Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар судлар олдига қандай муҳим вазифаларни юклайди

       Мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган бўлиб,  референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ушбу янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз берган. Бу эса ўз навбатида халқимизнинг Конституцияда орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигини англатади.

    Ўтказилган референдум Конституцияда белгиланганидек халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

     Жумладан, Конституцияда давлат ва жамиятқурилиши билан биргаликда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар белгиланди.

      Давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари қайта тақсимланиб, жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели назарда тутилди.

      Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

      Унда янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланиш билан бирга давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар эканлиги қайд этилди.

      Ўз навбатида, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар судлар олдида қуйидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилиши лозимлиги белгиланди.

       Бундан ташқари, Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланди.

         Янги таҳрирдаги Конституциянинг 55-моддасида белгиланган ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб, маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этиш юзасидан 2023 йил 1 октябрга қадар ушбу масала бўйича қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш белгиланди.

       Шунингдек, Конституциянинг 21-моддасида белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чораларини бекор қилиш, хусусан, 2024 йил
       1 январга қадар қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиб, унда белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар киритиш назарда тутилди. Бундан ташқари, Фармонда Конституциянинг 29-моддасида белгиланган давлатнинг ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитларни яратиш мажбурияти тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратилган механизмларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тегишли мутасадди идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда киритсин. Шу каби, Конституциянинг 26-моддасида белгиланган инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мутасадди идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 августга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашда шахсни ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни киритиш белгилаб берилди.

        Судлар олдида турган асосий вазифа юқоридаги чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш билан бирга янги таҳрирдаги Конституцияни ҳаётга тўлақонли тадбиқ этилишида ўзининг муҳим ҳиссасини қўшишдан иборат.



Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                У.Самандаров