Янгиланаётган Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳамда унинг ҳуқуқий асослари

           “Гендер” сўзи-лотинча сўздан олинган бўлиб, “жинс” деган манони англатади, яъни табиатан иносон жинсини аёл ҳамда эркакка ажратиш тушунилади.

           Бу термин 20 асрнинг 70 йилларида пайдо бўлган бўлиб, айни шу йилда БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция қабул қилинган ва аёллар ҳамда эркакларнинг тенг ҳуқуқлиги тан олинган.

           Ўзбекистон Республикаси бу конвенцияни 1995 йилда ратификация қилган.

Гендер-хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир.

        Маълумки, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига қаратилган ҳуқуқий ҳимоя, ҳуқуқий кафолат сифатида маъқулланди.

     Ушбу қоннунинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қувонарли томони шундаки, минг йиллардан буён жамиятда аёл ва эркак ўртасидаги тенгсизлик ва уни ҳал этиш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган ҳуқуқий муносабатларнинг нечоғлик долзарблигига қаратилган қонундир.

      Юртимизда гендер тенглик  масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди, хотин-қизларни ижтимоий -иқтисодий қўлаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилиб, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди.

       Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ҳужжат Пекин декларацияси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришга кўмаклашади. Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга, бошқарув лавозимида 27 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот коммуникация, инновация, энергитика, муҳандислик соҳаларига кенг жалб этилди.

         Шунингдек, 81 та вазирлик ва идорада илғор, етакчи, билимли аёллардан иборат 15 мингдан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.

       Шундай бўлса-да, таълимнинг энг талаб кўп йўналиши муҳандис техник ва ҳуқуқшунослик соҳаларида аёллар улуши ҳамон камлигича қолмоқда, яъни 24 фоиз. Шу ўринда бир маълумот, Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилга 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Айни пайтда аёл судьялар сони 174 нафар, уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Судьялар орасидаги хотин-қизлар улуши 14 фоизни ташкил қилади, бундай кўрсаткич Қозоғистонда 51 фоиз, Россияда 66 фоиз, Словенияда 70 фоиз, Португалияда 75 фоизни ташкил қилади.

Гендер стратегиясини 2023-2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун ҳар йилда алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиши назарда тутилган.

         Гендер стратегиясини амалга ошириш орқали қуйидаларга эришилади:

юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиёти кенгаяди.

Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзини-ўзи банд қилишга эришилади.

Энг асосийси-хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолаталарини олди олиниб, жамиятга уларга нисбатан салбий қарашларга барҳам берилади.

         Шуниси эътиборлики, Ўзбекистонда маъкулланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси айнан парламент ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган биринчи-норматив ҳуқуқий ҳужжатдир. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга айнан қонун чиқарувчи ҳокимият даражасида, қонунлар ижросини назорат қилувчи институт миқиёсида алоҳида эътибор қаратилаётганидан, бу йўналишда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар реал воқеликни ўзгартираётганидан далолатдир.

        Қолаверса, стратегия амалга оширилиши натижасида аҳолининг деярли ярмини ташкил қилувчи хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва бандлигини таъминлаш орқали иқтисодий тараққиёт янада жадаллашишига эришилади. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси эса бу йўлда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 Қарши туманлараро маъмурий

 судининг судьяси                                                                       Зайниддинова Латофат