Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш-ривожланган фуқаролик жамиятининг кафолатидир

       Мамлакатимизда Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, одил судловнинг чинакам мустақиллигига эришиш мақсадида бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниб, амалиётга татбиқ қилинмоқда.

        Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимига алоҳида тўхталиб, “Илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқамиз”-деб таъкидлаб ўтган эдилар.

         Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида жорий йилнинг 26 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

         Қонун билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

         Хусусан, “Суднинг фаол иштироки” ва “Ягона дарча” принципларига кўра, Маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилиши, суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплаши, ишда иштирок этувчи шахслар ишнинг ҳақиқий ҳолатларини текширишда ва далилларни тўплашда судга кўмаклашиши шарт эканлиги белгиланиб, аризани маъмурий судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад қилиш амалиётига барҳам берилди.

       Маълумки, Қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий судларнинг ижро ҳужжатларига асосан ижро иши юритиш юзасидан давлат ижрочисининг қарорларига нисбатан берилган аризалар иқтисодий судлар судловига таалуқли бўлиб, бошқа ҳолатларда давлат ижрочисининг қарорлари ва ҳаракати(ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар маъмурий судларга тааллуқли бўлган. Бу эса аризачиларда мазкур низолар бўйича мурожаат қилишда судловга тааллуқлилик масаласи бўйича иккиланишларни юзага келтираётган эди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 861-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, давлат ижрочисининг барча қарорлари ва ҳаракати(ҳаракатсизлиги) маъмурий судларга тааллуқли эканлиги белгиланди.

Эндиликда, суднинг фаол иштироки принципидан келиб чиқиб, судлар оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш масаласини ҳам кўриб чиқади.

      Мазкур норма маъмурий орган ва уларнинг мансабдор шахсларини масъулиятларини ошириб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали самарали ҳимоя қилинишига олиб келади.

        Бундан ташқари, Маъмурий суд ишларини юритишда тарафлар ўртасида давом этиб келаётган низоларга барҳам бериш, уларнинг олдини олиш мақсадида, Маъмурий суд ишларини юритишда мутлақо янги “Келишув” институти жорий қилинди. Унга кўра, тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этишлари мумкин бўлади.

        Қонунга асосан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солиниши, суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, дастлабки солинган жариманинг ўн баравари миқдорида суд жаримаси солиниши белгилаб берилди.

        Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур Қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, одил судловга эришиш, маъмурий орган ва уларнинг мансабдор шахслари устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди раиси в.в.б                                                                                                 Б.Қиличов