Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик масалалари бўйича ЎРҚ 826-сон Қонуни мазмун-моҳияти тўғрисида

      2023 йил 27 март куни Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги ЎРҚ 826-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.

     Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

        Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

     Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

    Мазкур қонун билан қуйидаги ўзгартириш, қўшимча ва тўлдиришлар киритилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 1482-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади».

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилган:

51-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

1975-модда:

номидаги «Таълим муассасаси» деган сўзлар «Таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

иккинчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;

-283-модданинг еттинчи қисмидаги «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими» деган сўзлар «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим ташкилотининг педагог ходими» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

        Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш учун замин яратади.


Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                            Б.Нармуратов

Ўзбекистон Республикаси конституцияси, сайлов қонунчилиги ва сайловга оид низоларнинг маъмурий судларда кўриб чиқиш тартиби

        Жорий йилнинг 15 июнь куни Қашқадраё вилоят маъмурий суди ва Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Конституция нормаларини судларда қўлллаш, шунингдек сайлов қонунчилиги ва сайловга оид низоларнинг маъмурий судларда кўриб чиқиш тартиби бўйича қўшма семенар машғулоти бўлиб ўтди.

           Мазкур семенар машғулотида дастлаб, судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминлаш,  Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатиши, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва барча зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги хусусида сўз борди.

          Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг судьяси Д.Шамсиева Ўзбекистон Республикаси Янги Конститутцияда инсон ҳуқуқларининг кафолати ҳамда Конститутциянинг нормаларини судлар томонидан амалиётда қўлланилиши хусусида тўхталиб ўтди.

        Ҳар бир мамлакат эркин ва фаровон жамият қуришга интилар экан, бу йўлдаги улуғвор мақсад ҳамда вазифаларини, аввало, ўз Конституциясида мустаҳкамлайди. Бунда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай замонавий демократик давлатнинг асоси ҳисобланади. Айнан Конституцияда белгиланган устувор қоидалар асосида жамият, унинг сиёсий институтлари ва иқтисодиёт тўлиқ ривожланади. Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституция жамиятимизнинг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу адолатли жамият барпо этиш йўлидаги улкан қадамдир.

        Қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, қонунчиликдаги инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинади.

     Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этиляптики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштириши ҳақида маъруза қилди.

  Шунингдек, маърузачи Конституцияга суд ҳокимиятининг молиявий мустақиллигини таъминлашга оид алоҳида модда киритилаётгани судлар мустақиллиги кафолатларини кучайтиришга хизмат қилиши ҳақида айтиб ўтди.

Семенар машғулотида Қарши туманлараро маъмурий суди судьяси Учқун Самандаров сайлов олди сиёсий жараёнлар, шу жумладан сайлов қонунчилиги ва сайловга оид низоларнинг маъмурий судларда кўриб чиқиш тартиби юзасидан маъруза қилди.

      Маърузада, сайлов жараёни, сайлов принциплари, сайловни ўтказиш тартиби билан бир қаторда, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари, сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатлари юзасидан судларга мурожаат қилиши тартиби, ишларни судларда кўриш масалалари юзасидан сўз борди.

      Семенар машғулоти якуни қизиқарли савол-жавоблар, мунозаралар билан давом этди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар судлар олдига қандай муҳим вазифаларни юклайди

       Мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган бўлиб,  референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ушбу янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз берган. Бу эса ўз навбатида халқимизнинг Конституцияда орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигини англатади.

    Ўтказилган референдум Конституцияда белгиланганидек халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

     Жумладан, Конституцияда давлат ва жамиятқурилиши билан биргаликда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар белгиланди.

      Давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари қайта тақсимланиб, жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели назарда тутилди.

      Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

      Унда янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланиш билан бирга давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар эканлиги қайд этилди.

      Ўз навбатида, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар судлар олдида қуйидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилиши лозимлиги белгиланди.

       Бундан ташқари, Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланди.

         Янги таҳрирдаги Конституциянинг 55-моддасида белгиланган ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб, маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этиш юзасидан 2023 йил 1 октябрга қадар ушбу масала бўйича қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш белгиланди.

       Шунингдек, Конституциянинг 21-моддасида белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини бекор қилиш, хусусан, 2024 йил
       1 январга қадар қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиб, унда белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар киритиш назарда тутилди. Бундан ташқари, Фармонда Конституциянинг 29-моддасида белгиланган давлатнинг ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитларни яратиш мажбурияти тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратилган механизмларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тегишли мутасадди идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда киритсин. Шу каби, Конституциянинг 26-моддасида белгиланган инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мутасадди идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 августга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахсни ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни киритиш белгилаб берилди.

        Судлар олдида турган асосий вазифа юқоридаги чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш билан бирга янги таҳрирдаги Конституцияни ҳаётга тўлақонли тадбиқ этилишида ўзининг муҳим ҳиссасини қўшишдан иборат.



Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                У.Самандаров

Перейти к содержимому