Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш – ривожланган фуқаролик жамиятигнинг кафолатидир

       2023 йил 28 апрель куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида Қашқадарё вилоят ва туманлараро маъмурий  суди судьялари ва суд ходимлари, Қашқадарё вилоят судининг судьялари, Қашқадарё вилоят прокуратураси, Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси, Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармаси, Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходимлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида, Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 833-сон Қонунининг мазмун-моҳиятини ёритиш мақсадида Қашқадарё вилоят маъмурий судида ташкил этилган илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди.

           Мазкур тадбирда вилоят маъмурий судининг раиси Б.Қиличов маъруза қилиб, ўз маърузасида  Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш мақсадида бир қатор амалий ишлар амалга оширилибгина қолмай, бу борада салмоқли қонунчилик ҳужжатлари ҳам қабул қилинганлиги, хусусан, жорий йилнинг 26 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 833-сонли Қонуни бунга яққол мисол бўла олишини, мазкур Қонун билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини, эътиборли жиҳати Қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш юзасидан уларни анчадан бери қийнаб келаётган муаммолар ҳам ўз ечимини топганлигини билдириб, Қонунни ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилиш, унинг мазмун моҳиятини ёритиш мақсадида ташкил этилган тадбир юзасидан сўз навбатини бирма-бир маърузачилар ва тадбир иштирокчиларига берди.

         Савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари ва таклифлари билан юзланиб, фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.