Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини  ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ  ишларнинг ўзига хос хусусиятлари

        Мамлакатимизда янги ташкил этилган маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни кўриб чиқиш ваколатига эга. Шу пайтга қадар бу турдаги низолар, хусусан, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан кўриб келинган эди.

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 4-моддасига мувофиқ, манфаатдор шахс, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, прокурор, шунингдек, бошқа шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ваколатли айрим фуқаролар ва давлат органлари маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас ва унинг мансабдор шахси ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан, башарти бу қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли унинг:

ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган;

ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини амалга оширишда тўсқинлик яратилган;

зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклатилган;

у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсқинлик яратилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

      Маъмурий органлар деганда, давлат бошқаруви органлари (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сонли Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, марказлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади.

         Қарор деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан якка ёки коллегиал тарзда қабул қилинган ва муайян ҳуқуқий оқибат туғдирувчи ҳужжат тушунилади.

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қарорлар белгиланган шаклда (масалан, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари қарорлари) ёки эркин тарзда (масалан, фуқаронинг мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабар) қабул қилиниши мумкин.

         Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилади.

      Ҳаракатсизлик деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар (лавозим йўриқномалари, низомлар, регламентлар, буйруқлар) билан юклатилган мажбуриятни бажармаслик тушунилади.

Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) низолашилаётган орган жойлашган ёхуд мансабдор шахс ишлайдиган жойдаги туман (шаҳар) маъмурий судига берилади.

       Турли жойларда бўлган бир нечта жавобгарга нисбатан талаб қўйилганда, ариза (шикоят) аризачининг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган жойдаги судга тақдим этилади.

Агар маъмурий орган жойлашган жой унинг ваколати амалга ошириладиган ҳудудга тўғри келмаса, ариза ўша орган ўз мажбуриятларини бажараётган жойда фаолият кўрсатаётган судга берилади.

       Қарорни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳаракатни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) МСИЮтК 128, 187-моддаларига мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланган бўлиши лозим.

     Ариза (шикоят) шакли ва мазмунига нисбатан МСИЮтК 187-моддасида белгиланган талабларни инобатга олиб, унда жумладан, қуйидагилар кўрсатилиши керак:

қандай қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётганлиги;

маъмурий органнинг номи;

мансабдор шахснинг фамилияси ва исм-шарифининг бош ҳарфлари;

қарорнинг реквизитлари;

аризачининг аниқ қандай ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;

аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) қайси қонун ҳужжатига зид эканлиги;

шунга ўхшаш шикоят бўйсунув тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга берилган-берилмаганлиги ва агар берилган бўлса, қандай жавоб олинганлиги.

       Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК 67-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, мазкур тоифага оид ишлар бўйича низолашилаётган қарорнинг, ҳаракатнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунийлигини исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган ёки низолашилаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган орган ёки мансабдор шахс зиммасига юклатилади.

Ишни тўғри ҳал қилиш мақсадида, суд ўз ташаббуси билан далилларни талаб қилиб олишга ҳақли.

       Ишни мазмунан кўриб чиқишда, суд аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларни, хусусан, қуйидагиларни синчковлик билан текшириши лозим:

маъмурий орган, мансабдор шахс қарор қабул қилиш ёки ҳаракатни амалга ошириш ваколатига эга ёки эга эмаслигини. Қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кўра, қарор қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, ҳаракатни амалга ошириш ёки амалга оширмаслик маъмурий орган ёки мансабдор шахс ихтиёрига берилган ҳолда, суд бундай қарор қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, ҳаракатни амалга ошириш ёки амалга оширмаслик мақсадга мувофиқлигини баҳолашга ҳақли эмас (масалан, муайян шахсни мукофотлаш тўғрисида ҳужжат қабул қилмаганликда ифодаланган ҳаракатсизлик устидан шикоят қилинганда);

маъмурий орган ёки мансабдор шахс томонидан қарор қабул қилиш, ҳаракатни амалга ошириш тартибига риоя этилган-этилмаганлигини, башарти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай талаблар (шакл, муддатлар, асослар, тартиб-тамойил ва ҳ.к.) белгиланган бўлса. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қарор қабул қилиш, ҳаракатни амалга ошириш тартибига риоя қилмаслик, фақат, башарти бу ҳолат унинг қонунийлигига таъсир қилган ҳолдагина, аризани (шикоятни) қаноатлантириш учун асос бўлиши мумкин;

низолашилаётган қарор, содир этилган ҳаракат (ҳаракатсизлик) мазмуни мазкур ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мос келиш-келмаслигини.

Қабул қилинган қарорлар, содир этилган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) ноқонунийлиги ҳақида далолат берувчи юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг ҳеч бўлмаганда биттасининг мавжудлиги аризани (шикоятни) қаноатлантиришга асос бўлиши мумкин.




Қарши туманлараро маъмурий

суди судьяси                                                                                                 Б.Б.Муинов