Янги Конституция-қонунийликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишнинг асоси сифатида
Мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш, айниқса суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.
Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш; ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш ва бир қатор бошқа ислоҳатларни амалга ошириш белгиланди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳатлари жараёнида, мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди-ки, бу мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳатларнинг муҳим устивор йўналиши ҳисобланади.
Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрелда референдум ўзказиш белгиланган Конститциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишнинг Конституциявий асослари белгиланмоқда-ки, мазкур нормалар амалдаги Конституцияда мавжуд эмас.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши қайд этилган ва бу ҳаётий ҳақиқатга айланади.
Бундан ташқари, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳуқми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор бошқа муҳим бўлган қоидалар белгиланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасининг суд тизимига бағишланган бобида ҳам бир қатор янги нормалар киритилган бўлиб, жумладан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмоқда.
Хулоса шуки, янги Конституциянинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш бўйича қилинган муҳим қадам ҳисобланади ва бу ҳалқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган давр сифатида тарихга муҳрланади.
Қарши туманлараро маъмурий судининг
судьяси, Судьялар олий мактаби
мустақил изланувчиси. У.Самандаров