Янгиланган Конституциямизда назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ҳақида

        Маълумки, Конституция–мамлакат, миллат ва халқ сифатида шаклланишга, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги улкан қадамдир.

       Айтиш жоизки, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди. Халқимизнинг ўзи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи бўлди.

      Умуман, янги таҳрирдаги Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уни таъминлаш борасида мукаммал ҳужжатга айланди десак муболаға бўлмайди.

   Келинг, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак.

      Хусусан, унинг 25-модасида: “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши”; жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошига гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги (28-модда), уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши, уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши (31-модда), фуқаролар меҳнатга ҳақ олишнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда адолатли ҳақ олиш, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши (42-модда), ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиши аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш каби умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган.

       Шунингдек, яна бир энг муҳим Конституциявий норма бу–инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги белгиланганидадир.

      Бу билан, мамлакатимизда қонун устувор, инсон ҳуқуқлари топталмас эканлиги ҳақидаги позиция яна бир бор ўз ифодасини топди.

      Мухтасар қилиб айтганда, Конституциямиз фаровон келажагимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан бир қаторда, чинакам ривожланган фуқаролик жамиятини барпо этишимизга хизмат қилади.


Қашқадарё вилоят

маъмурий суди судьяси                                                                   О.Бекназаров