Янги ўзбекистон – ҳуқуқий демократик давлат:инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари

       Халқимиз конституциявий ислоҳотлардан катта ўзгаришлар кутмоқда. Лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги ҳам фуқароларимиз ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганлигидан яққол далолат беради.

     Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда сенаторларимиз ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, 19 нафар сенаторларимиз Конституциявий комиссия таркибида Конституциявий қонун лойиҳаси устидаги ишларда бевосита қатнашдилар.

       Хабарингиз бор, Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига етказилди. Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, шунингдек, республиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ташкил этилди. Лойиҳа 10 га яқин хорижий ва халқаро экспертизалардан, шу жумладан, лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизалардан ўтказилди. Халқаро экспертлар ҳам лойиҳа халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этганлигини эътироф этдилар.

       Жорий йил 10 – мартида Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарорда унинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Конституциявий судига юбориш ҳам белгиланган эди.

       Шунга мувофиқ, Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни Конституцияга мувофиқ деб топди. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 13 ва 14-моддаларига мувофиқ, бугун Конституциявий қонун лойиҳаси Сенатда кўрилмоқда. Шу ўринда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва энг асосий, муҳим жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтсам.

       Лойиҳада мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда.

       Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

      Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.

      Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

        Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.

        Шунингдек, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

     Жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”) белгиланмоқда.

    Ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқларини муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.



Қашқадарё вилоят маъмурий

 суди в.б раиси                                                                                              Б.Қиличов