Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби

      Ўзбекистон Республикасининг Давлат божи тўғрисидаги қонунининг 7-моддасида, давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати ушбу Қонун билан белгиланади.

        2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолади деб кўрсатилган.

      Мазкур Қонуннинг 10-моддасида, маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби белгиланган.

           Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

1) тадбиркорлик субъектлари — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;

2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берилган аризалар бўйича;

3) нодавлат нотижорат ташкилотлари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

4) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

5) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

6) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича;

7) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;

8) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;

9) юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган аризалар (шикоятлар) бўйича;

10) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар (шикоятлар) юзасидан;

11) мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан;

12) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги аризалар (шикоятлар) юзасидан;

13) тарафлар — муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги ишлар юзасидан;

14) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга доир ишлар юзасидан;

15) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган аризалар (шикоятлар) юзасидан.

          Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 9, 11 ва 12-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.



Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                      Б.Нармуратов

«Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ва ушбу жиноятларга бериладиган жазо турлари» мавзусида Косон тумани маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди

           2023 йил 16 апрель куни жиноят ишлари бўйича Косон туман суди судьяси Ғ.Остонов “Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ва ушбу жиноятларга бериладиган жазо турлари” мавзусида Косон тумани “Косон” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раиси ва маҳалла фаоллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида давра суҳбати ўтказди.
          Давра суҳбатида судья Ғ.Остонов гиёҳвандлик билан жиноятлар оғир жиноят эканлиги, уни содир этган шахсларга нисбатан жаз муқаррар эканлиги ҳақида гапириб ўтди.
       Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди судьяси Ғ.Остонов гиёҳвандлик билан жиноятлар учун қонунчиликда белгиланган жазолар ҳақида гапириб ўтди.

Янги Конституция-қонунийликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишнинг асоси сифатида

     Мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш, айниқса суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.

       Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш; ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш ва бир қатор бошқа ислоҳатларни амалга ошириш белгиланди.

       Суд-ҳуқуқ ислоҳатлари жараёнида, мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди-ки, бу мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳатларнинг муҳим устивор йўналиши ҳисобланади.

     Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрелда референдум ўзказиш белгиланган Конститциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишнинг Конституциявий асослари белгиланмоқда-ки, мазкур нормалар амалдаги Конституцияда мавжуд эмас.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши қайд этилган ва бу ҳаётий ҳақиқатга айланади.

    Бундан ташқари, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳуқми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари  ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор бошқа муҳим бўлган қоидалар белгиланмоқда.

     Конституциявий қонун лойиҳасининг суд тизимига бағишланган бобида ҳам бир қатор янги нормалар киритилган бўлиб, жумладан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмоқда.

    Хулоса шуки, янги Конституциянинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш бўйича қилинган муҳим қадам ҳисобланади ва бу ҳалқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган давр сифатида тарихга муҳрланади.  




Қарши туманлараро

маъмурий судининг судьяси                                                             У.Самандаров                

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар

          2023 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган  Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.

       Қонунга асосан 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, унинг янги таҳрири тасдиқланди. Конституциявий Қонун референдум якунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан 2023 йил 1 майда кучга кирди.

      Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар, тўғридан-тўғри амал қилади.

      Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VII боби Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар ҳақида бўлиб, улар қуйидагилар ҳисобланади.

        25-модда.

    Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.

      26-модда.

    Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.

    Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

       27-модда.

    Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

     Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.

      28-модда.

    Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.

     Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.

     Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

    Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

      Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

       29-модда.

     Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

      Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

    Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

    Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

     Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.

      30-модда.

    Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

      Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

      31-модда.

    Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

      Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

    Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

        Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

         32-модда.

       Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.

       Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга.

        33-модда.

       Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

      Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

        34-модда.

    Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

       35-модда.

     Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.




Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                              Б.Нармуратов

Педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жавобгарлик масалалари Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-826-сонли Қонуни мазмун моҳияти

       Сўнги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ҳаётида педагогларнинг ролини ошириш бўйича босқичма-босқич тарзда изчил ишлар олиб борилмоқда.
     Бундан ташқари, ушбу соҳада қабул қилинган ҳамда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бир қанча қонунлар қабул қилинаётганлигини айтиб ўтиш лозим.
          Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 мартдаги ЎРҚ–826-сонли қонуни бу борада янги даврни бошлаб берди десак, муболаға бўлмайди.
    Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси кодексига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
      Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланмоқда.
          Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 1482-моддасига киритилган қўшимчага кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши назарда тутилмоқда.
      Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-826-сонли Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши билан бир қаторда, уларнинг ишчанлик обрўсини ошириб, касбий фаолиятида кузатилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни ҳам олдини олишга хизмат қилади.


Қашқадарё вилоят

маъмурий суди судьяси                                                                   О.Бекназаров

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш-ривожланган фуқаролик жамиятининг кафолатидир

       Мамлакатимизда Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, одил судловнинг чинакам мустақиллигига эришиш мақсадида бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниб, амалиётга татбиқ қилинмоқда.

        Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимига алоҳида тўхталиб, “Илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқамиз”-деб таъкидлаб ўтган эдилар.

         Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида жорий йилнинг 26 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

         Қонун билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

         Хусусан, “Суднинг фаол иштироки” ва “Ягона дарча” принципларига кўра, Маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилиши, суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплаши, ишда иштирок этувчи шахслар ишнинг ҳақиқий ҳолатларини текширишда ва далилларни тўплашда судга кўмаклашиши шарт эканлиги белгиланиб, аризани маъмурий судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад қилиш амалиётига барҳам берилди.

       Маълумки, Қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий судларнинг ижро ҳужжатларига асосан ижро иши юритиш юзасидан давлат ижрочисининг қарорларига нисбатан берилган аризалар иқтисодий судлар судловига таалуқли бўлиб, бошқа ҳолатларда давлат ижрочисининг қарорлари ва ҳаракати(ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар маъмурий судларга тааллуқли бўлган. Бу эса аризачиларда мазкур низолар бўйича мурожаат қилишда судловга тааллуқлилик масаласи бўйича иккиланишларни юзага келтираётган эди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 861-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, давлат ижрочисининг барча қарорлари ва ҳаракати(ҳаракатсизлиги) маъмурий судларга тааллуқли эканлиги белгиланди.

Эндиликда, суднинг фаол иштироки принципидан келиб чиқиб, судлар оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш масаласини ҳам кўриб чиқади.

      Мазкур норма маъмурий орган ва уларнинг мансабдор шахсларини масъулиятларини ошириб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали самарали ҳимоя қилинишига олиб келади.

        Бундан ташқари, Маъмурий суд ишларини юритишда тарафлар ўртасида давом этиб келаётган низоларга барҳам бериш, уларнинг олдини олиш мақсадида, Маъмурий суд ишларини юритишда мутлақо янги “Келишув” институти жорий қилинди. Унга кўра, тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этишлари мумкин бўлади.

        Қонунга асосан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солиниши, суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, дастлабки солинган жариманинг ўн баравари миқдорида суд жаримаси солиниши белгилаб берилди.

        Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур Қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, одил судловга эришиш, маъмурий орган ва уларнинг мансабдор шахслари устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди раиси в.в.б                                                                                                 Б.Қиличов

Судьялар ва суд ходимлари иштирокида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мавзусида маърифат соати бўлиб ўтди

        2023 йил 5 май куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида Қашқадарё вилоят ва туманлараро маъмурий суди судьялари ва суд ходимлари иштирокида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мавзусида маърифат соати бўлиб ўтди.

     Мазкур тадбирда вилоят маъмурий судининг раиси Б.Қиличов ҳамда судья катта ёрдамчиси Ш.Холмахматова томонидан маъруза қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссиясининг жорий йилнинг 1 майдаги қарори билан Янги Конституция қонуний кучга кирганлиги, Конституция
6 бўлим, 27 боб, 155 та моддадан иборатлиги, дастлабки конституцияга нисбатан 65 % га янгиланганлиги таъкидланиб, Конституцияда назарда тутилган асосий тушунчалар ва ундаги моддалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

       Савол-жавоб тарзида ўтган маърифат соатида тадбир иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди ҳамда фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Skip to content