Референдум тушунчаси, тарихи ва Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби

       Референдум сўзи лотинча сўздан олинган бўлиб, бу фуқароларнинг давлат, вилоят ёки маҳаллий кўламда энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли орқали ўз фикрларини бевосита билдиришларидир.

     Бевосита демократиянинг муҳим воситаси ҳисобланади. Референдум — бевосита демократиянинг муҳим институти бўлиб, умумдавлат ҳамда ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган қарорларни қабул қилинишида жамиятнинг қатнашишини таʼминлайди. Референдумнинг ўтказилиш жараёнининг қоида ва шартлари ҳар бир давлатнинг конституцияси ва қонунчилиги томонидан белгиланади.

     Референдумнинг сайловлардан асосий фарқи шундаки, референдум ўтказилаётганда бирон бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала — қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатишлар, мамлакатхалқаро мақомига тааллуқли ёки ички сиёсатига оид бирон бир савол қўйилади. Сайлов натижалари мажоритар тизим бўйича ҳам, пропорсионал тизим бўйича ҳам аниқланиши мумкин бўлса, референдум натижалари фақат мажоритаризм (мутлақ кўпчилик овозини ҳисоблаш) тамойиллари асосидагина аниқланиши мумкин.

      Референдумнинг ўтказишнинг бир қанча шакллари мавжуд бўлиб, Конституцияга ёки қонунларга тааллукди референдум ўтказилиши мумкин. Биринчи ҳолда янги конституция лойиҳаси ёки конституцияга қилинадиган ўзгартириш ва тузатишлар бўйича референдум ўтказилса, иккинчи ҳолатда қонун лойиҳаси ёки кучга кирган қонун боʻйича референдум ўтказилади. Ҳуқуқий аҳамияти жиқатдан маслаҳат референдумлари (халқ сўрови деб ҳам аталади) ва ҳал қилувчи референдумлар бўлади. Маслаҳат референдумлари бирон бир масала юзасидан сайловчиларнинг иродасини аниқлаб олиш бўйича оʻтказилиб, ана шу асосида давлатнинг бошқа органлари қарор чиқаради (бундай референдумлар Швейсария, Испанияда ўтказилади). Ҳал қилувчи референдумларда бирон-бир масала узилкесил қарор чиқариш учун сайловчилар овозига қўйилади.

     Бундан ташқари, мажбурий ва факултатив референдумлар бўлади. Референдумлар ўтказиш зарурати конституция ёки бошқа конституциявийҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилган бўлса (конституция ўзгартириладиган ҳолда) мажбурий референдум ўтказилади. Факултатив референдумлар тегишли давлат органи ёки сайлов корпуси иродасига боғлиқ ҳолда ўтказилади.

          Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби ва шартлари:

Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

         Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.

        Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.

     Ўзбекистон Республикасида “Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида”ги Қонун дастлаб 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун 2001 йил 30 августда халқаро андозаларга маос ҳолатда янги таҳрирда қабул қилинди.

      “Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир, деб белгилаб қўйилган.

      “Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасида референдум ўтказиш ташаббусига эга субъектлар кўрсатилган бўлиб, улар қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни кўрсатишда, референдумга қўйиладиган қонун лойиҳасини ёки ўзга қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, шунингдек масала таърифини (моҳиятининг аниқ ифодасини) белгилашда тенг ҳуқуқларга эгадирлар.

Ушбу қонуннинг 2-моддасида референдум предмети бўлиши мумкун бўлмаган масалалар кўрсатилган бўлиб, булар:

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар;

амнистия ва авф этиш;

жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш билан боғлиқ ҳолатлардир.

            Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этилган ҳарбий вақт ва фавқулотда ҳолат шароитларида, шунингдек ҳарбий вақт тугаган ёки ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан кейин 3 ой референдум ўтказиш мумкин эмаслиги баён қилинган.

            Референдум натижалари эъло қилинганидан кейин бир ой давомида мазмун ёки маъносига кўра шундай савол қўйилган референдум ўтказилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб қўйилган.

Қонуннинг 5-моддасида ўтказишнинг асосий пренциплари кўрсатилган бўлиб, улар қуйидагилар

             Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

         Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди.

         Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари референдум ўтказилишини ёқлаб ёки унга қарши, референдумга қўйилаётган қонун лойиҳаси, амалдаги қонун ёки бошқа масалани ёқлаб ёки унга қарши монеликсиз ташвиқот олиб боришга ҳақлидирлар.

        Референдум ўтказиладиган кун ёки референдумга бир кун қолганида ташвиқот олиб бориш мумкин эмас.

Референдумда овоз бериш вақти ва жойи, овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида ўн кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.

        Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа статсионар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка комиссияси овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

          Референдумда овоз бериш тартиби:

Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

         Фуқаролар референдумга қўйилган масалага қарши овоз берадиган бўлсалар, масала таърифи матнини ўчирадилар ёки масалани ёқлаб овоз берадиган бўлсалар, уни ўчирмайдилар.

           Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.

            Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.




Қарши туманлараро маъмурий

 суди судъя ёрдамчиси                                                                               Т.Бобоев