Судлар фаолиятини рақамлаштириш

         Юртимизда судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг ва босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, низоларни ўз вақтида кўриш, одил судловга бўлган ишончни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим омил бўлиб келмоқда.

         2020 йилнинг 3 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг“Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинганлиги ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, судларда ишларни кўришда мутасадди идоралар билан маълумот алмашинувини интеграция қилиш орқали ортиқча “қоғозбозликка” бутунлай чек қўйишда алоҳида аҳамият касб этди.

         Хусусан, ушбу қарор билан ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш, суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларни комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичидаги вазифалари этиб белгиланди.

         Ушбу қарор асосида ишлаб чиқилган 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастурида белгиланган айрим чора-тадбирлар ҳақида эътироф этсак.

         Дастурда жорий йилнинг 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш, 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш ҳамда 2021 йил 1 октябрдан эса барча ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш тартиби жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

 

 

 

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                               Бекназаров Ойбек

Суд ҳуқуқ тизими-ислоҳотларнинг янги босқичи

      Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, кейинги тўрт йилда  суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўтган даврда судлар тузилмаси замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди.  Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил қилинди.

            Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш , аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан аёл судьяларни қўллаб қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

            Инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди. 2017 йилга қадар 6 суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги йилларда бу инстанциялар сони учтага қисқарди. Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилиб, биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияларидан иборат бўлган “Бир-суд бир инстанция” тамойили жорий қилинди.

            Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб, бу борада ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёт йўлга қўйилди.  Судлар томонидан қабул қилинган қарорлар Олий суднинг веб сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда. Айниқса, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борада шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

            Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар  мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил суд самарадорлигини бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузини ошишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

            Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида “Адолат бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўрин эгаллайди” деган фикрларини суд соҳасидаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши нечоғли аҳамиятга эга эканлигини яққол тасдиқлайди.

            Шу ўринда суд тизимининг янги бир соҳаси, маъмурий судлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. 2021 йил 1 январдан суд тизимининг ушбу соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, туман(шаҳар)лардаги маъмурий судлар тугатилиб, вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлар ташкил қилиниб, маъмурий судларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш ваколати, туман(шаҳар) жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.  Ташкил этилган туманлараро маъмурий судлари ва вилоят маъмурий судлари  оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид низоларни кўришга ихтисослаштирилди.

            Оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг  асосий хусусияти сифатида унда иштирок этувчи томонларнинг бири бўлиб, давлат ҳокимияти субъектининг иштирок этиши белгиланган.  Шу билан бирга, оммавий ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари сифатида бир томонда жисмоний ва юридик шахслар, иккинчи томонда давлат органлари билан бир қаторда ҳокимият ваколатларига эга бўлган субъектлар, масалан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари бўлади.

         2018 йил 25 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида кодексининг 26-моддасига биноан, Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ёки ушбу соҳадаги низода иккинчи томон сифатида давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятини амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари намоён бўлади.

         Маъмурий судларнинг хорижий давлатлардаги фаолиятига назар солсак, 150 йиллик тарихга эга бўлган Германия маъмурий суди 19 асрда янги шаклланиб келаётган буржуазиянинг монарх ҳокимиятини чеклаш учун тузилганлигини кўриш мумкин.  Маъмурий органлар монарх қўлида, яъни бўйсунувида бўлган. Буржуазия маъмурий органларнинг парламент томонидан қабул қилинган қонунларга асосан фаолият юритишини талаб қилган. Айни шу ҳолат  қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилган. Мустақил маъмурий судлар маъмурий органнинг қонунларга риоя қилишини суд тартибида назорат қилган.

Хулоса ўрнида халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки мамлакатимизда 2017 йилда маъмурий судларнинг ташкил этилиши ва 2021 йилда бу соҳани такомиллаштирилиши мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳимоясини кафолати бўлиб хизмат қилади.

Қашқадарё вилоят маъмурий

 судининг судьяси                                                                  Баҳриддин Ахмедов

       

Одам савдоси – инсон эркинлигига таҳдид

      Одам савдосининг бутун инсониятга хавф солаётган глобал муаммо эканини бугун кўпчилик яхши билади. Унинг турлари, шакллари ва одамларни тузоққа туширишда ишлатиладиган усуллари ҳақида матбуотда бот-бот маълумот бериб келинаётганига қарамай, ушбу уюшган трансмиллий жиноят кўлами кундан-кунга кенгайиб, унинг домига тортилаётганлар сони кўпайиб бормоқда.

      Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра 2012 йили 20,9 млн. нафар одам мажбурий меҳнат ва шаҳвоний эксплуатация қурбони бўлган. Бу Австралия аҳолиси сонига тенг дегани.

      «Walk Free Foundation» ташкилоти томонидан 2014 йили эълон қилинган «Глобал қуллик индекси» («Global Slavery Index»)да одам савдоси қурбонлари сони янада ўсгани қайд этилади. Унга кўра мазкур рақам 35,8 млн.ни ташкил этади.

      Одам савдоси оқибатида инсонлар товарга айланадилар. Яъни улар сотиб олиниши ёки сотиб юборилиши, ҳатто ҳадя қилиниши ҳам мумкин. Мазкур уюшган трансмиллий жиноят мажбурий меҳнат, шаҳвоний хизматларга мажбурлаш, инсон аъзоларини трансплантант қилиш, чақалоқларни сотиш, инсонларни тиланчиликка мажбурлаш, мажбурий никоҳ ва репродуктив вазифалар эксплуатацияси (сунъий оналик, мажбурий бола туғиш), ёлланма аскарлик каби кўринишларда намоён бўлади.

      Аксарият ҳолларда аёллар ва болалар, аҳолининг ижтимоий кам таъминланган қатлами вакиллари одам савдосининг қурбонига айланаяпти. Айрим давлатларнинг иқтисодий тараққиётида катта тафовут мавжудлиги, одамларни меҳнатга мажбурлаш ва арзон ишчи кучини жалб этиш орқали харажатларни камайтириш ҳамда фойдани кўпайтиришга интилиш, гендер тенгсизлик муаммоси инсоният учун шармандали бўлган ушбу жиноятнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.

      Одам савдоси жинояти аллақачон глобал «саноат»га айланиб улгурган. Мазкур «бизнес» орқали олинадиган миллиардлаб ноқонуний даромад салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра 2014 йили мажбурий меҳнат орқали қўлга киритилган даромад 150 млрд. АҚШ долларини ташкил этган. Бунинг энг кўп қисми Осиё мамлакатлари (51,8 млрд. АҚШ доллари) ҳамда Осиёга туташ иқтисодиёти тараққий этган давлатлар (46,9 млрд. АҚШ доллари) ҳиссасига тўғри келмоқда.

      Одам савдоси жабрдийдалари инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқ ва қадр-қимматидан маҳрум бўлиб, улардан тахминан 70 фоизи мажбурий меҳнат, 20 фоизи эса шаҳвоний қулдорлик улушига тўғри келади. БМТ гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг сўнгги маълумотларига кўра одам савдоси 124 мамлакат ҳудудида учраган, унинг жабрдийдалари 152 давлат фуқаролари ҳисобланади.

      Юқорида таъкидланганидек, одам савдоси трансмиллий характердаги жиноятдир. Жабрланувчилар асосан ўз юртидан бошқа давлатларга транзит қилиш ва чегаралардан ўтказиш орқали пулланади. Мазкур жиноий фаолият бир мамлакат ҳудудида бошланиб, бошқа мамлакат ҳудудида тугаши ёки бир неча давлат ҳудудида содир бўлиши мумкин. Шу боис одам савдосига қарши фақат бир давлат ёки минтақа мамлакатлари кураш олиб боргани билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу иллатга барҳам беришда кенг миқёсли ҳамкорлик талаб этилади. Шу сабабдан ҳам кейинги йилларда ушбу масала БМТ фаолиятининг етакчи йўналишларидан бирига айланди.

      2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастурининг қабул қилиниши одам савдосига қарши курашни халқаро миқёсда янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

      Бундан ташқари, 2000 йили БМТ «Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида»ги протокол (уни «Палермо протоколи» ҳам деб аташади)ни қабул қилди. Бугунги кунда 166 мамлакат мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган мажбуриятларни бажариб келмоқда. Палермо протоколи дунёнинг турли давлатларида одам савдосига қарши кураш борасида ягона ёндашув ишлаб чиқилишига ёрдамлашиш, мазкур жиноий фаолиятга қарши халқаро миқёсда биргаликда курашиш, тергов ва суд қилишга ёрдамлашишга қаратилган. Протокол, шунингдек, одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Мазкур халқаро ҳуқуқий акт БМТнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича глобал ҳаракат дастурига таянади.

      2013 йили Бош Ассамблея Глобал ҳаракат дастурининг қай тарзда амалга оширилаётганини баҳолаш мақсадида юқори даражадаги учрашувни ташкил этди. Унда аъзо мамлакатлар томонидан A/RES/68/192-резолюция қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг 5-бандига мувофиқ одам савдоси жабрдийдалари ҳолати тўғрисидаги хабардорликни ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш зарурати муносабати билан 2014 йилдан бошлаб 30 июль «Жаҳон одам савдосига қарши кураш куни» деб эълон қилинди. Ушбу сана, мана уч йилдирки, БМТга аъзо мамлакатлар, ушбу ташкилот тизимидаги муассасалар, бошқа халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан кенг нишонланмоқда.

      БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Жаҳон одам савдосига қарши кураш куни муносабати билан йўллаган мурожаатида бутун жаҳон ҳамжамиятини барча учун адолат ва қадр-қимматни таъминлаш мақсадида одам савдосига қарши курашиш бўйича бор куч-ғайратни бирлаштиришга даъват этди.

      Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йиллар мобайнида республикамизда одам савдосининг оқибатларини чуқур англаган ҳолда унга қарши курашиш, юртдошларимизни мазкур жиноят қурбонига айланиб қолишдан асраш, ундан жабр кўрганларга ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Кези келганда, мамлакатимизда ушбу соҳада катта тажриба тўпланганини, бу борада ҳатто айрим ривожланган давлатлардан ҳам илгарилаб кетганимизни таъкидлаш жоиз. Шу йилнинг 26 апрелида пойтахтимизда бўлиб ўтган «Одам савдосига қарши курашиш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашган халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги тажрибасини эътироф этишди.

      Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Австрия, Албания, Жанубий Корея, Исроил ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар, юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, прокуратура ҳамда ИИВ органлари, вазирлик, идора, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этишди. Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш аҳволи ва бу борада кўрилаётган чоралар хусусида маълумот берилди. Халқаро экспертларнинг Австрия, Албания, Жанубий Корея, Исроил давлатларида одам савдосига қарши курашиш тизими, Халқаро миграция ташкилотининг мазкур глобал муаммога қарши курашишдаги ўрнига бағишланган маърузалари тингланди. Шу билан бирга, хорижлик меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган чоралар, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларнинг ижроси, соҳага оид қонунчилик базасининг яратилгани юзасидан батафсил тушунтириб берилди.

      Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани бу борадаги ютуқларнинг бош омили бўлмоқда. Бироқ хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Зеро, огоҳлик заруратини ҳис этган ҳолда ҳар томонлама кураш олиб борсаккина юртимизда бу иллатнинг пайини қирққан бўламиз.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                              Бахром Нармуратов

Коррупция миллат кушандаси

           Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат хар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон хуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши курашиш халқаро аҳамият касб этиб, жахон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган. Дунёда коррупциянинг тури хам таснифи ҳам жуда кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича олимлар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Турли кўрсаткичлар ва рақамлар акс этган жадваллар яратилган, ўзига хос рейтинглар тузилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Бу борадаги ишлар ва изланишлар изчил давом этмоқда. Ижтимоий-тарихий вазият, фуқароларнинг хуқуқий дунёқараши, давлат тузилиши, иқтисодий ривожланиш омилларидан келиб чиқиб, хар бир давлат коррупцияга қарши ўзига хос усулларда курашмоқда. Бу борада энг самарали йўл хали топилган эмас. Чунки коррупция бир қарашда оддий жиноят бўлиб кўрингани билан аслида унинг келиб чиқиши ва яшовчанлик сабаблари жуда чигал ва мураккабдир. Республикамизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, 2017-йил 3-январда Президентимиз томонидан имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун тарихий аҳамиятга эга хужжатлардан биридир. 6 боб, 34 моддадан иборат ушбу қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар ва меъёрлар белгиланган. Қонуннинг 4-моддасига кўра коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: қонунийлик; фуқаролар хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги.

        Қонуннинг 5-моддасига кўра коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аҳолининг хуқуқий онги ва ҳуқуқий маъданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантриш, давлат ва жамият хаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; коррупцияга оид хуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид хуқуқбузарликларни содир этганлик учунжавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини таъминлаш.

          Қонун асосида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил                      2-февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур хужжатлар ўз мазмун моҳияти, мақсади билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг янги босқичини бошлаб берди.

          Президентимизнинг 2017 йил 7-февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар статегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга доир давлат дастурида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг ташкилиш-хуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар белгиланганлиги алоҳида қайд этилди. Қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида юқорида кўрсатилган Президентимизнинг қарори билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди. Хаммамиз яхши биламиз, қонун хуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, хуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради. Агар қонун хаётда ишламаса, унинг бир неча вароқ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, “коррупция хақида қонун қабул қилинди, энди хаммаси изига тушиб кетади”, деб ўйлаш хотиржамликка берилиш катта ҳато бўлади. Коррупция балосидан қутилиш, ислоҳатларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида хаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак.

 

 

 

 

Қарши туманлараро

маъмурий судининг судьяси                                           Л.Зайниддинова

Аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонликнинг олдини олишга қаратилган халқаро ва миллий қонунчилик

        Бугунги кунда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда шахсни зўравонликлардан, шу жумладан, оилада содир этиладиган жиноий зўравонликлардан ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамлаб қўйилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув оилани жамият асосидаги гуруҳ деб тан олади ҳамда шахсни оиладаги зўравонликлардан ҳимоя қилади.

        Булар қаторига Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (1948 йил), Таълим соҳасида камситишга қарши кураш тўғрисида Конвенция (1960 й), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт (1966 й), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро пакт (1966 й), Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (1979 й), Пекин декларацияси ва Харакатлар Платформаси (1995 й), Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция (1989 й) киради.

        Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчилик барча иштирокчи давлатлар учун, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

        Миллий қонунчилигимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари устуворлик касб этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида: “Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас“, деб қайд этилган.

        Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, илгари “ёпиқ” бўлган зўравонлик мавзусини кенг ёритиш имконини берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сонли “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида“ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ-3808-сонли “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида“ги Қарори,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги ПҚ-3827-сонли “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4185-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги 3-сон Қарори ва бошқа ҳужжатлардан иборат.

        Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунининг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиш ихтиёрийлиги, 19-моддасида эса, эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши ва улар тенг мажбуриятларга эга эканлиги қайд этилган. 79-моддасида эса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида зўравонликнинг турлари учун жавобгарлик белгиловчи нормалар мавжуд. Зўравонлик йўли билан содир этиладиган жиноий қилмишлар амалдаги Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида белгиланган жазоларни қўллаш таҳдиди билан тақиқланган.

 

        Қарши туманлараро маъмурий судининг судяси Л. Зайниддинова

Қашқадарё вилоят судья ва суд ходимларига “Адолат” ахборот тизимлари ҳамда Интерактив хизматлардан фойдаланиш бўйича тренинг бўлиб ўтди

          Бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ахборот коммуникация технологияларини судлар фаолиятига жорий этиш ва  суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса одил судловни амалга ошириш, судлар фаолиятини очиқлиги ва шаффофлиги, тезкорлигини таъминлашда, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштиришда, аҳолининг судга бўлган ишончини оширишга ёрдам берида.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарорида ҳам суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш юзасидан бир қатор муҳим топшириқлар берилганлиги ҳам бу йўналиш ҳозирги кунда долзарб эканлигини англатади.

         Судларга “Адолат” ахборот тизимлари комплекси ҳамда Интерактив хизматлар порталидан (my.sud.uz) фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш бўйича жорий йилнинг 29 май куни Қашқадарё вилоят иқтисодий суди биносида ҳудудий тренинг бўлиб ўтди.

         Ушбу тренинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва БМТ ТД “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси менеджери бошчилигида ўтказилиб, тренинг ўтказилишидан асосий мақсад суд раислари, судьялар ва суд ходимларининг “Адолат” ахборот тизимлари комплекси, унинг таркибига кирувчи ахборот тизимлари ва ресурслари, маълумотлар базалари, хизмат ва модуллардан ҳамда Олий суднинг интерактив хизматлар порталида ишлаш тартиби ва аҳамияти юзасидан кенг тушунтиришлар бериш орқали суд ходимларини билим ва кўникмаларини янада оширишдан иборат.

         Бундан ташқари, тренингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарорига асосан:

         2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

          2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

         2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

        2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш каби 2020 ― 2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ва унинг аҳамияти юзасидан ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди.

         Тренинг сўнгида юқоридаги масалалар ҳамда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларни жорий этишда юзага келаётган муаммо ва камчиликлар юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Қарши туманлараро маъмурий суди ҳамда Қарши ҳарбий прокуратураси ҳамкорликда Олий ҳарбий авиация билим юртида “Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим” мавзусида профилактик тадбир ўтказилди.

         Тадбирда Қарши туманлараро маъмурий   суди судъяси Акмал Бобоназаров, Қарши ҳарбий прокурорининг ўринбосари Собиржон Ашрапов, Қарши ҳарбий суди раиси Собир Алишев ва Қарши туманлараро фуқоролик судининг судьяси Лочин Ўсаровлар иштирок етди. Унда маърузачилар ҳарбий хизматчиларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича маърузалар қилишди.

 

Тадбир якунида ҳарбий прокурор ўринбосари ва судьялар ҳарбий хизматчиларнинг оилавий, мулкий, қарз олди-бердиси ва бошқа муносабатлар билан боғлиқ низолари қай тартибда қонуний ҳал этилиши ҳақидаги барча саволларига батафсил жавоблар беришиб, судларга мурожаат қилиш тартиблари хусусида  маълумотлар беришди.

 

Учрашув ҳарбий хизматчилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказган ҳолда савол-жавобга бой тарзда бўлиб ўтди.

Сайёр қабулларда фуқароларга ҳуқуқий ёрдам

           Жорий йилнинг 20 май куни Қашқадарё вилоят суди раиси А.Маҳкамов, вилоят маъмури суди раиси Х.Мухаммедов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Ш.Сатволдиевлар томонидан Қамаши тумани Сарбозор МФЙда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилди. Мазкур сайёр қабулда туман ҳокими ҳамда маҳалла нозири иштирок этишди.  

           Ўтказилган сайёр қабул давомида жами 30 дан ортиқ фуқаролар қабул қилинди. Ушбу фуқаролар томонидан асосан иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тижорат банкларидан кредит олишга доир ва шу каби бошқа масалаларда мурожаат келиб тушган.

Мазкур мурожаатлар юзасидан фуқароларга тегишли маслаҳатлар берилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

          Бу каби тадбирлар вилоят маъмурий суди раҳбарияти томонидан изчил давом эттирилмоқда.

 

Skip to content