Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик масалалари бўйича ЎРҚ 826-сон Қонуни мазмун-моҳияти тўғрисида

      2023 йил 27 март куни Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги ЎРҚ 826-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.

     Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

        Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

     Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

    Мазкур қонун билан қуйидаги ўзгартириш, қўшимча ва тўлдиришлар киритилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 1482-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади».

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилган:

51-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

1975-модда:

номидаги «Таълим муассасаси» деган сўзлар «Таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

иккинчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;

-283-модданинг еттинчи қисмидаги «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими» деган сўзлар «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим ташкилотининг педагог ходими» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

        Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш учун замин яратади.


Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                                            Б.Нармуратов