Мулк ҳуқуқининг кафолати жамият ривожига хизмат қилади

        Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириши, уларга бу борада шароитлар яратилиши бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоясининг кафолатланиши тадбиркорлик субъектлари ривожи учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Зеро, тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши ва ривожланиши иқтисодий тарақққиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиб, бу масала мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўзагини ташкил қилади.

       Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот доирасида белгиланган мулкий муносабатларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сонли “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувига йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан 2022 йил 1 сентябрдан ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш тартибини бекор қилиш белгиланди.

Фармоннинг мақсади мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, Фармон билан мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш, мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш, хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш, бу ҳақда учинчи шахсларга кўрсатма бериш, мол-мулкни ва унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этишга аралашиш, бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш, мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш, мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш, мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланиши ҳамда мансабдор шахслар ва хизматчиларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланилишига асос бўлиши белгилаб қўйилди.

            Мол-мулк ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган ушбу Фармон билан мол-мулкдан суднинг қарорисиз маҳрум қилиш мумкин эмаслигини қатъий белгилаш, гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан «Хабеас корпус» институтини, бунда, суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш назарда тутилди.

         Мол-мулкнинг суд тартибида ҳимояланиши ҳалқаро амалиётда синовдан ўтган тартиб бўлиб, бу жараённинг қонунчилигимизда такомиллаштирилиши мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

Шу ўринда, маъмурий судларнинг бу борадаги роли катта бўлиши билан бир қаторда, маъмурий судлар зиммасига катта масъулият юкланишини ҳам таъкидлаш жоиз. Чунки, қонунчилик ислоҳотлари билан маъмурий судлар томонидан мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан суд назоратини қўллаш соҳаси кенгайтирилиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошишига хизмат қилади.





Қашқадарё вилоят маъмурий

 судининг судьяси                                                                              Б.Ахмедов