Суд ҳужжатларини қайта кўришнинг ўзига ҳос хусусияти
Апелляция шикояти бериш (протест келтириш) ҳуқуқи
Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса апелляция протести келтиришга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақлидир, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.
Суднинг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Суд ҳужжатларини қайта кўришда туманлараро маъмурий суднинг ҳал қилув қарори устидан берилганда – Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўриб чиқилади.
Ҳудудий ҳарбий суднинг ҳал қилув қарори устидан берилганда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан кўриб чиқилади.
Апелляция шикояти (протести)ни бериш тартиби:
Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.
Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати:
Агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.Бундан ташқари, судга махсус комиссиянинг қарори устидан шикоят қилинганида, иш бўйича жавобгар сифатида махсус комиссиянинг ишчи органи бўлган давлат органи жалб этилиши керак.
Апелляция шикоятининг (протестининг) шакли ва мазмуни:
Апелляция шикояти (протести) судга ёзма шаклда берилади ва шикоятни (протестни) берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) апелляция шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;
2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, талабнинг предмети;
4) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ҳамда шикоят (протест) берган шахснинг қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, иш ҳолатларига ва далилларга ҳавола қилган ҳолда ҳал қилув қарорини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослари;
5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Апелляция шикоятида шикоят бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Апелляция шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган, бу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларни юбориши ёки тилхат билан шахсан топшириши керак.
Апелляция шикоятига (протестига) илова қилинадиган ҳужжатлар
1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикояти ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
3) апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, вакилнинг уни имзолашга доир ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.
Апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга протестнинг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Аризани (шикоятни) қайтариш ёки аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган ариза (шикоят) ва уни судга бериш чоғида унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш тартиби ва муддати
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш масаласи шикоят (протест) иш билан бирга судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси суди судьяси томонидан якка тартибда ҳал қилинади.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, ишда иштирок этувчи шахслар бу ҳақда уч кунлик муддатда хабардор қилинади.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш
Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади. Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) кўриш бўйича суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш
Судья апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:
1) апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
2) апелляция шикояти (протести) қонунчиликка мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;
3) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;
4) апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатининг тикланиши рад этилган бўлса;
5) апелляция шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим мавжуд бўлса.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, апелляция шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади. 210-модда. Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш Апелляция шикояти (протести) судья томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:
1) апелляция шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
2) апелляция шикоятига (протестига) унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаган бўлса;
3) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат апелляция шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
4) апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарорини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса;
5) апелляция шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;
6) апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида ариза тушган бўлса.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) қайтариш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар билан бирга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан кассация шикояти (протести) берилиши мумкин. Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, апелляция шикояти (протести) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоят (протест) берган шахс апелляция шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
Апелляция инстанцияси суди томонидан ишни кўриш тартиби
Апелляция инстанцияси суди ишни суд мажлисида ушбу бобда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда биринчи инстанция судида кўриш қоидалари бўйича кўради.
Апелляция инстанцияси судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги; ишга учинчи шахсларни жалб этиш тўғрисидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.
Апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди, бундан жамият ёки давлат манфаатларини кўзлаб қўзғатилган ишлар бўйича прокурорнинг келмаганлиги мустасно.
Апелляция шикоятидан воз кечиш. Апелляция протестини чақириб олиш
Апелляция шикояти берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли. Суд шикоятдан воз кечишни ушбу Кодекс 136-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича рад этишга ва ишни апелляция тартибида кўришга ҳақли.
Апелляция протести келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли.
Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш доираси
Суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.
Апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.
Биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинмайди ва кўрилмайди.
Апелляция шикоятини (протестини) кўриш муддати
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади. Алоҳида ҳолларда апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати суд раиси томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.
Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича:
1) суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;
2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;
3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;
4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
5) ушбу Кодекс 220-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандиданазарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.
Ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар қуйидагилар:
Ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;
2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;
3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;
4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.
Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:
1) қўлланилиши лозим бўлган қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;
2) қўлланилиши мумкин бўлмаган қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг қўлланилганлиги;
3) қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Қуйидаги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги ҳар қандай ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади:
1) иш суд томонидан ноқонуний таркибда кўрилганлиги;
2) ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги;
3) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоидалар ишни кўриш чоғида бузилганлиги;
4) ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;
5) ҳал қилув қарорининг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;
6) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги, унинг имзоланмаганлиги ёки ушбу Кодекс 176-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланганлиги ёхуд, агар суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаганлиги;
7) билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги;
8) судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоиданинг бузилганлиги.
Апелляция инстанцияси судининг қарори
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.
Апелляция инстанцияси судининг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:
1) апелляция инстанцияси судининг номи, қарорни қабул қилган суд таркиби, суд мажлиси котиби;
2) ишнинг рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;
3) апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;
4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
5) талаб предмети;
6) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;
7) иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;
8) апелляция шикоятида (протестида) келтирилган ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текшириш тўғрисида талаб билдирилишига доир асослар;
9) апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;
10) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;
11) апелляция инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар; суд қарорни қабул қилишда амал қилган қонунлар ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари; суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ва ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунларни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигига доир сабаблар;
12) агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўлиқ ёки қисман бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди унинг хулосаларига қўшилмаганлигининг сабаблари;
13) агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар;
14) апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар.
Апелляция инстанцияси судининг қарорида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилади. Суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган тақдирда, суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ишни янгидан кўраётган суд томонидан ҳал этилади.
Апелляция инстанцияси суди қарорининг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 161-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Қарши туманлараро
Маъмурий суди судья ёрдамчиси Н.Эшқурбонов