Конституция лойиҳаси ва референдум тартибининг умумий тушунчаси

       Мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш, айниқса суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.
       Мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди-ки, бу мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устивор йўналиши ҳисобланади.
    Юртимизда 2023 йил 30 апрелда референдум ўтказиш белгиланган Конститциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади. Авваламбор, референдум тушунчаси ва мазмунига тўхталиб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларини қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларининг умумхалқ овоз беришдир.
      Референдум сўзи – лотинча referendum сўзидан олинган бўлиб, “айтилиши керак”, “айтилиши зарур” деган маънони англатади. Референдум – бу халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, тўғридан-тўғри демократиянинг муҳим институтларидан бири ҳисобланади. Референдум ўтказиш тартиби ва унинг асослари Ўзбекистон Республикасининг “Референдум тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади. Янги Конституция лойиҳасига тўхталиб ўтадиган бўлсак, моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда.
     Янги конституциянинг ҳар бир моддасида инсон ҳуқуқлари ўз ифодасини топган.Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши қайд этилган ва бу ҳаётий ҳақиқатга айланади.
     Бундан ташқари, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳуқми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор бошқа муҳим бўлган қоидалар белгиланмоқда.
        Конституциявий қонун лойиҳасининг суд тизимига бағишланган бобида ҳам бир қатор янги нормалар киритилган бўлиб, жумладан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмоқда.
      Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Янги Конституциянинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш бўйича қилинган муҳим қадам ҳисобланади ва бу халқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган давр сифатида тарихга муҳрланади.



Қашқадарё вилоят

маъмурий суди судьяси                                                                      О.Бекназаров