Ер тўғрисидаги қонунчиликда киритилаётган ўзгаришлар

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ–6243-сонли Фармони қабул қилиниши бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этишга хизмат қилди.

      Ер кодексининг 2021 йил 17 августга қадар амалда бўлган 23-моддаси иккинчи қисмида ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган бўлса, мазкур қонун билан 23-модданинг иккинчи қисми янги таҳрирда қабул қилиниб, унга кўра ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тартиби такомиллаштирилди ва ер участкаларини мулк қилиб бериш (реализация қилиш) — қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида; доимий фойдаланишга бериш вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан; ижарага бериш — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан, шунингдек электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди.

      Шу билан бирга, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш каби қонунбузилишларни олдини олиш мақсадида, Ер кодекси 911-модда билан тўлдирилди ва бу тўлдириш билан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш оқибатлари белгилаб берилди, жумладан, қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда, эндиликда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмаслиги, қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмаслиги, қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланиши ҳақида қоидалар белгиланди.

      Шунингдек, ушбу қонунга асосан киритилган қўшимча ва ўзгартишлар билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси, 65, 66,  67, 68, 68-1, 69-моддаларида назарда тутилган мулкка тажовуз қилиш, ердан фойдаланиш, ер бериш тартибини бузиш, ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарликлари содир этганлик учун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 197-моддасида назарда тутилган суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик ва 229-1-моддасида назарда тутилган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш жиноятлари содир этганлик учун жазо чоралари кучайтирилди. Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш учун жавобгарликни белгилашга оид 229-6-модда билан тўлдирилди.

      Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сонли “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги қарор билан “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламент”, “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги ва “Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди.

 

 

 

Қарши туманлараро

маъмурий суди раиси                                                                         А.Хушваков