Ер тўғрисидаги қонунчиликда киритилаётган ўзгаришлар

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ–6243-сонли Фармони қабул қилиниши бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этишга хизмат қилди.

      Ер кодексининг 2021 йил 17 августга қадар амалда бўлган 23-моддаси иккинчи қисмида ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган бўлса, мазкур қонун билан 23-модданинг иккинчи қисми янги таҳрирда қабул қилиниб, унга кўра ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тартиби такомиллаштирилди ва ер участкаларини мулк қилиб бериш (реализация қилиш) — қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида; доимий фойдаланишга бериш вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан; ижарага бериш — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан, шунингдек электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди.

      Шу билан бирга, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш каби қонунбузилишларни олдини олиш мақсадида, Ер кодекси 911-модда билан тўлдирилди ва бу тўлдириш билан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш оқибатлари белгилаб берилди, жумладан, қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда, эндиликда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмаслиги, қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмаслиги, қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланиши ҳақида қоидалар белгиланди.

      Шунингдек, ушбу қонунга асосан киритилган қўшимча ва ўзгартишлар билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси, 65, 66,  67, 68, 68-1, 69-моддаларида назарда тутилган мулкка тажовуз қилиш, ердан фойдаланиш, ер бериш тартибини бузиш, ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарликлари содир этганлик учун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 197-моддасида назарда тутилган суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик ва 229-1-моддасида назарда тутилган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш жиноятлари содир этганлик учун жазо чоралари кучайтирилди. Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш учун жавобгарликни белгилашга оид 229-6-модда билан тўлдирилди.

      Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сонли “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги қарор билан “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламент”, “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги ва “Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди.

 

 

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди раиси                                                                         А.Хушваков

 

Солиқ ҳисоботи ва солиқ ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш

    Солиқ ҳисоботи бу, солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатларидир.

      Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади.

    Фақат солиқ тўловчи деб эътироф этилганлар солиқ ҳисоботини солиқлар бўйича тақдим этиб, солиқ ҳисоботини тўғрилигига солиқ тўловчи ва унинг агенти жавобгар бўлади.Ўз ўзидан савол туғилади, солиқ ҳисоботи қандай тақдим этилади.Солиқ қонунчилигига кўра, солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи жойлашган солиқ органига, қоғоз ёки электрон шаклда топширилади.

      Айрим истисно сифатида, йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъий назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади. Ҳар қадай ҳолатда ҳам солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Шу билан бирга солиқ тўловчи(солиқ агенти) солиқ ҳисоботини ўзгартиришга ҳам ҳақли ҳисобланади.

      Жумладан, Солиқ кодекснинг 83-моддасига кўра, ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.

Бунда, солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.

      Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати ўтгунга қадар тақдим этилган бўлса, солиқ ҳисоботи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кун тақдим этилган деб ҳисобланади. Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;

2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.

Ҳатто, солиқ агентлари томонидан тақдим этиладиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳам ҳисобга олинади.

         Солиқ қонунчилигига кўра, солиқ тўловчи томонидан топширилган солиқ ҳисоботлари ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида беш йил сақлаши шарт ҳисобланади. Ҳозирги кунда камерал солиқ текширувисиз аниқлаштирилган ҳисоботни қабул қилишни рад этиш солиқ нормалари бузиш ҳисобланади, бироқ, амалиётда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини фақат камерал солиқ текширувдан сўнг қабул қилиш жараёнлари кузатилмоқда. Бу, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқларини бузилишга олиб келмоқда. Солиқ тўловчи (солиқ агенти) солиқ органига белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

       Амалиётда, солиқ маъмуриятчилигининг ушбу жиҳати солиқ кодексга қатъий мувофиқ равишда тартибга солинган. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар автоматик равишда – ҳеч қандай назоратсиз қабул қилинади. Бироқ, Солиқ кодекси солиққа оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат сифатида “аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи” тушунчасини очиб бермаган. Чунки, Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган солиқ ҳисоботи шаклларида “аниқлаштирилган ҳисобот” деб номланган алоҳида илова ёки мустақил ҳужжатни ўз ичига олмаган, фақат солиқ ҳисоботи турини танлашни таклиф қилган. Амалиётда илгари ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасини камайтиришни (унга тузатиш киритишни) истисно этувчи, шунингдек солиқ органининг талабларига рози бўлиб тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳам камерал текширувсиз қабул қилинади.

Илгари ҳисоблаб чиқарилган солиқни камайтиришга йўналтирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи билан боғлиқ мураккаб (аниқроғи, ҳуқуққа зид) вазият юзага келди. Ёхуд – харажатларни оширишга, у ҳам солиқ базаси ва солиқ суммасини камайтиради. Бундай аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳолатларининг деярли барчаси камерал текширув ўтказилишига олиб келади. Солиқ органи ё аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этади, ё ушбу тартиб-таомилни сунъий равишда чўзади. Шу ерда ўз-ўзида савол туғилади. Солиқ органлари аниқлаштирилган ҳисоботни қабул қила олмасликларининг сабаби нимада? Шу ўринда “камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилишини” қайд этиш ўринли.

      Бинобарин, камерал солиқ текшируви ўтказилганда фақат солиқ органи томонидан қабул қилинган солиқ ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлар таҳлил қилинади. Ва аксинча, солиқ органи томонидан қабул қилинмаган ҳар қандай (шу жумладан – аниқлаштирилган) солиқ ҳисоботи камерал солиқ текшируви предмети бўла олмайди.

Шу ўринда,  солиқ органининг аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиши қонунга зид.

Биринчидан, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи на шакли, на мазмуни, на мақсадига кўра оддий солиқ ҳисоботидан фарқланмаган. Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳам солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини бажаришига йўналтирилган.

Иккинчидан, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиш солиқ тўловчиларнинг “солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш” ҳуқуқини поймол қилади.

Учинчидан, Солиқ кодексида солиқ органларига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиш ҳуқуқи берилмаган.

Мантиқдан ва юқорида баён этилган таҳлил хулосаларидан келиб чиқилса, солиқ органлари солиқ кодекси доирасида бундай мажбуриятга эга бўла олмайдилар. Сабаби улар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

   Солиқ органи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини солиқ кодексда солиқ ҳисоботи учун белгиланган тартибда қабул қилиши керак. Ушбу ҳолатда, солиқ кодексга аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топшириш ва қабул қилиш тартибини тўғридан-тўғри белгилайдиган, солиқ ҳисоботини тақдим этишга оид мавжуд тартибга айнан ўхшаш нормани киритиш керак. Ана шу пайтгача солиқ тўловчилар солиқ органи мансабдор шахсларининг ҳуқуққа зид ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

       Судга шикоят қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда белгиланган қоидаларга кўра, мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган солиқ органи жойлашган жойдаги маъмурий судга ариза бериш йўли билан амалга оширилади.

     Қонун ҳужжатларида солиқ органининг (аниқлаштирилган) солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этиш ҳуқуқи назарда тутилмагани, рад этиш тартиб-таомили ҳам, рад этиш тўғрисидаги бундай қарорнинг шакли ҳам белгиланмагани сабабли бу солиқ тўловчининг ҳуқуқлари бузилиши далилини исботлашни бирмунча қийинлаштиради. Шунга қарамай, шикоятлар сони ушбу масалани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласига ижобий таъсир кўрсатишига умид қиламиз.



Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                    А.Р.Мухиддинов

  

Skip to content