Солиқ мажбуриятини бажариш

         Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш шароитида амалга оширилаётган солиқ соҳасидаги ислоҳотларда асосий эътибор тадбиркорлик субъектлари иқтисодий фаолиятини солиқлар воситасида рағбатлантиришга қаратилгандир, лекин шу билан бирга солиқлар асосий функциясининг бажарилиши кўп жиҳатдан солиқларнинг бюджетга тўлиқ ва ўз вақтида ундирилиш жараёни билан боғлиқдир.

        Жумладан, Ўзбекистон Республикаси конституциясининг
51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар деб кўрсатиб ўтилган.

       Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 8-моддасида эса ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва унда назарда тутилган йиғимларни тўлаши шарт.

        Ҳеч кимга солиқлар ва йиғимларнинг барча аломатларига эга бўлган, бироқ ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмаслиги баён қилинган.

        Солиқ мажбурияти – солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ тўловчилар зиммасига юклатилган солиқларни ва йиғимларни тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳамда ўз вақтида тўлаш мажбурияти уларнинг солиқ мажбуриятидир.

   Солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ агентларининг зиммасига юклатилган, ўзига нисбатан ушбу шахслар солиқ агентлари деб эътироф этиладиган муносабатлар доирасида солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва ўз вақтида ўтказиш мажбурияти солиқ мажбуриятига тенглаштирилади.

Солиқ мажбурияти солиқ кодекси ёки бошқа солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлганда юзага келади, ўзгартирилади ва тугатилади.

    Ҳар бир солиққа нисбатан солиқ мажбурияти солиқ тўловчига cолиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган ушбу солиқни тўлашни назарда тутувчи ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан юклатилади.

    Солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддатисолиқ тўловчи ўзининг солиқ мажбуриятини, агар солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мустақил равишда бажаради.

    Якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмайдиган жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти ўзга жисмоний шахс томонидан бажарилиши мумкин. Бунда солиқ тўловчи унинг солиқ мажбурияти ўзга жисмоний шахс томонидан бажарилиши натижасида олган моддий наф солиқ солиш мақсадларида шу солиқ тўловчининг даромади деб эътироф этилмайди. Ўзга шахс ўзи томонидан солиқ тўловчи учун тўланган солиқнинг қайтарилишини талаб қилишга ҳақли эмас.

     Солиқ мажбурияти солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатда бажарилиши керак. Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари календарь сана ёки вақт даври (йил, чорак, ой, ўн кунлик ва кун) ўтиши билан белгиланади.

Муддатнинг ўтиши календарь санадан ёки муддатнинг бошланиши белгилаб қўйилган воқеа юз берганидан кейинги кундан бошланади. Солиқ мажбурияти ушбу мажбуриятни бажариш муддатининг сўнгги куни соат йигирма тўртга қадар бажарилиши керак.

Агар солиқ мажбуриятини бажариш муддатининг сўнгги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.

         Солиқ тўловчи солиқ мажбуриятини муддатидан олдин бажаришга ҳақли.

Солиқ мажбуриятини бажариш муддати Солиқ кодексининг 97, 102-моддаларида назарда тутилган тартибда ўзгартирилиши мумкин. Солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятининг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги унга солиқ органи томонидан солиқ қарзини тўлаш тўғрисида талабнома юборилиши учун асос бўлади.

        Солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбурияти бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, солиқ органлари ушбу мажбуриятнинг мажбурий тартибда бажарилиши юзасидан ушбу кодекснинг 15-бобида (солиқ қарзини ундириш) назарда тутилган чораларни кўриши ва (ёки) унинг бажарилишини таъминлашга доир ушбу кодекснинг 13-бобида (Солиқ мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш) назарда тутилган чораларни қўллаши шарт.

        Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Давлат солиқ ҳизмати тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасида солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш давлат солиқ хизмати органларининг асосий вазифаларидан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган.

         Солиқ мажбуриятининг тугатилиши – Солиқ мажбурияти, агар Солиқ кодекси 87-модданинг иккинчи – тўртинчи қисмларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, қуйидаги ҳолларда тугатилади:

солиқ тўловчи томонидан солиқ тўланганда ёки солиқ агенти томонидан ўтказиб берилганда;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ мажбуриятини тугатиш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар юзага келганда.

Жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

мазкур шахс вафот этганда;

уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда.

Вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзи Солиқ кодексининг 94-моддасида белгиланган тартибда мерос мол-мулкнинг қиймати доирасида меросхўрлардан ундирилади.

Юридик шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

Солиқ кодексининг 91-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у тугатилганда;

Солиқ кодексининг 92-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у қайта ташкил этилганда.

Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлариСолиқ органи ёки бошқа ваколатли орган солиқ текширувини ўтказишга, текширув натижалари бўйича солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборишга ёки солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тўланиши лозим бўлган солиқлар миқдорини қайта кўриб чиқишга ҳақли бўлган муддат солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ҳисобланади.

        Агар Солиқ кодексида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати, натижаларига кўра солиқ мажбурияти аниқланадиган солиқ даври тугаганидан кейин беш йилни ташкил этади. Агар солиқ мажбуриятининг юзага келиши муайян воқеа ёки ҳаракат билан боғлиқ бўлса, агар ушбу кодексида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати шу воқеа ёки ҳаракат содир бўлган пайтдан эътиборан беш йилни ташкил этади.

       Солиқ кодекси 84-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда даъво қилиш муддати солиқ тўғрисидаги қонунчиликка кўра солиқ тўловчи томонидан солиқ ставкаси, тўланадиган солиқ миқдори, солиқ имтиёзи ёки солиқ чегирмаси қўлланилиши ва (ёки) солиқни тўлаш муддати ўзгариши билан боғлиқ шартларнинг амал қилиш муддатига узайтирилади.

     Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва қайта тикланади.

Солиқ ва йиғимларни тўлаш – солиқни тўлаш, агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миллий валютада амалга оширилади.

Чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасини миллий валютада қайтадан ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг солиқни тўлаш санасидаги расмий курси бўйича амалга оширилади.

      Солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбурияти, агар Солиқ кодекси 89-модданинг тўртинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қуйидаги ҳолларда бажарилган деб эътироф этилади:

1) пул маблағларини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағидан бюджет тизимига тегишли ғазначилик ҳисобварағига ўтказишга доир топшириқнома банкка тақдим этилган пайтдан эътиборан – солиқ тўловчининг ҳисобварағида тўлов кунида етарлича пул қолдиғи мавжуд бўлган тақдирда;

2) банкда ҳисобварақ очмасдан тегишли ғазначилик ҳисобварағига бюджет тизимига ўтказиш учун банк кассасига нақд пул маблағлари топширилган пайтдан эътиборан. Бундай қоида солиқни тўлаш учун пул маблағлари етарлича бўлган тақдирда, фақат жисмоний шахслар томонидан солиқни тўлашда қўлланилади;

3) банк ёки алоқа бўлимига бюджет тизимига ўтказиш учун нақд пул маблағлари киритилган кундан эътиборан. Бундай қоида солиқни тўлаш учун пул маблағлари етарлича бўлган тақдирда, фақат жисмоний шахслар томонидан солиқни тўлашда қўлланилади;

4) ғазначиликда шахсий ҳисобварағи очилган юридик шахснинг шахсий ҳисобварағида тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир операция акс эттирилган пайтдан эътиборан;

5) ортиқча тўланган суммаларни ёки ортиқча ундирилган солиқлар, пенялар, жарималар суммаларини тегишли солиқ тури бўйича мажбуриятнинг бажарилиши ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисида солиқ органи томонидан қарор чиқарилган кундан эътиборан;

6) солиқни ҳисоблаб чиқариш ва солиқ тўловчининг пул маблағларидан ушлаб қолишга доир мажбурият ушбу кодексга мувофиқ солиқ агентига юклатилган бўлса, солиқ суммалари солиқ агенти томонидан ушлаб қолинган кундан эътиборан.

       Солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбурияти қуйидаги ҳолларда бажарилган деб эътироф этилмайди:

1) тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган топшириқнома солиқ тўловчи томонидан қайтариб олинганда ёки банк томонидан унга қайтарилганда;

2) ғазначиликда шахсий ҳисобварағи очилган юридик шахс томонидан тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган топшириқнома қайтариб олинганда ёки ғазначилик томонидан унга қайтарилганда;

3) пул маблағлари ушбу пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир тўлов топшириқномасида банк реквизитлари нотўғри кўрсатилганлиги сабабли бюджет тизимининг тегишли ғазначилик ҳисобварағига ўтказилмай қолганда;

4) агар солиқ тўловчи солиқ тўлови учун банкка пул маблағларини ўтказиш учун топшириқнома тақдим этган куни унинг фуқаролик қонунчилигига мувофиқ биринчи навбатда бажариладиган ҳисобварағига тақдим этилган бажариб бўлмайдиган бошқа талаблар мавжуд бўлса, агар ушбу ҳисобварақда барча талабларни қаноатлантириш учун етарлича қолдиққа эга бўлмаса.

Ушбу қоидалар пенялар ва жарималарга нисбатан ҳам қўлланилади ҳамда солиқ агентларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

      Солиқ органлари бюджет тизимига тушумлар ҳисобини ҳисобланган ҳамда тўланган солиқлар ва йиғимлар суммаларини, шунингдек пенялар ва жарималарни солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағида акс эттириш орқали юритади. Солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ тўланиши лозим бўлган, солиқлар ва йиғимларнинг, шунингдек пенялар ва жарималарнинг бюджет тизимига тушумлари ҳисобини юритади. Ҳисоб юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

      Ундирилиши бошқа давлат органлари ва ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

     Шу ўринда солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида бажармаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик балки жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши қонунчиликда белгилаб қўйилган.

     Жумладан, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддасида солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш маъмурий ҳуқуқбузарликни келтириб чиқариши, модданинг иккинчи қисмида худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этишни назарда тутса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш модданинг учинчи қисмида маъмурий жавобгарлик сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган.

     Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида эса солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жумладан, фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яширишни, камайтириб кўрсатишни, шунингдек давлат томонидан белгиланган солиқларни ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Модданинг 2-қисмида солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш:

а) такроран;

б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 3-қисмида солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Модданинг 4-қисмида қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Модданинг 5-қисмида эса биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг содир этилган жиноят ҳақидаги хабарини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши кўрсатиб ўтилган.




Қарши туманлараро маъмурий

 судининг судьяси                                                                               А.Мухиддинов