлов академиясини ташкил этиш — ислоҳот маркази

Судялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди. Академия:

  • “бўлажак судяни судя ўқитади” тамойили асосида ишлайди;
  • юридик шахс мақомидаги ихтисослашган давлат таълим ва тадқиқот муассасаси ҳисобланади;
  • судялар олий мактабининг ҳуқуқий вориси сифатида унинг барча вазифаларини амалга оширади;

Академия ректори Президент томонидан тайинланиб, Олий суд раисининг ўринбосарига тенг мақомга эга бўлади. Проректорлар ва профессор-ўқитувчилар Олий суд судяларига тенг меҳнат шароитлари, моддий рағбат ва имтиёзларга эга бўлади.

Судяларни қайта тайёрлашнинг янги тизими

2025 йил 1 октябрдан бошлаб, судялик лавозимларига номзодлар олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинади. Янгиликлар:

  • ўқиш давлат гранти асосида;
  • тингловчиларнинг иш жойи ва лавозими сақланади;
  • ҳар ойда судя ёрдамчисининг ойлик маошига тенг стипендия тўланади;
  • қабул жараёни тестлар, ёзма имтиҳон ва суҳбат орқали амалга оширилади;
  • ўқув жараёни “назария — амалиёт — имитация” тамойили асосида ташкил этилади;
  • “виртуал суд” машғулотлари жорий этилган;
  • курсни муваффақиятли якунлаганларга сертификат берилади ва улар судялик танловларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сертификат олган бўлиб, уч йил давомида судяликка ариза бермаган ёки таклиф этилган лавозимни рад этганлар ўқиш давридаги стипендияни давлатга қайтариши шарт.

Судя ва суд аппарати ходимларининг малакасини оширишning янги тартиби

Академияда малака ошириш қуйидаги меъёрлар асосида амалга оширилади:

  • 5 йиллик судялар — ҳар 2 йилда 2 ҳафта;
  • 10 йиллик судялар — ҳар 3 йилда 2 ҳафта;
  • Олий суд судялари ва муддатсиз судялар — ҳар 3 йилда 1 ҳафта;
  • фаолияти паст баҳоланган судялар — мажбурий 2 ҳафта;
  • суд аппарати ходимлари — ҳар 2 йилда 1 ҳафта.

Шунингдек, раҳбар кадрлар захирасидаги судялар икки ойлик қайта тайёрлаш курсларидан ўтишлари шарт.

“Суд фаолияти” бўйича амалий магистратура

2026/2027 ўқув йилидан Академияда:

  • суд фаолиятига ихтисослашган бир йиллик амалий магистратура йўлга қўйилади;
  • кундузги ва кечки таълим шакллари жорий этилади;
  • диплом — давлат намунасида;
  • қабул параметрлари Судялар олий кенгаши томонидан тасдиқланади;
  • ўқиш тўлов-контракт асосида бўлади.

 

Қабул қилинган чора-тадбирлар суд тизими учун профессионал, халол, мустақил ва замонавий тафаккурга эга кадрлар корпусини шакллантиришга хизмат қилади. Одил судлов академиясининг ташкил этилиши суд таълими, илмий тадқиқот ва амалиётнинг ягона марказга бирлашишига, суд тизимидаги инсон ресурсларини халқаро стандартлар даражасида ривожлантиришга замин яратади.

 

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                                Н.Номозов

 

Skip to content