2022-2023-йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорнинг судлар фаолиятида тутган ўрни
Фуқаро ва тадбиркорларга давлат хизматларидан фойдаланишда енгиллик яратиш, жаҳон стандартларига мослаштириш йўлида мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган давр мобайнида судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар натижасида, одил судловга эришиш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик даражаси ошди.
Суднинг ахборот тизими кўпгина вазирлик ва идоралар билан ўзаро интегратсия қилинмаганлиги сабабли маълумот алмашинуви асосан қоғоз шаклда амалга оширилиши натижасида, тегишли маълумотлар олингунга қадар маълум бир вақт йўқотилишига олиб келаётган, ишларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишига салбий таъсир кўрсатаётган, иш бўйича тарафларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Бундан ташқари, хозирги кунда ахборот-коммуникация технологиялари барча сохаларга изчиллик билан кириб бораётган даврда судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришни тақазо этаётган эди.
Шу мақсадда, “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилиниб, унга кўра барча судларда иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш тартиби жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, судялар ўртасида ишларни тақсимлашга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, апеллятсия ва кассатсия инстанцияси судларида ишларни судялар ўртасида автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимлаш тартиби киритилади.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субйектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда. Жумладан, биллинг электрон тўлов тизими, давлат божи калкулятори, суд қарорлари банки, судларда кўрилаётган ишларнинг онлайн жадвали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда даъво, ариза, шикоят ва илтимосномаларни автоматик равишда шакллантириш каби интерактив хизматларни жойлаштириш кўзда тутилмоқда.
Қашқадарё вилоят маъмурий судида 8-март халқаро хотин-қизлар байрами нишонланди
Тадбирда Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи Қиличов Бахтиёр Содиқович томонимдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2023 йил 6 март кунидаги 65-сонли буйруғи ва «8-март хотин-қизлар куни» муносабати билан байрам табрик сўзи ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, тадбир давомида Қашқадарё вилоят ва Қарши туманлараро маъмурий судида фаолият юритаётган 12 нафар судья ва суд ходимлари (хотин-қизлар) совғалари топширилди.
Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси Ф.Юсупов Косон тумани Мудин МФЙда маҳалла фаоллари билан давра суҳбати ўтказди
Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси Ф.Юсупов Косон туманида жойлашган Мудин маҳалла фуқаролар йиғинида “Оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва ундан жабр кўрганларга кўмак бериш” мавзусида маҳалла раиси, маҳалла фаоллари иштирокида давра суҳбати ўтказди.
Давра суҳбатида жиноят ишлари бўйича Косон туман суди раиси Ф.Юсупов оилада зўравонликка асосан хотин-қизлар учраётганлиги, содир этилган ҳар бир жиноятга жазо муқаррар эканлиги бўйича маъруза қилиб ўтди. Давра суҳбатида савол-жавоблар бўлиб Косон туман суди раиси Ф.Юсупов ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи қонун ҳимояси остида эканлиги, айниқса аёллар оилада ҳурмат ва эътиборга муҳтожлигини инобатга олиб, ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларни ишончли ҳимоя қилиш учун жамиятда энг аввало, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ислоҳ қилиш мақсадга мувофиқдир.
Бу, энг аввало фуқароларнинг бу соҳада билим ва кўникмаларини шакллантириб, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишга ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли, мазкур соҳани ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралда “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарор билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш мақсадида, бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури, унинг мақсад вазифалари ҳамда ушбу дастурни амалга ошириш бўйича 30 банддан иборат «йўл харитаси» тасдиқланди.
Шунингдек, Қарор билан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этиш;
2023 йил 1 июндан бошлаб ҳар йили «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар» миллий танлови ўтказиб бориш;
2023 йил 1 апрелга қадар «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари», «Инсон ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари» туркум қўлланма ва рисолаларни тайёрлаш ва чоп этиш;
2023 йил 1 мартдан бошлаб терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этиш;
2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни жорий қилиш белгиланди ҳамда мазкур ўқув курсларини Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформаси орқали ташкил этишга рухсат берилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналишини ташкил этиш каби чора тадбирлар белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг ислоҳ қилиниши, бу соҳада нафақат таълимнинг бу соҳадаги ривожланишига, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишига хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди в.б раиси Б.Қиличов
Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.
Бу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилишга қаратилган, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб берувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси 2020 йил 22 июнь қабул қилинган эди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш билан бирга инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишларнинг мазмун моҳиятини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февраль кунидаги ПҚ-46-сонли қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг тасдиқланиши бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим қадам бўлди.
Миллий таълим дастурида қайд этилишча, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида олиб борилган мониторинг натижаларида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курсини ўқитиш тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, ҳатто мазкур фанлар мутахассис бўлмаган ўқитувчилар томонидан ўқитилаётганлиги, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйилмаганлиги, соҳадаги бу каби бошқа камчиликлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига тўсқинлик қилаётганлиги, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этишга зҳтиёж мавжудлигини кўрсатган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида мазкур Дастур ишлаб чиқилган.
Дастурнинг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Дастурда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш йўналишларида муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Қарши туманлараро маъмурий
судининг судьяси Л.С.Зайниддинова
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорининг судлар сохасида тутган ўрни
Ахборот-коммуникация технологияларини барча соҳаларга кенг жорий этиш, барча тармоқларни рақамлаштириш бугун давр талаби бўлиб турибди.
Судларда ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси яна-да яхшиланади, 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич уланади. Бу орқали давлат органлари ва ташкилотларига маълумотларни электрон шаклда юбориш, улардан қабул қилиш, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни оввора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда бепул олиш имконияти яратилади.
Мавжуд ахборот тизимлари негизида замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда янги дастурий платформа асосида ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплекцини яратиш кўзда тутилган бўлиб, унда суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланиб автоматлаштирилган равишда шакллантириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субйектлари томонидан ахборот тизими орқали жиноят ишлари бўйича судлар ва маъмурий судларга электрон мурожаат қилиш тизими, фуқаролар ва тадбиркорлик субйектлари учун ахборот тизимларининг мобил версиялари яратилади, судя ва суд ходимларини янгиликлардан ва судлар фаолиятига оид маълумотлардан хабардор қилиш модули жорий этилади, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда тақдим этиш имконини берувчи дастурий модул ишлаб чиқилади.
Фуқароларнинг сарсонгарчилигини олдини олиш, уларнинг вақтини тежаш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий воситалар (гаджетлар)дан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида иштирок этиш имконини берувчи мобил видеоконференсалоқа жорий этилади.
Жазони ижро этиш муассасаларида видеоконференсалоқа тизими ўрнатилиб, судланувчиларни этап қилиш, жойлаш, суд мажлисларига олиб келиш ва олиб кетиш каби ҳаракатларга сарфланаётган бюджет маблағлари тежалади.
Мазкур қарорга асосан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субйектлари билан электрон ҳамкорликни таъминлашга, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга, фуқароларнинг вақтини тежашга, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қашқадарё вилоят маъмурий судида кўрилган ишлар
Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йилда 1487 та оммавий ҳуқуқий низолардан келиб чиқадиган маъмурий иш келиб тушган, шундан 1271 та иш мазмунан кўриб тамомланган, 637 та (50,1 фоиз) ариза қаноатлантирилган, 503 та (39,6 фоиз) ариза қаноатлантириш рад қилинган, 99 та (7,8 фоиз) маъмурий иш бўйича иш юритиш тугатилган, 32 та (2,5 фоиз) иш кўрмасдан қолдирилган, 82 та иш қолдиқ бўлиб ўтган.
Оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича 177 та (13,9 фоиз) хусусий ажримлар чиқарилган, 423 та иш (33,3 фоиз) сайёр суд мажлисларида, 117 та (9,2 фоиз) ВКА режимида кўрилган.
Вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йил мобайнида жами 177 та материаллар билан боғлиқ ишлар мазмунан кўриб тамомланган бўлиб, шундан 148 таси (83,6 фоиз) қаноатлантирилган, 29 та (16,3 фоиз) ариза қаноатлантириш рад қилинган
Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясида 2022 йил давомида кўрилган ишларни таҳлил қилинганида, апелляция судлов ҳайъати томонидан жами 279 та иш кўрилиб, шундан 33 таси бекор қилинган, 2 та суд ҳужжати ўзгартирилган, 9 та иш иш юритиш тугатилган қолган 235 та иш бўйича дастлабки суд қарорлари ўз кучида қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси суди томонидан 119 та маъмурий ишлар кўрилиб, шундан 33 та (27,7 фоиз) иш бўйича суд қарорлари бекор қилинган.
Ҳисобот даврида судьялар томонидан жойларда жами 380 та ҳуқуқий тарғибот ишлари ўтказилган, шундан 206 таси жойларда давра суҳбати, маъруза семинарлар ўтказилган бўлса, 174 маротаба оммавий ахборот воситаларида тарғибот чиқишлар қилинган, жумладан 29 таси телевидение, 28 таси радио, 58 та газета ва журнал, 59 та веб сайтларда мақолалар чоп этилган.
Маъмурий судларининг иш юритувида кўрилган маъмурий ишлар бўйича давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган қолдиқда 533.040.350 сўмлик (22,4 фоиз) ижро ҳужжатлари мавжуд.
Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2019 йилда 889 та 305.471.217 сўмлик ижро ҳужжатлари ижрога қаратилган. Шундан 706 та (82,7 фоиз) 252.687.707 сўмлик ижро ҳужжатлари амалда ижро этилган. 183 та (17,3 фоиз) 52.783.510 сўмлик ижро ҳужжатлари қолдиқда бўлган,
2020 йилда 728 та 400.151.583 сўмлик ижро ҳужжати ижрога қаратилган. Шундан 604 та (79,3 фоиз) 317.153.297 сўмлик ижро ҳужжати амалда ижро этилган. 124 та (20,7 фоиз) 82.998.286 сўмлик ижро ҳужжатлари қолдиқда бўлган,
2021 йилда 1892 та 1.256.565.968 сўмлик ижро ҳужжати ижрога қаратилган. Шундан 938 та (60,3 фоиз) 757.799.948 сўмлик ижро ҳужжатлари амалда ижро этилган. 954 та (39,7 фоиз) 498.766.020 сўмлик ижро ҳужжатлари қолдиқда бўлган,
2022 йилда 68 та 86.807.800 сўмлик ижро ҳужжати ижрога қаратилган. Шундан 53 та (77,9 фоиз) 53.576.200 сўмлик ижро ҳужжатлари амалда ижро этилган. 15 та ижро ҳужжати қолдиқда турибди.
Шу билан бирга, ҳисобот даври мобайнида жисмоний ва юридик шахслар томонидан вилоят маъмурий судларига жами 133 та мурожаатлари келиб тушган, шундан, 4 та мурожаат тегишлилиги бўйича юборилган, 13 та мурожаат тааллуқлилик бўйича юборилган, 116 та мурожаатлар ўрганиб чиқилган. Суд қароридан норози бўлиб 24 та, суд ҳужжати ижроси юзасидан 10 та, суд ҳужжатини вақтида ололмаётганлик юзасидан 1 та ва 81 та бошқа масалалар бўйича қилинган мурожаатларни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали жами 219 та мурожаатлар келиб тушган.Суд ҳужжатидан норозилиги юзасидан 69 та, суд ҳужжати ижроси юзасидан 11 та, 149 та бошқа масалалар бўйича қилинган мурожаатларни ташкил этади.
2022 йил мобайнида жами 299 та жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар (тадбиркорлар) вилоят ва туманлараро маъмурий судлари раҳбариятининг шахсий (сайёр) қабулида бўлиб, барча мурожаатлар тегишли тартибда яъни 33 та ёзма ҳамда 266 та оғзаки тартибда жавоб берилган.
Ҳудудий маъмурий судлари 2022 йилдан ўрганиш мақсадида амалиётда жорий этилган “ADOLAT” ахборот тизимлари комплексига маъмурий судлар ўз маълумотларини шакллантириб келаётганлиги, мазкур электрон ахборотлар тизими тўлиқ шакллантирилмаганлиги сабабли, процессуал муддат ва тартибларнинг бузилиш ҳолатлари аниқ ҳисоби йўқлиги сабабли, вилоят маъмурий судларини “MIB” электрон маълумотлар базасида мавжуд бўлган маълумотларга кўра, жами 12 та иш уч ва ундан ортиқ марта қолдирилиб кўрилган (жумладан, Вилоят маъмурий суди собиқ раиси Х.Мухаммедов 1 та, вилоят суди судьяси О.Бекназаровда 1 та, Қарши туманлараро маъмурий суди раиси А.Хушваков 3 та туманлараро маъмурий суди судьялари Б.Умиров ва Л.Зайниддинова 1 та, судья Б.Уралов 3 та ҳамда Б.Муиновга 2 та)дан.
Шунингдек, 8 та якуний суд ҳужжати муддати бузилиб юборилган.162 та қарор нотўғри бириктирилган (вилоят суди судьяси Б.Нармуратов 1 та, туманлараро суди раиси А.Хушваков 1 та, Б.Умиров 4 та, А.Мухиддинов 1 та)дан.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди в.б раиси Б.Қиличов
МУРОЖААТНОМА – ҲАР БИР СУДЬЯГА АЛОҲИДА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва у орқали Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномасининг бутун мазмун-моҳиятини “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган концептуал ғоя ташкил қилади. Демак, одамларни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар мантиқий давом эттирилади.
Унда юртимиз равнақи билан боғлиқ жуда муҳим масалаларга жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида мустаҳкамланишини қатъий таъкидладилар. Бу билан инсон ҳуқуқлари Асосий қонунимиз даражасида янада қадр топиши назарда тутилмоқда. Хўш, бундан нимани тушунамиз? Нега айнан таълим ва суд-ҳуқуқ соҳасига бунчалик урғу берилмоқда?
Жавоб оддий: инсон равнақининг асоси таълим, заволи эса суд-ҳуқуқ тизими остонасига олиб келади. Яъни, Президентимизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади” деган фикрларининг замирида фарзандларимизни ёшлигидан нафақат аниқ фанлардан таҳсил олиш, балки уларнинг қалб-кўзини очадиган, феъл-атворини, хулқини гўзал қиладиган маърифат ва зиё илмларини ҳам ўргатиб боришни мақсад қилганлар. Бу ишларнинг натижасида келажакда жиноятчилар эмас кўз кўрганда қувонадиган оқил ва содиқ инсонлар улғаяди. Суд-ҳуқуқ соҳасига қаратилган ислоҳотлари ва таклифлари орқали эса жаҳолатга ботган инсонларнинг илдизига болта урушни, уларни жамиятда устун бўлмасликларини, ёшларимизни эса улардан ўрнак олмасликларини олдини олишни кўзлаганлар. Бундан ташқари, уларни тўғри йўлга қайтариш борасида қилинаётган ишларни янада ривожлантиришга ҳам урғу берганлар.
Халқимиз орасида таниш-билишчилик, порахўрлик ҳолатлари йўқ деб айтолмаймиз, албатта. Бу каби салбий иллатларнинг урчиб кетишига тўсқинлик қиладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларининг орасида суд алоҳида аҳамият касб этади. Манфаатлари ва ҳуқуқлари топталган исталган аҳоли ёки хорижлик тадбиркор бўладими у ҳақиқат қарор топишида судга катта умидлар билан келади. Бу ерда ҳам мазлумнинг ҳаққи топталмаслиги учун нима қилиш керак? Бундай ҳолатда давлатимиз раҳбари айтгандек, илмни, маърифатни кучайтириш лозим. Лекин ўқиш каби ўқийдиган нарсаларимизни ҳам аниқ белгилаб олишимиз жуда муҳим. Ўқийдиган китобларимиз бизга қандай фойда келтиради? Ҳатти ҳаракатларимизнинг яхшиликка йўналишига ёрдам бериб, ичимизга ҳузур-ҳаловат, ишимизга завқ-шавқ бағишлай оладими, сизни фикран юксалтириб, қалбингизга эзгулик ва мардлик туйғуларини ўйғотадими, деган саволларга жавоб берадиган китоблар ҳақиқатан фойдали, деган номга лойиқ бўлади.
2022 йил 23 декабрь куни Қашқадарё вилояти маъмурий судида судьялар ва судлар аппарати ходимлари билан биргаликда Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида маъмурий судларнинг олдига қўйилган янги вазифалар, хусусан “Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши” билан боғлиқ масалани атрофлича муҳокама қилдик. Бу янги амалиёт ҳар бир судьядан ҳоким қароридан норози бўлиб қилинган даъво аризаларни, мурожаатларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, тегишли қонун суд ҳужжатларини чиқаришни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, судьялик фаолиятимизни самарали амалга оширишимизда янада катта масъулият юклайди.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди раиси вазифасини бажарувчи. Бахтиёр Қиличов
Маъмурий суд ишларини юритишда айрим муаммолар
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар маъмурий судга тааллуқлидир.
Давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари судда низо предмети ҳисобланади.
Бундан ташқари маъмурий суд ишларини юритишда мазкур шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан бир қаторда идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам предмет сифатида эътироф этилади. Маъмурий суд ишларини юритиш жараёнида аниқлаштирилиши талаб этиладиган тушунчалардан яна бири «маъмурий орган» тушунчасидир.
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига биноан маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлардир.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар маъмурий орган сифатида қайд этилган.
Ҳозирги кунда маъмурий суд ишларини юритишда маъмурий органлар билан боғлиқ қуйидаги муаммолар мавжуд:
Биринчидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддаси биринчи қисмига кўра, агар ушбу кодекс ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий орган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддати уч йил қилиб белгиланган.Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий суд, бошқалари фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.
Аммо ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий суд, бошқалари иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Бундан кўринадики, низо маъмурий суд томонидан кўриладиган бўлса, унда судга мурожаат қилишнинг уч ойлик муддати қўлланилади. Агар қўшимча талаб бўлиб, у фуқаролик ишлари бўйича судда кўриладиган бўлса, унда ўз-ўзидан уч йиллик муддат қўлланилади.Шунингдек, айнан бир хил низо бўйича маъмурий судда талаб шикоят шаклида қабул қилинса, фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси шаклида мурожаат этилади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега маъмурий ва фуқаролик судига тааллуқли бўлган талаб фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилади-ю иқтисодий судга тааллуқли талаб билан маъмурий судга тааллуқли талаб бирга кўрилиши мумкин эмас? Бундай номувофиқлик турли чалкашликларни келтириб чиқармоқда.
Иккинчидан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 86-1-моддасига асосан иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган иқтисодий судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ҳолларда давлат ижрочисининг қарори устидан қарор чиқарилгани ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда давлат ижрочиси жойлашган ердаги умумий юрисдикция судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга шикоят берилади. Қолаверса, давлат ижрочисининг қарорига қонунда белгиланган тартибда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин. Ушбу қонун талаби суд ишларини юритишнинг процессуал талабларига мос келмайди. Чунки давлат ижрочисининг ҳар қандай қарори, хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан бериладиган шикоятлар маъмурий судга тааллуқли ҳисобланади. Юқорида қайд этилган қонун талаби бўйича ҳозирда иқтисодий судлар томонидан берилган ижро варақалари бўйича қўзғатилган ижро иши юзасидан қабул қилинган давлат ижрочисининг қарори юзасидан иқтисодий судларда низолашилаётган бўлса, айнан шу ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан амалга оширилган ҳаракатлар бўйича низолар маъмурий судларда кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари ҳозирги кунда суд тизимида «умумий юрисдикция судлари» мавжуд эмас. Учинчидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 276-моддасига мувофиқ ижро варақаси фақат пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича маъмурий судлар томонидан берилади.
Бошқа ажримлар (қарорлар) мажбурий ижрога тақдим этилмайди. Чунки судлар томонидан улар бўйича ижро варақаси берилмайди, шунингдек, маъмурий суднинг ажрими (қарори) ижро ҳужжати ҳисобланмайди. Кўриниб турибдики, маъмурий ишлар бўйича суд ҳужжатларининг ижро этилишига тўсиқ бўлаётган ҳуқуқий коллизия оқибатида кўпгина ҳужжатлар ижро этилмаяпти. Бу ҳол суд ишлари иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зиён етказмоқда.
Маъмурий суд ишларини юритишдаги бундай муаммоларни ҳал этиш учун маъмурий судга мурожаат қилиш муддатини қайта кўриб чиқиш, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларини бир-бирига мувофиқлаштириш, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 86-1-моддасини янги таҳрирда қабул қилиб, бунда давлат ижрочисининг ҳар қандай қарори устидан бериладиган шикоятлар маъмурий судга тааллуқли экани ҳақидаги қоидани киритиш талаб этилади. Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 276-моддасига маъмурий суд томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай мулкий ва номулкий тусдаги ҳал қилув қарорлари бўйича ижро варақасини бериш ҳақидаги қоидани киритиш мақсадга мувофиқдир. Бундай ўзгартишлар одил судлов самарадорлигини таъминлаши баробарида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга янада кенг имкон яратади.
Қашқадарё вилояти
маъмурий суди судьяси Бахром Нармуратов
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Қашқадарё вилоят маъмурий суди











