Мулк ҳуқуқининг кафолати жамият ривожига хизмат қилади

        Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириши, уларга бу борада шароитлар яратилиши бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоясининг кафолатланиши тадбиркорлик субъектлари ривожи учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Зеро, тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши ва ривожланиши иқтисодий тарақққиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиб, бу масала мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўзагини ташкил қилади.

       Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот доирасида белгиланган мулкий муносабатларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сонли “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувига йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан 2022 йил 1 сентябрдан ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш тартибини бекор қилиш белгиланди.

Фармоннинг мақсади мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, Фармон билан мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш, мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш, хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш, бу ҳақда учинчи шахсларга кўрсатма бериш, мол-мулкни ва унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этишга аралашиш, бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш, мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш, мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш, мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланиши ҳамда мансабдор шахслар ва хизматчиларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланилишига асос бўлиши белгилаб қўйилди.

            Мол-мулк ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган ушбу Фармон билан мол-мулкдан суднинг қарорисиз маҳрум қилиш мумкин эмаслигини қатъий белгилаш, гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан «Хабеас корпус» институтини, бунда, суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш назарда тутилди.

         Мол-мулкнинг суд тартибида ҳимояланиши ҳалқаро амалиётда синовдан ўтган тартиб бўлиб, бу жараённинг қонунчилигимизда такомиллаштирилиши мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

Шу ўринда, маъмурий судларнинг бу борадаги роли катта бўлиши билан бир қаторда, маъмурий судлар зиммасига катта масъулият юкланишини ҳам таъкидлаш жоиз. Чунки, қонунчилик ислоҳотлари билан маъмурий судлар томонидан мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан суд назоратини қўллаш соҳаси кенгайтирилиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошишига хизмат қилади.





Қашқадарё вилоят маъмурий

 судининг судьяси                                                                              Б.Ахмедов

 

Солиқ органлари устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатларининг ўзига хос ҳусусиятлари

            Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотларни амалга оиришда авваламбор солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш, солиқларнинг турлари ва уларнинг амал қилиш меҳанизимини соддалаштириш  муҳим масалалардан ҳисобланади.

           Миллий қонунчилигимизга кўра, ҳар бир шахс солиқ органларнинг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар ушбу шахснинг фикрига кўра, бундай ҳужжатлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) унинг ҳуқуқларини бузса, шикоят бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қуйилган.

           Хусусан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 137-моддасига кўра, солиқ текшириувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

           Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

            Солиқ органлари солиқ текширувларнин қуйидаги турларини ўтказади:

           -камерал солиқ текшируви;

            -сайёр солиқ текшируви;

             -солиқ аудити.

             Юқорида келтирилган солиқ текширувлари ўтказилган вақтларда одатда жисмоний ва юридик шахсларда бирқанча эътирозлар ва тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.

             Хўш ўз ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаётган жисмоний ва юридик шахслар қандай тартибида ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларни тиклаш мақсадида  шикоят қилишлари мумкин?

             Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 124-моддасига кўра, Давлат солиқ хизмати органининг қарори, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят давлат солиқ хизматининг тегишли юқори турувчи органига ёзма шаклда берилади.

             Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят солиқ тўловчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан ўттиз кун ичида берилади. Шикоятга уни асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

              Солиқ кодексининг 125-моддасига асосан Давлат солиқ хизмати органининг қарори, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоят давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи томонидан шикоят олинган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.

              Давлат солиқ хизмати органининг қарори, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш якунларига биноан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи қуйидагиларга ҳақли:

           -қаноатлантирмасдан қолдириш;

           -давлат солиқ хизмати органининг шикоятга сабаб бўлган қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш.

           -Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш якунларига биноан мазмунан қарор чиқаришга ҳақли.

            Давлат солиқ хизмати юқори турувчи органининг шикоят юзасидан қарори ўттиз кун ичида қабул қилинади. Шикоят берган шахсга қабул қилинган қарор тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ёзма шаклда маълум қилинади.

           Агар давлат солиқ хизмати юқори турувчи органининг шикоят юзасидан қароридан жисмоний ва юридик шахс ёҳуд уларнинг вакиллар норози бўлса, судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.

           Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, солиқ давлат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида жуд муҳим ўрин эгаллайди. Чунки давлат бюджетини шакллантириш асосий манба айнан солиқ тушимлар ташкил этади.

Солиқ қонунчилигини доимий такомиллаштириб, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитни яратишда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Қарши туманлараро

 маъмурий суди судьяси                                                           Б.Умиров

Мустаққилик байрами муносабати билан бир гурух суд ходимлари фахрий ёрлиқ билан тақдирланди

          Мамлакатимиз мустаққиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоят маъмурий судида байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрам тадбирида рахбарият томонидан жон куяр, мехнаткаш ва фидоий бир гурух суд ходимлари табрикланиб фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини  ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ  ишларнинг ўзига хос хусусиятлари

        Мамлакатимизда янги ташкил этилган маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни кўриб чиқиш ваколатига эга. Шу пайтга қадар бу турдаги низолар, хусусан, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан кўриб келинган эди.

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 4-моддасига мувофиқ, манфаатдор шахс, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, прокурор, шунингдек, бошқа шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ваколатли айрим фуқаролар ва давлат органлари маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас ва унинг мансабдор шахси ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан, башарти бу қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли унинг:

ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган;

ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини амалга оширишда тўсқинлик яратилган;

зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклатилган;

у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсқинлик яратилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

      Маъмурий органлар деганда, давлат бошқаруви органлари (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сонли Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, марказлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади.

         Қарор деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан якка ёки коллегиал тарзда қабул қилинган ва муайян ҳуқуқий оқибат туғдирувчи ҳужжат тушунилади.

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қарорлар белгиланган шаклда (масалан, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари қарорлари) ёки эркин тарзда (масалан, фуқаронинг мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабар) қабул қилиниши мумкин.

         Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилади.

      Ҳаракатсизлик деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар (лавозим йўриқномалари, низомлар, регламентлар, буйруқлар) билан юклатилган мажбуриятни бажармаслик тушунилади.

Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) низолашилаётган орган жойлашган ёхуд мансабдор шахс ишлайдиган жойдаги туман (шаҳар) маъмурий судига берилади.

       Турли жойларда бўлган бир нечта жавобгарга нисбатан талаб қўйилганда, ариза (шикоят) аризачининг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган жойдаги судга тақдим этилади.

Агар маъмурий орган жойлашган жой унинг ваколати амалга ошириладиган ҳудудга тўғри келмаса, ариза ўша орган ўз мажбуриятларини бажараётган жойда фаолият кўрсатаётган судга берилади.

       Қарорни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳаракатни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) МСИЮтК 128, 187-моддаларига мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланган бўлиши лозим.

     Ариза (шикоят) шакли ва мазмунига нисбатан МСИЮтК 187-моддасида белгиланган талабларни инобатга олиб, унда жумладан, қуйидагилар кўрсатилиши керак:

қандай қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётганлиги;

маъмурий органнинг номи;

мансабдор шахснинг фамилияси ва исм-шарифининг бош ҳарфлари;

қарорнинг реквизитлари;

аризачининг аниқ қандай ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;

аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) қайси қонун ҳужжатига зид эканлиги;

шунга ўхшаш шикоят бўйсунув тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга берилган-берилмаганлиги ва агар берилган бўлса, қандай жавоб олинганлиги.

       Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК 67-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, мазкур тоифага оид ишлар бўйича низолашилаётган қарорнинг, ҳаракатнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунийлигини исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган ёки низолашилаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган орган ёки мансабдор шахс зиммасига юклатилади.

Ишни тўғри ҳал қилиш мақсадида, суд ўз ташаббуси билан далилларни талаб қилиб олишга ҳақли.

       Ишни мазмунан кўриб чиқишда, суд аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларни, хусусан, қуйидагиларни синчковлик билан текшириши лозим:

маъмурий орган, мансабдор шахс қарор қабул қилиш ёки ҳаракатни амалга ошириш ваколатига эга ёки эга эмаслигини. Қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кўра, қарор қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, ҳаракатни амалга ошириш ёки амалга оширмаслик маъмурий орган ёки мансабдор шахс ихтиёрига берилган ҳолда, суд бундай қарор қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, ҳаракатни амалга ошириш ёки амалга оширмаслик мақсадга мувофиқлигини баҳолашга ҳақли эмас (масалан, муайян шахсни мукофотлаш тўғрисида ҳужжат қабул қилмаганликда ифодаланган ҳаракатсизлик устидан шикоят қилинганда);

маъмурий орган ёки мансабдор шахс томонидан қарор қабул қилиш, ҳаракатни амалга ошириш тартибига риоя этилган-этилмаганлигини, башарти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай талаблар (шакл, муддатлар, асослар, тартиб-тамойил ва ҳ.к.) белгиланган бўлса. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қарор қабул қилиш, ҳаракатни амалга ошириш тартибига риоя қилмаслик, фақат, башарти бу ҳолат унинг қонунийлигига таъсир қилган ҳолдагина, аризани (шикоятни) қаноатлантириш учун асос бўлиши мумкин;

низолашилаётган қарор, содир этилган ҳаракат (ҳаракатсизлик) мазмуни мазкур ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мос келиш-келмаслигини.

Қабул қилинган қарорлар, содир этилган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) ноқонунийлиги ҳақида далолат берувчи юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг ҳеч бўлмаганда биттасининг мавжудлиги аризани (шикоятни) қаноатлантиришга асос бўлиши мумкин.




Қарши туманлараро маъмурий

суди судьяси                                                                                                 Б.Б.Муинов

 

Эндиликда, мулк ҳуқуқи дахлсизлиги ишончли ҳимоя қилиниши кафолатланади, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувларга йўл қўйилмайди

          Президентимиз жорий йилнинг 22 август куни тадбиркорлар билан учрашув чоғида, тадбиркорларнинг ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларини бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилиши, барча ҳокимлар мулк ҳуқуқига оид қарорларини улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги, ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас деб топиш мумкинлигини таъкидлаб ўтдилар.

        Бу бежизга эмас, чунки ҳозирги кунда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тадбиркорларга ер ажратилган бўлса-да, маълум бир вақтдан сўнг, уларнинг ўзлари томонидан бекор қилиб, тадбиркорларни ортиқча сарсонгарчилигига йўл қўйиб, мазкур амалиёт тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда эди.

Ҳозирда тадбиркорларнинг мазкур ҳуқуқлари маъмурий судлар томонидан тикланиб, уларнинг қонуний фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар бартараф қилинмоқда.  

         Тадбиркор “БЕК” маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, Қарши шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 мартдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Мазкур иш суд томонидан атрофлича кўриб чиқиб, шаҳар ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорнинг ҳуқуқлари суд томонидан тикланди.

Жумладан, Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 20 февралдаги
қарори билан “БЕК” нодавлат таълим муассасасига доимий фойдаланиш билан ер берилган.

         Ушбу қарор прокурор протестига асосан бекор қилинган.

Иш суд мажлисида кўриш чоғида, аризачи “БЕК” нодавлат таълим муассасаси томонидан таълим муассасаси тўлиқ қурилиб, жиҳозланиб, фойдаланишга топшириш арафасида турганлиги маълум бўлди.

Бундай ҳолда, виждонан ҳаракат қилган тадбиркорнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланиши лозим бўлади.

      Шу боис, шаҳар ҳокимлиги аризачи “БЕК” нодавлат таълим муассасасининг ишончи қонун билан ҳимоя қилиниб турган бир вақтда, прокурор протестига асосан маъмурий орган ўзининг қарорни бекор қилиб, барвақт хулосага келган деб ҳисоблаб, суд томонидан тадбиркорнинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.

Ушбу мисол орқали ўз-ўзидан савол туғилади.

      Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг мақсади нимага қаратилган?

Албатта, фуқаролар ва тадбиркорларни бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклашга қаратилган.

Шундай экан, судлар томонидан ишни кўришда Кодекснинг 2-моддасига мувофиқ, маъмурий суднинг вазифаларидан бири маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

         Республикамизда бўлаётган ўзгаришлар фуқаролар ва тадбиркорларни ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга қаратилган бир вақтда, маъмурий судлар ишларни кўришда мазкур нормага таянган ҳолда амалга оширма мақсадга мувофиқ бўларди.




Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                                     А.Р.Мухиддинов

 

 

Қашқадарё вилоят маъмурий судининг 2022-йил 1-ярими давомида одил судловни амалга ошириш борасида олиб борилган ишлар тўғрисида ахборот

       Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида бошланган том маънодаги демократик ўзгаришлар ва қамрови кенг суд ислоҳотлари натижасида Ўзбекистон суд тизими тарихида илк бор умумюрисдиксия судларидан алоҳида фаолият юритадиган маъмурий судлар ташкил этилди.

       Бундан кўзланган асосий мақсад, янги жамиятнинг стратегик мақсадига айланган маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, хусусан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинлари, қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ низоларни адолатли тарзда кўриб чиқишдир.

       2017 йил 1 июндан ўз фаолиятини бошлаган маъмурий судлар бошқа судларга нисбатан янги институт бўлишига қарамасдан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатларни кўриб чиқиб, уни қонуний ҳал қилиш юзасидан маълум бир суд амалиётини шакллантирди.

       Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиниш борасидаги мурожаатлари йил сайин кўпайиб бормоқда.

Қуйидаги суд статистикаси фикримизга яққол мисол бўла олади.

Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йил ярим йилида 679та оммавий ҳуқуқий низолардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 329таси яъни 48,4 фоизи аризалар қаноатлантирилган.

2022 йил 2-чораги давомида тадбиркорлик субъектлари даъвогар бўлган ишлар жами 114тани ташкил этган. Шундан 54та маъмурий иш бўйича тадбиркорлик субъектларининг шикоятлари қаноатлантирилиб, уларнинг ҳуқуқлари тикланган.

2022 йилнинг 2-чорагида жами кўриб чиқилган 679та маъмурий ишдан 176таси (25,9%) сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 113та хусусий ажримлар чиқарилган.

2022 йилнинг 2-чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонасидан жами 124та мурожаат келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 35таси суд ҳужжатларидан норозилиги юзасидан, 5таси суд ҳужжатлари ижроси юзасидан, 84таси башқа масалалар бўйича мурожаатларни ташкил этган. Келиб тушган барча мурожаатларга ўз вақтида жавоб берилган.

Шунингдек, 99 маротаба оммавий ахборот воситаларида тарғибот ўтказилган, шундан 17таси телевидение орқали, 17таси радио орқали амалга оширилган, 36 та газета ва журналлар орқали, 29 та веб сайтларда мақолалар чоп этилди.

2022 йилнинг 2-чораги мобайнида:

– ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида жами 219та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 75та ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Ҳокимлик идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш тўғрисида 22та маъмурий иш кўрилиб, шундан
5та маъмурий иш бўйича мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган;

– солиқ органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида жами 36 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 17 та солиқ органларининг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Солиқ идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш тўғрисида 18 та маъмурий иш кўрилиб, шундан 5 та маъмурий иш бўйича мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган;

– мажбурий ижро бюросининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида жами 58та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 12та мажбурий ижро бюросининг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Мажбурий ижро бюроси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш тўғрисида 23та маъмурий иш кўрилиб, шундан 1та маъмурий иш бўйича мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган. Қарши шаҳар ҳокимининг 36та қарори ҳақиқий эмас деб топилган, 3та иш бўйича мансабдор шахснинг ҳатти-ҳаракати(ҳаракатсизлиги) ғайриқонуний деб топилган.

Миришкор туман ҳокимининг 14та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Қарши туман ҳокимининг 6та қарори ҳақиқий эмас деб топилган, 1та иш бўйича мансабдор шахснинг ҳатти-ҳаракати(ҳаракатсизлиги) ғайриқонуний деб топилган.

Косон туман ҳокимининг 3та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Яккабоғ туман ҳокимининг 3та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимининг 3та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Ғузор туман ҳокимининг 2та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Чироқчи туман ҳокимининг 2та қарори ҳақиқий эмас деб топилган, 4та иш бўйича мансабдор шахснинг ҳатти-ҳаракати(ҳаракатсизлиги) ғайриқонуний деб топилган.

Касби туман ҳокимининг 1та қарори ҳақиқий эмас деб топилган;

Китоб туман ҳокимининг 1та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Шаҳрисабз туман ҳокимининг 2та қарори ҳақиқий эмас деб топилган, 2 та иш бўйича мансабдор шахснинг ҳатти-ҳаракати(ҳаракатсизлиги) ғайриқонуний деб топилган.

Нишон туман ҳокимининг 1та қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Қарши шаҳар, Миришкор ва Қарши туман ҳокимларининг қарорлари энг кўп ҳақиқий эмас деб топилган.

      Қашқадарё вилоят туман маъмурий судлари томонидан шикоят аризалар қаноатлантирилиб туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳокимият мансабдор шахсларининг ҳатти-ҳаракат(ҳаракатсизлигини) ғайриқонуний деб топиш ҳақида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган маъмурий ишлар ўрганиб чиқилиб, туманлар кесимида таҳлил қилинганида қуйидагилар аниқланди.

       Кўрилган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаги, ҳокимлик идоралари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги Қонун нормаларига амал қилинмаётганлиги, уларнинг қарорларини суд томонидан ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлмоқда. Шунингдек, ҳокимлик идоралари томонидан қабул қилинган қарорлар ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги устма-уст қарорлар қабул қилинишига олиб келмоқда.

      Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги Қонун нормаларига амал қилмасдан, гаровда турган мол-мулкларни аукционга чиқариш тўғрисидаги қабул қилган қарорлари суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.

Солиқ идораларининг камерал текширув материалларини кўриб чиқиш тўғрисида қабул қилаётган кўплаб қарорлари суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилмоқда. Солиқ идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 14-моддаси қўпол равишда бузилаётганлиги солиқ идоралари томонидан қабул қилинган қарорлар ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келмоқда.

      Мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилиши натижасида бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан:

биринчидан, маъмурий органлар билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзаро мулоқот механизмлари, жумладан улар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар ва уларни кўриб чиқиш тубдан такомиллаштирилди;

иккинчидан, маъмурий органлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги таъминланди ва бунинг натижасида уларнинг хизматларидан фойдаланиш имкониятлари соддалаштирилди ва кенгайтирилди;

учинчидан, давлат органлари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга ошириш мақбуллаштирилди;

тўртинчидан, янги ташкил этилган туманлараро маъмурий судлар жойлашуви тарқоқ ва узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.

Skip to content