Янгиланаётган конституция халқ фаровонлигига хизмат қилади.

  •        Конституция мамлакатнинг асосий қонуни бўлиб, давлат ва жамият қурилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган олий юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади.

       Конституцияга мувофиқ ҳаракат қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини адолатли ҳамда тенг асосда ҳимоя қилишни англатади. Конституция халқ фаровонлиги ва инсонлар манфаатларининг энг олий ҳуқуқий кафолати ҳисобланиб, жамият ҳаётини шакллантириш ва давлатни ташкил этишнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланади.

          Инсон ҳуқуқлари замонавий давлатнинг конституциясида марказий ўринни эгаллайди ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни белгилайди. Шу сабабли, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги нормалар замонавий Конституция лойиҳасининг ажралмас қисми ҳисобланади.

          Амалдаги Конституция хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Лекин, ундаги баъзи нормаларни такомиллаштириш, бугунги кун талабларига мослаштиришни замон тақозо этмоқда.

       Шу муносабат билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасига кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпайиб, бу билан Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.      

            Хусусан, Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг  ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлигини белгиловчи қўшимча киритилди. Мазкур норма дунёнинг кўплаб давлатлари конституцияларида мавжуд.

           Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўз мамлакатидан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги 23-моддада кўрсатилган норма билан тўлдирилди. Конституциянинг дастлабки лойиҳасида “экстрадиция” деган халқаро термин билан баён этилган жумла, мазкур лойиҳада бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги халқ тушунадиган тилда баён қилинган.

            Жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган шахснинг адолатли суд орқали ҳимояланишига бўлган ҳуқуқини ифода этадиган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган “Хабеас корпус” институти ва “Миранда қоидаси”нинг мамлакатимиз қонунчилигида жорий этилиши ва мустаҳкамланишига хизмат қиладиган қатор нормалар киритилди. Бу нормалар, қонунларимизда аввалдан мавжуд бўлса-да, конституциявий қоида сифатида киритилиши муҳим аҳамиятга эгадир. Шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар айнан ушбу халқаро ҳужжатларнинг миллий қонунчилигимизда конституциявий қоида сифатида жой олаётганини кўрсатади. 

            Конституциянинг Сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилган 8-бобига Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши ҳақидаги янги норма киритилди.

            Конституциянинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар белгилаб берилган 9-бобига киритилган 47-моддага кўра, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Ушбу норма хусусий мулкнинг ҳимоясини конституция доирасида ҳимоя қилинишини кафолатлаш билан бир қаторда, мазкур Конституция лойиҳасининг 31-моддасида кўрсатилган “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга” эканлиги ҳақидаги қоидани мустаҳкамлаган ва тўлдирган.

       Янги Конституциянинг яна бир диққатга сазовор қоидаси 67-моддада белгилаб берилган. Унга кўра, Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Тадбиркорлик қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятини амалга оширишга ва ўз фаолиятини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудий иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг ҳаракатланиши кафолатланади. Айни бу қоидалар, халқ фаровонлигини ва мамлакат иқтисодиётини барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган, тадбиркорлар ва уларнинг ҳимоясини таъминлайдиган, давлат органларининг бу борадаги масъулиятини оширадиган конституциявий қоидадир.

    Таъкидлаш жоизки, Конституциянинг янги лойиҳаси инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кафолатлаш, давлатнинг халқ олдидаги масъулиятини оширадиган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларини миллий қонунчилигимизга конституциявий қоида сифатида татбиқ қилинишини таъминлайдиган қоидалар билан тўлдирилганлиги юртимиз ривожига, халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилади.




Қашқадарё вилоят  маъмурий

судининг судьяси                                                                                   Б.Аҳмедов