Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш – ривожланган фуқаролик жамиятигнинг кафолатидир

       2023 йил 28 апрель куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида Қашқадарё вилоят ва туманлараро маъмурий  суди судьялари ва суд ходимлари, Қашқадарё вилоят судининг судьялари, Қашқадарё вилоят прокуратураси, Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси, Қашқадарё вилоят Адлия бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармаси, Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходимлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида, Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 833-сон Қонунининг мазмун-моҳиятини ёритиш мақсадида Қашқадарё вилоят маъмурий судида ташкил этилган илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди.

           Мазкур тадбирда вилоят маъмурий судининг раиси Б.Қиличов маъруза қилиб, ўз маърузасида  Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш мақсадида бир қатор амалий ишлар амалга оширилибгина қолмай, бу борада салмоқли қонунчилик ҳужжатлари ҳам қабул қилинганлиги, хусусан, жорий йилнинг 26 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 833-сонли Қонуни бунга яққол мисол бўла олишини, мазкур Қонун билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини, эътиборли жиҳати Қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш юзасидан уларни анчадан бери қийнаб келаётган муаммолар ҳам ўз ечимини топганлигини билдириб, Қонунни ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилиш, унинг мазмун моҳиятини ёритиш мақсадида ташкил этилган тадбир юзасидан сўз навбатини бирма-бир маърузачилар ва тадбир иштирокчиларига берди.

         Савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари ва таклифлари билан юзланиб, фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Референдум тушунчаси ва унда овоз бериш тартиби қандай?

      Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, унда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.

                      Референдум тушунчаси қандай маънони англатади?

      “Референдум” сўзининг маъноси давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган ва баъзан қонунлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлашдир.

        Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонун дастлаб 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун йиллар давомида халқаро ва Ўзбекистон Республикасида орттирилган амалий тажрибаларни инобатга олган ҳолда 2001 йил 30 август куни янги таҳрирда қабул қилинган.

        Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.  Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади

                               Референдумда овоз бериш тартиби қандай?

         Референдумда овоз бериш бюллетени фуқаро томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

       Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

       Фуқаролар овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масала бўйича ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга кўрсатилган белгилардан бирини қўяди.

         Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.

        Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра, янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

       Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабаблар билан овоз бериш биносига кела олмаса, уларнинг илтимосига кўра, референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.

                Фуқаролар муддатидан олдин ҳам овоз бериши мумкинми?

       Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш референдумга ўн кун қолганида бошланади ва референдумга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва фуқароларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

     Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади ва  тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди.  Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.

       Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

 


Қашқадарё вилоят

 маъмурий суди судьяси                                                                    Б.Нармуратов

Конституция лойиҳаси ва референдум тартибининг умумий тушунчаси

       Мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш, айниқса суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.
       Мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди-ки, бу мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устивор йўналиши ҳисобланади.
    Юртимизда 2023 йил 30 апрелда референдум ўтказиш белгиланган Конститциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади. Авваламбор, референдум тушунчаси ва мазмунига тўхталиб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларини қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларининг умумхалқ овоз беришдир.
      Референдум сўзи – лотинча referendum сўзидан олинган бўлиб, “айтилиши керак”, “айтилиши зарур” деган маънони англатади. Референдум – бу халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, тўғридан-тўғри демократиянинг муҳим институтларидан бири ҳисобланади. Референдум ўтказиш тартиби ва унинг асослари Ўзбекистон Республикасининг “Референдум тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади. Янги Конституция лойиҳасига тўхталиб ўтадиган бўлсак, моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда.
     Янги конституциянинг ҳар бир моддасида инсон ҳуқуқлари ўз ифодасини топган.Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши қайд этилган ва бу ҳаётий ҳақиқатга айланади.
     Бундан ташқари, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳуқми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор бошқа муҳим бўлган қоидалар белгиланмоқда.
        Конституциявий қонун лойиҳасининг суд тизимига бағишланган бобида ҳам бир қатор янги нормалар киритилган бўлиб, жумладан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмоқда.
      Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Янги Конституциянинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш бўйича қилинган муҳим қадам ҳисобланади ва бу халқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган давр сифатида тарихга муҳрланади.



Қашқадарё вилоят

маъмурий суди судьяси                                                                      О.Бекназаров

Янги Конституция-халқ Конституцияси

   Мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш, айниқса суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.
       Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш; ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш ва бир қатор бошқа ислоҳатларни амалга ошириш белгиланди.
       Суд-ҳуқуқ ислоҳатлари жараёнида, мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди-ки, бу мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳатларнинг муҳим устивор йўналиши ҳисобланади.
        2023 йил 30 апрелда референдум ўзказиш белгиланган Конститциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишнинг Конституциявий асослари белгиланмоқда-ки, мазкур нормалар амалдаги Конституцияда мавжуд эмас.
     Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституцияда ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши қайд этилган ва бу ҳаётий ҳақиқатга айланади.
     Бундан ташқари, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳуқми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор бошқа муҳим бўлган қоидалар белгиланмоқда.
      Конституциявий қонун лойиҳасининг суд тизимига бағишланган бобида ҳам бир қатор янги нормалар киритилган бўлиб, жумладан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмоқда.
     Шу ўринда, ўтказилиши режалаштирилган референдум ҳақида қисқача тушунтириш бериб ўтадиган бўлсак. Реферундумга оид муносабатлар “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
      Ушбу Қонунга мувофиқ, референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.
        Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари «ҳа» ёки «йўқ» ёхуд «рози» ёки «қарши» деб кўрсатилади.
         Хулоса шуки, янги Конституция халқ номидан қабул қилинаётгани боис халқ Конституцияси ҳисобланади, шунингдек унинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини янада такомиллаштириш бўйича қилинган муҳим қадам ҳисобланади ҳамда бу ҳалқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган давр сифатида тарихга муҳрланади.



Қарши туманлараро маъмурий

судининг судьяси, Судьялар олий

мактаби мустақил изланувчиси.                                                   Самандаров Учқун 


Қарши туманлараро маъмурий

 суди судья ёрдамчиси.                                                                       Турсунов Нодир

Қашқадарё вилоят маъмурий судида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларининг кўриб чиқилиш тартиби мавзусида маърифат соати бўлиб ўтди

     2023 йил 14 апрель куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида Қашқадарё вилоят ва туманлараро маъмурий суди судьялари ва суд ходимлари иштирокида Қашқадарё вилоят маъмурий судида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларининг кўриб чиқилиш тартиби мавзусида маърифат соати бўлиб ўтди.

       Мазкур тадбирда вилоят маъмурий судининг бош консультанти А.Ахмедов томонидан Қашқадарё вилоят маъмурий судида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларининг кўриб чиқилиш тартиби ҳақида мъруза қилинди.

     Жумладан, Қашқадарё вилоят маъмурий судида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаат, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилиши, мурожаатларнинг шакллари, мурожаатларнинг турлари, мурожаатларга қўйиладиган талаблар, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, мурожаатларни кўрмай қолдириш ҳамда вилоят судида мурожаатлар билан иш юритиш тартиби, муддати ва уларга қўйиладиган талаблар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

       Мавзу юзасидан тадбир иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди ҳамда фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

Қашқадарё вилоят маъмурий судида судялар ва суд ходимларининг ота-оналари билан давра сухбати ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Қўшма фармойишига кўра, 2023 йил 8 апрель куни Қашқадарё вилоят маъмурйи судида судьялар ва суд ходимларининг ота ва оналари билан давра суҳбати ўтказилди.

Йиғилиш давомида Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси в.б. Б.С. Қиличов томонидан маъруза қилиди.  

Илмли ва тарбия кўрган аёллар эрларига ҳар томонлама мададкор бўлиши, болани иродали қилиб тарбиялашда ота-онанинг зўри эмас, балки болага бериладиган муайян эркинлик муҳим экани қайд этилади.

Фитратнинг «Халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе, қул ва асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқ…», деган фикрлари ҳар бир юртдошимиз қалбида жаранглаб туриши керак.

«Қобуснома»нинг асосини Қуръони карим суралари, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фаолияти ва кўрсатмаларини ифодаловчи ҳадислар ҳамда ҳикматли ҳикоялар ташкил қилади. Асар насиҳат тариқасида ёзилган бўлиб, қирқ тўрт бобдан иборат. Унда аввало парвардигори олам ва пайғамбарларни билиш шартлиги таъкидланиб, Аллоҳ берган соғлиқ ва неъматларга шукрона қилиб яшаш кераклиги, ота-онани иззат ва ҳурмат қилиш вожиблиги уқтирилади.

Авлонийнинг эътироф этишича, инсон аввало яхши хулқли бўлиши шарт. Тарбия оиладан бошланади. Ота-онадаги ахлоқий хислатлар болалар тарбиясига кучли таъсир кўрсатади. Ўзи ахлоқ қоидаларига риоя қилмаган ота-онанинг боласини тарбия қилиш қийин. Илм олишга кириб келаётган ёшларни чала илмли мударрислар қўлига бериб қўймаслик керак.

Аксарият коррупционерлар коррупция ҳақида кўпроқ маддоҳлик қиладилар.

Ли Куан Ю Сингапур давлатини муваффақиятга эриштириш учун қуйидагиларга эътибор қаратган. Биринчидан, қашшоқ давлатга хорижий инвесторларни жалб қилишга эришган. Иккинчидан, мамлакатда зарар кўриб ишлаётган соҳаларга шафқат қилинмасдан, инвесторлар учун кўплаб божлар бекор қилинган. Учинчидан, инвесторлар учун солиқ миқдори жуда кам белгиланган. Тўртинчидан, адолатли қонунлар ишлаб чиқилиб, қонун олдида барчанинг тенглиги таъминланган. Бешинчидан, давлат хизматчиларининг ойлиги хусусий компаниялар менежерлари иш ҳақидан кам бўлмаган. Олтинчидан, коррупцияга қарши жуда қаттиқ кураш олиб борилган. Еттинчидан, молия, транспорт хизматлари, логистика, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, рақамли иқтисодиёт ва илғор ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ли Куан Юнинг қуйидаги ўгитлари диққатга сазовор: «Бизнинг бирорта табиий бойлигимиз йўқ, заминнинг стратегик аҳамиятли кичик бўлагида яшовчи одамларимиз бор, холос», «Жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловлаб турувчи биринчи омилдир. Иккинчи омил – бозор даражасига мос келувчи маош», «Коррупцияни енгаман десанг, дўстларинг ва қариндошларингни панжара ортига жўнатишга тайёр бўл!», «Мен ҳеч қачон қоғозда ёзилгани бўйича ўқимайман, ҳамиша тингловчининг кўзига разм соламан. Агар бирорта фикрни идрок этмаганини пайқасам, бошқача усулда такрорлайман», «Кичик мамлакатлар орасидаги уруш уларнинг ўзини вайрон қилади. Катта мамлакатлар тўқнашса, бутун дунё бир неча марталаб вайрон бўлади».

Инсониятнинг маънавий мулкига айланган асарлар орасида «Темур тузуклари» муҳим ўрин тутади. Ушбу асар Соҳибқирон Амир Темур                        (1336-1405) шахсияти ва унинг даври, давлат тузилиши ва бошқаруви, давлат ва фуқаро, сиёсат, иқтисодиёт, маънавият, ҳарбий маҳорат, ҳуқуқ-тартибот ва қонунчилик масалаларига бағишланган ноёб дурдонадир. Асар содда, тушунарли, мақтов ва хушомадлардан холи, ҳаққоний ёзилган. Зеро, Амир Темур талаби шундай бўлган. Низомиддин Шомий Соҳибқирон сўзларини қўллаб: «Яхши ва равон сўз улдирким, авом халқ унинг маъносини англағай, хос кишилар унга айб қўймағай..» деган экан.

Соҳибқирон Амир Темур шонли ва бой тарихимизнинг кўзгуси

      2023 йил 7 апрель куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида Қашқадарё вилоят ва туманлараро маъмурий суди судьялари ва суд ходимлари иштирокида “Соҳибқирон Амир Темур шонли ва бой тарихимизнинг кўзгуси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

     Мазкур тадбирда судья ёрдамчиси Ч.Мухаммадиева томонидан Амир Темурнинг мамлакатимиз ва жахон тарихидаги тутган ўрни ва тарихий аҳамияти, унинг нафақат Марказий Осиёнинг маданий-маънавий оламида, балки бутун мусулмон олами тарихида ўчмас из қолдириб, «Темур Тузуклари»дек номи ўчмас тарихий асарларни мерос қилиб қолдирганлиги, қатор Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан турли савдо-сотиқ, маданий алоқаларга янада кенг йўл очиб берганлиги ҳақида мъруза қилинди.

       Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 1996 йил— «Амир Темур» йили деб эълон қилиниши ва бу сана нафақат мамлакатимизда балки, жаҳон миқёсида кенг нишонланиши Амир Темур номи оқланиб, ўзбек халқига бутунлай қайтганлиги таъкидлаб ўтилди.

Мавзу юзасидан тадбир иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди ҳамда фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Қашқадарё вилоят маъмурий судида 2023 йил 7 апрель куни Раёсатининг кенгайтирилган  йиғилиши бўлиб ўтди

Раёсатининг кенгайтирилган йиғилишидаги қуйидаги масалалар кўриб чиқилди.

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 28 март кунидаги № РС-14-23-сонли Раёсат қарорининг муҳокамаси;
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 28 март кунидаги № РС-17-23-сонли Раёсат қарорининг муҳокамаси;
  3. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 31 март кунидаги 08/215-23-сонли топшириқ хати муҳокамаси;
  4. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 4 апрель кунидаги 07/15-142-сонли топшириқ хати муҳокамаси;
  5. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 5 апрель кунидаги ПЛ-15-23-сонли топшириқ хати муҳокамаси.

Раёсатнинг кенгайтирилган йиғилишида Қашқадарё вилояти маъмурий судининг ва Қарши туманлараро маъмурий судининг судьялари ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Раёсатининг кенгайтирилган йиғилишидаги масалалар бўйича Қашқадарё вилоят маъмурий судининг 2023 йил 7 апрель кунидаги № РС-08-23-сонли Раёсат қарори қабул қилинди.

Суд тизимида тадбиқ этилаётган аҳборот ҳавфсизлиги сиёсати бўйича семинар бўлиб ўтди

        2023 йил 31 март куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида маърифат соати ташкил этилди.

   Мазкур тадбирда Н.Азимов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 30 августдаги ПҚ 3250-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг 2023 йил 13 январдаги 10-09/23-4-сонли топшириқ хати мазмун моҳияти тушунтирилди.

      Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди “Адолат” ахборот комплекслар тизимига суд ҳужжатларини бириктириш бўйича амалий тавсиялар бериб ўтилди.

Бундан ташқари, мазкур тизим ҳозирда тест режимида ишлаётганлиги сабабли, тизимда юз бериши мумкин бўлган носозликлар ҳақида огоҳлантирилиб, ходимлар томонидан ахборот технологияларидан фойдаланиш тартибига қатъий риоя қилиш лозимлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

     Мавзу юзасидан тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди ҳамда фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.



Қашқадарё вилоят маъмурий суди

 АКТ бўлими бош консультанти                                                                    Н.Азимов

Коррупцияга қарши курашиш – жамият тараққиётининг асоси

            Биламизки, коррупсияда ҳар доим камида икки томон иштирок этади, Бунда, бир томондан, ноқонуний йўл билан ўзи ёки учинчи шахс учун бойлик орттираётган мансабдор шахс ҳамда бошқа томондан мансабдор шахсдан актив ёхуд пассив усулда унинг манфаатини кўзловчи қарорнинг қабул қилинишини кутаётган шахс.

         Коррупсияни, соддароқ қилиб, ўз нафси, манфаати йўлида қонунни ҳам четлаб ўтиш орқали ғаразли мақсади ҳамда бирор нарсага эришиш, дейиш мумкин. Бугунги кунда юртимизда ушбу иллатга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси ҳам аниқ. Бу борада Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупсияга қарши конвенсиясига қўшилиши ислоҳотларнинг дастлабки муҳим қадами бўлди. Уни амалга оширишнинг миллий механизми сифатида “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Президентимизнинг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди. Буларнинг самарали ижроси натижасида кўплаб жиноятлар фош этилмоқда, содир қилиниши хавфи бўлганларининг олди олинмоқда. Буни ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боряпмиз. Бу яхши, албатта. Лекин шуларнинг ўзигина етарли эмас.

         Коррупсияга қарши янада фаол курашишимиз керак. Мана шу бизнинг, барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлиши лозим. Бу борадаги тарғибот ишлари кутилганидек самара бермаяпти. Бунинг учун республикамизда коррупсияга қарши курашиш соҳасида бир қатор муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

     Биринчидан, коррупсияга қарши курашишнинг превентив чоралари самарадорлигига эришиш керак, яъни иллатнинг олдини олишнинг назарий пойдевори — “таълим, хабардорлик ва тарғибот” тамойилларига асосланиб, амалий томондан эса “самарадорлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик” тамойиллари асосида аниқ давлат сиёсатини ишлаб чиқиш лозим. Бу борада давлат сиёсати ривожланган мамлакатлар, хусусан, Сингапур тажрибасига ҳамоҳанг равишда яъни “барча учун бир хил мезон” модели асосида ишлаб чиқилиб, коррупсияга қарши курашишнинг аниқ ҳуқуқий механизми, самарали институтсионал тузилмаси, молиявий ва меҳнат ресурслари билан доимий таъминлаб турилиши, мунтазам мониторинг фаолияти ҳамда холис ва шаффоф баҳолаш тизими ишлаши лозим.

          Иккинчидан, коррупсияга қарши курашиш стратегиясида интегратсиялашган ёндашувни қўллаш яхши самара беради. Бунда давлат органларининг фуқаролик жамиятининг барча институти билан ҳамжиҳат фаол ҳаракатини таъминлаш назарда тутилади. Шунингдек, коррупсияга қарши курашишда миллий тузилмаларнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилади. Бу борада Ўзбекистонда коррупсияга қарши курашиш соҳасида интегратсияга эришишга тўсқинлик қилаётган омиллардан бири — аниқ статистика ва мақбул далилларга асосланган маълумотга таянган ҳолда иш олиб бориш тизимининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.

      Учинчидан, жамиятнинг ҳар бир соҳасида, хусусан, тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупсияга қарши курашишни янада кучайтириш, у билан боғлиқ айрим хатти-ҳаракатларни криминализатсиялаш ҳамда халқаро стандартларни тўлиқ ва тўғри қўллаш лозим. Бунда халқаро ҳужжатларда назарда тутилган “ноқонуний бойлик орттириш”, “учинчи шахсларнинг моддий манфаатларини кўзлаб тамагирлик қилиш” каби ҳаракатларни криминализатсиялаш масалаларини кўриб чиқиш вақти келди.

     Коррупсияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг ижроси амалга оширилиши лозим бўлган асосий масалалардан биридир. Бунда, аввало, мониторинг жараёнида самарали ҳуқуқий механизмнинг етарли эмаслиги, давлат хизматчиларининг этика қоидаларига риоя қилиш даражасининг пастлиги, давлат органлари фаолияти очиқлиги тамойилининг амалда номигагина ишлаётганлиги каби масалалар ҳал этилиши лозим. Ва ниҳоят, коррупсияга қарши курашишнинг замонавий тенденсияларидан келиб чиқиб, амалда реал ишлайдиган стратегияни ишлаб чиқиш керак. Замонавий тенденсияга кўра, коррупсияга қарши курашишни уч босқичда амалга ошириш таклиф этилади. Чунончи, жамият аъзолари фаол иштирокини кучайтириш учун маълумотларни эркин олиш имкониятини яратиш, илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда коррупсия ҳолатлари ҳақида ахборот бериш ва олдини олиш, коррупсияга оид муаммоларни ҳал қилиш ва бартараф этишда жамоатчилик иштирокини таъминлашнинг аниқ тизимини амалиётда қўллашдир.

       Қолаверса, юртимизда ҳар бир соҳада коррупсияга қарши курашишда соҳанинг хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашиш, коррупсия ҳолатлари ҳақида хабар беришнинг янги инновацион усулларини ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш, коррупсия ҳолатларини экспертизадан ўтказиш, мониторинг қилиш ва баҳолашнинг реал, ҳаётий, холис ҳамда шаффоф индикаторларини белгилаш ҳам муҳим. Буларнинг барчаси жамиятда коррупсия деган иллатнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.




Қарши туманлараро маъмурий

суди судьяси                                                                                                            Б.Муинов

 
Перейти к содержимому