Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби

      Ўзбекистон Республикасининг Давлат божи тўғрисидаги қонунининг 7-моддасида, давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати ушбу Қонун билан белгиланади.

        2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолади деб кўрсатилган.

      Мазкур Қонуннинг 10-моддасида, маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби белгиланган.

           Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

1) тадбиркорлик субъектлари — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;

2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берилган аризалар бўйича;

3) нодавлат нотижорат ташкилотлари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

4) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

5) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

6) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича;

7) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;

8) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;

9) юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган аризалар (шикоятлар) бўйича;

10) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар (шикоятлар) юзасидан;

11) мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан;

12) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги аризалар (шикоятлар) юзасидан;

13) тарафлар — муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги ишлар юзасидан;

14) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга доир ишлар юзасидан;

15) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган аризалар (шикоятлар) юзасидан.

          Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 9, 11 ва 12-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.



Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                      Б.Нармуратов