“Айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиштўғрисида”ги қонунга ЎРҚ-1003-сонли қонун билан ўзартириш ва қўшимчалар ҳақида.

Ушбу қонун билан кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари “Нотариат тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллар тоифасига киритилиши назарда тутилган.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади.

Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас.

Терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио-, видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

Ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар сифатида фойдаланиладиган нарсалар, ҳужжатлар, электрон маълумотлар ва бошқа ёзувлар ҳодиса содир бўлган жойни ёки бошқа жойларни, биноларни, шунингдек техника воситаларини, телекоммуникация тармоқларини ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғини кўздан кечириш чоғида, таниб олиш учун кўрсатиш, гувоҳлантириш, мурдани эксгумация қилиш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, кўрсатувни ҳодиса юз берган жойда текшириш чоғида, олиб қўйиш, тинтув ёки эксперимент ўтказиш чоғида олиниши мумкин ёхуд улар ушбу Кодекснинг 198 — 202-моддаларида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахсига, суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга тақдим этилиши мумкин.

Ашёвий, ёзма ва рақамли далилларни сақлаш, шунингдек ушбу далилларнинг экспертизага юборилганлиги ёки жиноят иши бошқа терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органига, прокурорга ёхуд судга ўтказилганлиги муносабати билан уларни бошқа жойга юбориш чоғида ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар йўқолишининг, шикастланишининг, бузилишининг, бир-бирига қўшилиб ёки аралашиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилиши керак.

Ишни ўтказишда у билан бирга юборилаётган ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар илова хатда ёки унга илова қилинаётган рўйхатда санаб ўтилади. Бундан ташқари айблов хулосасига ёки айблов далолатномасига илова қилинган маълумотномада ишдаги мавжуд барча ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар ҳар бирининг қаерда эканлиги кўрсатилган ҳолда бирма-бир санаб ўтилган бўлиши керак.

Ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар почта ёки чопар орқали етказиб берилганда терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья олинган далилларни холислар иштирокида, зарур бўлган ҳолларда эса эксперт ёхуд мутахассислар иштирокида кўздан кечиради ва уларни илова хати ёки рўйхати билан солиштиради. Кўздан кечириш жараёни ва натижалари тўғрисида баённома тузилади.

Ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар улар ҳақидаги масала суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан ёхуд терговга қадар текширувни амалга ошираётган орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ишни тугатиш тўғрисидаги қарори билан ҳал қилинмагунига қадар сақлаб турилади. Ушбу Кодекснинг 210-моддасида назарда тутилган ҳолларда ашёвий далиллар тўғрисидаги қарор иш юритиш тамом бўлгунига қадар қабул қилиниши мумкин.

 

 

Қарши туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                              З.Ж.Умирзаков

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ЎРҚ-1032-сонли қонун билан ўзартириш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳақида.

Аввало шуни айтиш керакки, ушбу ўзгартириш қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 15 октябрда қабул қилинган бўлса-да сенат томонидан 2025 йил 24 январда маъқулланди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланишини барқарорлаштиришга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилишни соддалаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бироқ энергия ресурслари истеъмолчилари томонидан тўлов интизоми даражасининг пастлиги иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчиларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурслари барқарор етказиб берилишини ҳамда сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш учун етказиб берилган энергия учун тўлов бўйича қарзларни ўз вақтида ундириш зарурияти юзага келган.

Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилганлик учун давлат божи тўланиши назарда тутилмоқда. Шу билан бирга аккредитациянинг қайси даври учун давлат божи тўланиши аниқлаштирилди.

Ушбу Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилинганда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар давлат божини тўлашдан озод этилишини, шунингдек уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда мазкур давлат божини ушбу етказиб берувчилардан ундириш имкониятини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Шунингдек чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилишда давлат божини тўлаш ҳар бир йил учун амалга оширилишини аниқлаштирувчи ўзгартириш киритилди.

Мазкур Қонун истеъмолчилар томонидан қарзларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлашга, аҳолининг сифатли иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш бўйича хизматлар билан таъминланганлик даражасини оширишга, шунингдек чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилганлик учун давлат божи тўлаш тартибини аниқлаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш ҳамда унинг амал қилиш муддатларини амал қилишнинг ҳар бир йили учун узайтириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 48 баравари ундириш белгиланди.

 

Қарши туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                             З.Ж.Умирзаков

 “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган Ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги 937-сонли қарори ҳақида.

Ушбу Қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун:

1) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;

2) фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;

3) ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (бундан буён матнда Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари деб юритилади) томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига;

4) 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида икки йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно);

5) фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;

6) 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;

7) хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;

8) фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди- деб маъруза қилди.

Маърузачи йиғилиш иштирокчиларини қизиқтирган саволларига жавоб берди.

Шунинг билан йиғилишга якун ясалди.


Қарши туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                     З.Ж.Умирзаков

 


Қарши туманлараро маъмурий суди судьяси А.Дониёров Миришкор туманида саёр суд мажлиси ўтказди.

Қарши туманлараро маъмурий судининг судяси А.Дониёров томонидан Миришкор туманининг Оқмачит маҳалласида сайёр суд ташкил этилди. Очиқ тарзда ўтказилган ушбу суд жараёнида маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги” қонунининг мазмун моҳияти тўғрисида

      Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни 2024 йил 5 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиши давлат ташкилотлари фаолиятида уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик каби иллатларига чек қўйишга ҳуқуқий асос бўлди.
      “Манфаатлар тўқнашуви” хизмат бурчи билан шахсининг шахсий манфаатлари ўртасидаги зиддиятни ўз ичига олади. Агар манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланмаса ва тўғри бошқарилмаса, улар ташкилотларнинг яхлитлигига жиддий таҳдид солиши, давлат ва хусусий секторда коррупциянинг авж олишига олиб келиши мумкин. Манфаатлар тўқнашуви бутун дунёда жамоатчиликни ташвишга соладиган асосий муаммога айланди. Бундан ташқари, бизнес ва нотижорат секторлари билан тобора кўпроқ ҳамкорлик қилаётган давлат сектори мансабдор шахсларнинг шахсий манфаатлари ва уларнинг хизмат (лавозим) мажбуриятлари ўртасидаги зиддиятнинг янги шаклларини юзага келтирмоқда. Коррупцияга қарши курашиши механизмлари ишламай, манфаатлар тўқнашуви коррупцияга айланса, давлат ҳокимияти институтларининг обрўси синовдан ўтказилади ва уларга нисбатан ишончсизлик кучаяди. Хусусий секторда ҳам корпоратив бошқарувдаги камчиликларнинг асосий сабаби сифатида манфаатлар тўқнашуви аниқланган.
      Шундан келиб чиқиб, манфаатларни тақиқлаб бўлмасада, уларни тўғри бошқариш кераклиги ҳар бир инсоннинг манфаатлари борлигини тушуниш ва тан олиш муҳим ҳисобланиб, кучли ва консолидацияланган тизимида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўймаслик ва уларни самарали бошқариш демократик ютуқларни ҳимоя қилишнинг калити ҳисобланади.
      Қабул қилинган Қонунда юқоридаги мақсадлар мужассам бўлиб, бу ўз навбатида биринчи навбатда унинг тушунчасида акс этганини кўришимиз мумкин, яъни, Қонун билан “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига аниқ тариф берилиб, бунинг натижасида шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чекловлар белгиланди.
   Шунингдек, шахснинг шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазиятларни тартибга солиш қоидалари белгилаб берилди.
    Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 5 июндаги ПҚ–210-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан қуйидаги ишлар амалга ошириш белгиланди:
давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш механизмларини самарали жорий этиш имкониятларини таҳлил қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлувчи ҳолатларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка мувофиқ бўлган чораларнинг кўрилишида ягона амалиётни шакллантириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, савдо платформалари ва бошқа дастурий таъминотлари Қонун билан белгиланган талабларга мувофиқ такомиллаштирилишини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ҳамкорлигини ривожлантириш чораларини кўриш;
жамиятда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш.
       Манфаатлар тўқнашуви вазиятлари давлат органлари ва ташкилотларининг кўплаб муносабатларида вужудга келаётганлигини инобатга олган ҳолда, уларни аниқлаш ва тартибга солиш ҳар бир давлат ташкилоти раҳбарининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
     Ўз навбатида, кўплаб манфаатлар тўқнашуви вазиятлари қонунчилик ҳужжатларида аниқ тартибга солинган бўлсада, айрим муносабатларда вужудга келиши мумкин бўлган мазкур вазиятларни тартибга солиш учун Қонунда белгиланган тартибга амал қилинишини тақозо этади.
Мазкур қоидаларни амалга татбиқ этиш учун барча давлат органлари ва ташкилотларига манфаатлар тўқнашувига оид қоидаларга риоя қилиш мажбурияти юкланмоқда.


Қашқадарё вилоят
маъмурий суди судяси                                                                                     У.Кадиров

“Ўзбекистон-2030” стратегиясидан кўзланган мақсад-ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли фаровонлигига эришишдир

      2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конститусияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конститусиявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

       Янги таҳрирдаги Конститусияга мувофиқ ўтказилган президентлик сайлови яна бир бор жамиятимизнинг сиёсий етуклиги, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватлаганидан далолат бермоқда.

     Шу билан бирга, янгиланган конститусиявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

      Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2023 йил
11 сентябрдаги 158-сонли “Ўзбекистон-2030” стратегияси қабул қилинди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;

аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;

аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;

халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;

мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ғоялари акс эттирилган.

1. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш.

2. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш.

3. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.

4. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувиини ташкил этиш.

5. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилигига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

       Йўналиш бўйича, аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини (тугмали) светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш.

      Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш.

       Судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш.

Маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш.

      Судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш.

       Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш.

        Маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизиниэлектрон шаклда келиб тушишига эришиш.

           Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизидаҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш.

        Суд тизимини бошқаришга судяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш.

       Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш.

       Бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш.

         Ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва ҚР коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш.

       Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш.

Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизинихусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш.

         Жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш.

         100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш.

        Адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигинитаъминлаш.

       Адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш.

        Адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш. Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш.

   «Транспаренcй Интернатионал» халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш.

      Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш. Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш. Давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш.

         100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш масалалари киритилган.


Қашқадарё вилоят

маъмурий суди судяси                                                        У.Кадиров

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ЎРҚ-931-сон Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига (бундан буён матнда давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан;

ўз устав фондида (устав капиталида) ушбу модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.

Манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият.

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

холислик;

коррупцияга нисбатан муросасизлик.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғида:

махсус бўлинмага маслаҳат сўраб мурожаат этиш;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда кўрсатилиши керак бўлган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотларни электрон ёки ёзма шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими:

ўз лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини виждонан бажариши ва уларнинг бажарилишига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўз шахсий манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши;

лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўзининг бевосита раҳбарини (ташкилот раҳбари — юқори турувчи раҳбарни) ёки махсус бўлинмани хабардор қилиши;

ўзининг бевосита бўйсунувидаги ходимларни ёки бошқа ходимларни бевосита ёки билвосита ўзининг шахсий манфаатларини кўзловчи ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) мажбурламаслиги;

ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот назорати остидаги ташкилотдан ёки унинг таркибий бўлинмасидан ишга қабул қилиш тўғрисида таклифлар келиб тушганлиги ҳолати ҳақида бир иш куни ичида хабар бериши;

бошқа ходимларга нисбатан ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисида хабар бериши;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш мақсадида махсус бўлинманинг сўровига кўра маълумотлар тақдим этиши шарт.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ёки бошқа ташкилотлардан сўраб олади ва ўрганади;

давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўрганади;

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;

Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;

давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсияларни эълон қилади;

манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади;

махсус бўлинмалар ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни, уларда тегишли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитишни ташкил этади;

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённомани тузади ва уни кўриб чиқиш учун судга юборади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бераётган давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, шунингдек жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг манфаатлар тўқнашуви юзага келаётган яқин қариндошининг фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда) ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимига алоқадор шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборот.

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни ўз ичига олиши, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ва (ёки) унинг бевосита раҳбарининг (айрим ҳолларда, унинг ўринбосарининг) ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак.

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва аниқлашда иштирок этадиган ходимларга ишониб топширилган ёхуд уларга касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлиб қолган шахсларнинг шахсга доир маълумотларини ошкор этишга йўл қўйилмайди.

Ушбу Қонун фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судяси                                                       Б.Э.Абдимуминов

 

 Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан ЎРҚ-1047-сон Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида

Мамлакатимизда айни вақтда давлат органлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг, хусусан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилиб келинмоқда.

Президентимиз таъкидлаганларидек, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга ошириш, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарур, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз лозим. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаш зарур.

Шу билан бирга, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.

Шу ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-1047-сон Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судяси                                                       Б.Э.Абдимуминов

 

 “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”

Янги Ўзбекистон тараққиётининг замонавий босқичида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида жамият ва давлат ҳаётида маъмурий судларнинг ўрни ва роли муттасил ортиб бормоқда. Маъмурий судларга нисбатан ишонч ортиб бораётганлигини жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинаётган мурожаатлар сони кўпаяётгани ҳам кўрсатиб туради.

Мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусий сектор, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошиб боришига олиб келмоқда. Бу биз маъмурий судларда солиқ органларининг қарорлари ёки солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан берилаётган ариза (шикоят)ларнинг ортиб бораётганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда «фаол иштирок этиш» тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.

Шу ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил
30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўийач қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли Қарори қабул қилинган.

Мазкур концептуал ҳужжат “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишга, малакали тиббий хизмат кўрсатишга, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратишга қаратилган.

“Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқчил давлат” миллий дастурини ишлаб чиқиш. Давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган мурожаатларнинг Мурожаатлар билан ишлаш ягона онлайн платформасида юритилишини таъминлаш. Мурожаатларнинг давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши муддати ва сифати устидан «рақамли назорат» ўрнатиш. Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилишни назарда тутади.

Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.

Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепсияси тасдиқланган.

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди судяси                                                       Б.Э.Абдимуминов

 

Skip to content