Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси

      Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ТЎҒРИСИДА” Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 11-моддадан ибрат бўлиб, қонуннинг 1-моддаси билан 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди. Янги таҳрирдаги Конституция 65 фоизга янгиланган бўлиб, 1 майдан эътиборан кучга кирди.

       Бунга қадар 1992 йилдан буён констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, расмийларга кўра, конституция 65 фоизга янгиланган.

      Янги Конституцияга мувофиқ, Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Бошқарувнинг республика шакли – давлат ҳокимиятининг олий органлари халқ томонидан муайян муддатга сайланишини англатади.

      Суверен давлат – ўз ҳудудида тўла-тўкис мустақил ҳукмронлик ва мутлақ юрисдикцияга эга бўлиш демакдир.

       Демократия эса халқ ҳокимиятини ифода этиб, давлат бошқарувида сайланиш ва ўз вакилларини сайлаш орқали барчанинг тенг ҳуқуқли иштироки таъминланишини кўзда тутади.

        Ҳуқуқий давлатда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.

     Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.

      Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позицияни эгаллайди.

      Янги конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек, 154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидадан иборат банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.

     Конституциянинг 15-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Бу хусусда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 16-сонли қарор қабул қилинди.

       Конституциянинг янги таҳририга асосан: Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Ижтимоий муносабатлар чексиз шаклларга эга, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ кодификация қилиб чиқиш амалда имконсиз. Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади. Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.

       Конституцияга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

      Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади. Шунингдек, конституцияга яна бир қатор нормалар ҳам қўшилган, жумладан: Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади. Бир сўз билан айтганда, янги Кноституциянинг қабул қилиниши халқимизнинг фаровон турмуш кечириши учун ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилишга асос бўлади.

 

 

Қашқадарё вилоят маъмурий суди

судьяси У.М.Кадиров