Референдум ва сайловнинг фарқли жиҳатлари

       Маълумки шу йилнинг 30 апрель санасида “Ўзбекистон Республикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми ўтказилади.

         Референдум ва сайловнинг фарқли жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади: референдумда мамлакат ҳаёти учун энг муҳим бўлган масалалар юзасидан қонун ёки қарор қабул қилиш масаласи умумхалқ овозига, яъни фуқаролар овоз беришлари учун қўйилади. Бу жараёнда фуқаролар эркин ва ихтиёрий равишда ўз муносабатини билдирадилар.

           Сайловда эса бир нечта номзодлар тақдим этилади, фуқароларга ўзларига муносиб номзодни танлаш имконияти берилади. Демократик сайловлар соғлом рақобат муҳитида, бир эмас, бир нечта номзодлар қўйилган ҳолда ўтказилиши лозим.

      Референдум округлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида тузилади.

        Референдум округларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари жойлашган ер кўрсатилган рўйхатлари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин кечи билан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.

       Қонунчилигимизга кўра, парламентнинг референдум тайинлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан кейин 25 кундан кечиктирмасдан референдумни ўтказувчи участка комиссиялари ташкил этилади ҳамда уларнинг аъзолари тасдиқланади.

        Референдумни ташкил этиш ва ўтказиш учун Марказий сайлов комиссияси, референдумни ўтказувчи округ ҳамда участка комиссиялари масъул ҳисобланади.

Ҳар бир фуқаро, аввало, ўзининг референдум участкаси ҳудуди қаерда жойлашганини, унда иштирок этиш тартибларини билиши лозим. Агар овоз бериш кунида ўз ҳудудида бўлмаса, муддатидан олдин овоз бериш имкониятларидан фойдаланиши мумкин, бундан ташқари, фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудуддан бошқа ҳудуддаги участкага бириктирилган бўлса, интерфаол хизмат кўрсатиш хизматининг кейинги босқичига ўтиб, сўровномани тўлдирган ҳолда ўзларининг участкасини ўзгартириш имкониятига ҳам эга.

      Референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари “ҳа” ёки “йўқ” ёхуд “рози” ёки “қарши” деб кўрсатилади.

     Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек референдум ўтказувчи округ комиссиясининг қарорига биноан тегишли референдум округи аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда чоп этилади.

        Референдум бюллетенига референдумга қўйилаётган масаланинг матни киритилади. Жорий референдум ҳақида биламизки, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилган. Умумхалқ овози, яъни референдум орқали ҳам қонунларни қабул қилиш мумкин. Шунинг учун “қабул қиласизми” деган савол қўйилади. Шуни такидлаб ўтиш жоизки, “маъқуллайсизми”, “қўллаб-қувватлайсизми” шаклида эмас, айнан “қабул қиласизми” кўринишида савол қўйилган.



 Қарши туманлараро маъмурий

суди судья ёрдамчиси                                                                                С.Қаршиева