Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг янги тартиби

    Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда.

         Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида ҳам ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланди. Янги таҳрирдаги Конституция – адолат мезони, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати бўлди.

        Кейинги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

       Судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлди.

      Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигигини текширишнинг амалдаги тартиби асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилган тизимини вужудга келтириб, ўрта бўғин – вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланилишини чеклаб қўйди.

       Оқибатда шикоятдаги важлар ҳар тарафлама тўлиқ текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, қуйи судларга янгидан кўриш учун юбориш ҳолатлари учраб келган.

      Бундан ташқари, апелляция тартибида кўрилмаган ишларнинг келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги ҳақидаги қонун талаблари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келган.

        Шу муносабат билан фуқароларнинг бундай эътирози ва сарсонгарчилигини олдини олиш, ягона суд амалиётини шакллантириш, ишларнинг сифатли ҳамда ўз вақтида кўрилиши орқали ҳақиқий одил судловни амалга ошириш, пировардида инсон ҳуқуқларининг ҳақиқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўришнинг механизмини янада такомиллаштириш ва янги тартибини жорий этиш зарурияти келиб чиқди.

      Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сонли Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш назарда тутилди.

        Шу муносабат билан, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини янада кенгроқ, ишончли ҳимоя қилиниши таъминлаш мақсадида Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди.

     Ушбу қонунлардан бири Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги 889-сонли қонун 2023 йил 25 декабрда қабул қилинди.

     Фуқароларга одил судловдан фойдаланишда кенгроқ имконият яратиш, ишларнинг сифатли ҳамда ўз вақтида кўрилишини таъминлаш мақсадида
2024 йил 1 январдан эътиборан суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилди.

       Энг муҳим жиҳатлардан яна бири, юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш назарда тутилди.

      Шу сабабли, бугунги кунда ўтказилган ўқув семинар машғулотида қабул қилинган Қонун мазмун-моҳияти тушунтирилиб, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби юзасидан семинар машғулоти иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

         Қонун билан қабул қилинган ўзгартиш ва қўшимчалар: фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга, судлар учун ягона суд амалиётини таъминлашга қаратишга, судларнинг масъулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига хизмат қилади.

Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2023 йил 12 ойи давомида бекор бўлган хоким қарорлари тўғрисида маълумот

       Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2023 йилнинг 12 ойи мобайнида биринчи инстанция судларида жами 1307 та шикоят ариза келиб тушган бўлиб, шундан 1145 та маъмурий ишлар кўриб чиқилиб, 614 та аризалар қаноатлантирилган, 430 та аризани қаноатлантириш рад этилган, 69 та ариза бўйича иш юритиш тугатилган, 32 та аризалар кўрмасдан қолдирилган, 70 та иш қайтарилган, 87 та иш қабул қилиш рад этилган.

        Мазкур кўрилган ишлар бўйича, жорий йилнинг 12 ойи мобайнида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишлар бўйича қаноатлантирилган шикоят аризалар сони 252 тани ташкил этади.

          Жумладан:

         -Маҳаллий ҳокимликлар билан боғлиқ ишлар бўйича 59 та.

        -Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан боғлиқ ишлар бўйича 122 та.

       -солиқ органлари билан боғлиқ ишлар бўйича 36 та.

   -Мажбурий ижро бюроси билан боғлиқ ишлар бўйича 35 та ариза қаноатлантирилган.

          Шунингдек,

      -давлат органи ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун ҳақиқий эмас деб топилган қарорлари бўйича мансабдор шахсларга нисбатан 60 та хусусий ажрим;

           -мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 6 та хабарнома чиқарилган.

           Қашқадарё вилоят

           маъмурий суди раиси                                                              Ғ.Давлатов

   

Янги   конституцияда   суд   тизимини  шакиллантириш мезонлари

       Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда келтирган маълумотлар, фикр-мулоҳазалари концептуал – стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистонда 2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб янги сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар йўлга қўилди. Айниқса, суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар мутлоқ замонавий мезон асосида, жумладан одил судловда очиқлик, жамоатчилик меҳанизми қўлланиши, суд ҳукми қабул қилинишида инсонпарварлик тамоийили намоён бўлишида ўз ифодасини топмоқда. Масалан, Ўзбекистон республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади деган норма киритилди.

       Бундан ташқари,  Ўзбекистон республикаси Конституциясининг 130-моддасида Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши  кўрсатиб ўтилди.

        Шу боис, Президент йиғилишда судларда тортишув муҳитини шакиллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатма берди.

     Хулоса қилиб айтадиган булсак, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ва эркинликлари бундан буён барча сохаларда устувор аҳамият касб этишини қатъий қоидага айлантириш, бир суз билан айтганда, “Инсон кадри учун” Ғоясини хамда бугунги ислохотларнинг бош тамойили булган “Инсон — жамият — давлат” деган ёндашувни янги тахрирдаги Конституция лойиуасининг мазмун-моуиятига чуқур сингдириш мухим ахамият касб этади.

     Узбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нуткида  мадсадимиз — дар бир юртдошимиз ушбу хужжатни менинг Конституциям деб фахрланадиган мукаммал даражага олиб чидишдир”, деб таъкидлаган эди.

      Қайд этиш керакки, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар одил судловни амалга ошириш орқали инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш, жамиятда судлар ва судьяларнинг мақоми ва масъулиятини ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини инсон қадрини устувор деб баҳолашга асосланганлигини кўрсатади.


Қарши туманлараро                                                                               

маъмурий суд раиси                                                                                     Б.Уралов

Қашқадарё вилоят маъмурий суди биносида “Яшил макон умуммиллий лойиҳаси” доирасида  оммавий кўчат экиш ишлари бўлиб ўтмоқда

     Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 ноябрь куни “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан” бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш борасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

       Қашқадарё вилоят хамда Қарши туманлараро маъмурий судлари ходимлари ҳам акция доирасида тадбир ўтказишди. Тадбир давомида вилоят маъмурий суди биноси ҳудудида турли хилдаги мевали ва манзарали кўчатлар экишди.

Қашқадарё вилоят маъмурий суди ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, туман бўлимлари масъул ходимлари иштирокида амалий-семинар машғулоти ўтказилди.

       Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Қашқадарё вилоят маъмурий суди томонидан “Суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш ва давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан судларга шикоят келтириш тартиби ҳамда ишларни кўришда юзага келаётган муаммолар” мавзусида амалий-семинар машғулоти ўтказилди.

      Мазкур амалий-семинар машғулотида вилоят, туманлараро судлари судьялари ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, туман (шаҳар) бўлимлари масъул ходимлари иштирок этиб, суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этишда юзага келаётган айрим тушунмовчиликларнинг ечимини топиш, суд идоралари ва бюро масъул ходимлари ўртасида ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги хатолик ва муаммоларни бартараф қилиш мақсадида, ишларни тўғри ва қонунга бўйсунган ҳолда ташкиллаштириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

   Таҳлилларга кўра, жорий йилда Мажбурий ижро бюроси мансабдор шахсларининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ жами 104 та (ўтган йили 82 та) маъмурий иш кўрилган бўлиб, кўрилган ишлар сони  ўтган йилга нисбатан 26 %га ўсган.

       Кўрилган ишлардан 42 таси (ўтган йили шу даврда 25 таси) қаноатлантирилган, 44 таси рад қилинган, 12 та ариза юзасидан иш юритиш тугатилган бўлса, 6 ариза кўрмасдан қолдирилган.

        Мазкур тоифа ишларни кўриш таҳлилидан келиб чиқиб ҳамда  бундай тоифадаги ишларнинг сони нисбатан кўпайганлигини инобатга олиб, суд қарорларининг ижроси барқарор таъминланиши, давлат ижрочиларининг ижро ҳужжатларини ижросини таъминлашда амалга оширган ҳаракат (ҳаракатсизлиги) ва қабул қилинаётган қарорларига баҳо беришда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси Ғ.С.Давлатов иштирокида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди

            2023 йил 1 ноябрь куни Қарши шахрида Қашқадарё вилоят маъмурий суди раиси Ғ.С.Давлатов иштирокида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди. Сайёр қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш, уларнинг қонуний хал этилишини таъминлаш мақсадида улар билан сухбатлашилди ва муаммолари ўрганиб чиқилиб, жойида тегишли чора тадбирлар белгиланди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ислоҳотларимиз шиддати,халқ хаётини яхшилаш ва мазмундорлигини оширишга хизмат қилади

Шу кунларда Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси кенг жамоатчилик эътиборида бўлиб турибди.

Стратегияда беш йўналиш;

-ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш,

-барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш,

-сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш,

-қонун устуворлигини таъминлаш,

-халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш бўйича 100 та мақсад ўрин олган.

Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.

Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш, унинг ижросини ташкил этиш ва мониторинг қилиш масалалари ўз аксини топган, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида стратегияни 2023 йилда амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар ҳамда 2024 йилга мўлжаллан вазифалар акс этган. Бунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари содда ва қулай шаклда ифодалангани билан аҳамиятлидир.

Мазкур стратегияда таълим тизими ислоҳотларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Бу – бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб, юксак тараққий этган жамият барпо этиш мушкул. Шу боис, стратегияда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган таълим ислоҳотларини тизимли асосда давом эттириш ва янги босқичга кўтариш кўзда тутилган. Жумладан, педагоглар малакасини ошириш имкониятини кенгайтириш ва уларнинг моддий турмуш шароитини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган.

Стратегияда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни чет мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш режасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу педагогларимиз учун катта имконият бўлиб, илғор хорижий давлатлар тажрибасини амалиётда қўллашга кенг йўл очади.

Олий таълим билан боғлиқ ишлар алоҳида эътиборга эга. Стратегияда олий таълим қамровини янада кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадлари назарда тутилган. Ҳозирги кунда ОТМларнинг асосий мақсадларидан бири малакали кадрлар тайёрлаш ва дунёнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатишдир. Шундан келиб чиқиб, хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни ҳам жорий этиш дастури киритилмоқда.

Қувонарли яна бир жиҳати шундаки, мамлакатимиз ОТМлари кейинги йилларда сезиларли натижаларга эришмоқда. Яқинда Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти “Times Higher Education” агентлиги томонидан эълон қилинган “Тhе Impact Rankings” рейтингида мамлакатимиздаги 47 та олий таълим муассасаси қайд этилгани бунинг исботидир. Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат юридик университети нуфузли ўринларни эгаллади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат юридик университети “Times Higher Education” томонидан “Young University Rankings” рейтингида тан олинди. Ушбу мақом туфайли ТДЮУ нуфузли рейтингларга кириш учун номзод мақомига эга бўлди.

Бундан ташқари, стратегияда ҳар йили 5 минг профессор-ўқитувчини тажриба алмашиш учун хорижий илмий ташкилотларга юбориш кўзда тутилган. Ушбу дастур профессор-ўқитувчиларнинг чет элдаги илмий институтлар билан академик алмашинуви учун катта имкониятдир.

Инвестиция йўналиши бўйича ҳам катта марралар кўзланди. Хусусан, иқтисодиётга 250 миллиард долларлик янги инвестициялар, жумладан, 110 миллиард доллар хориждан, яна 40 миллиард долларлик маблағ давлат-хусусий шериклик дастурлари орқали жалб этилиши кўзда тутилган.

Бундан буён ҳар бир туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида рейтинг жорий этилади. 150 миллиард долларлик 500 дан ортиқ стратегик технологик ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган ўрта бизнес субъектларига 5 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратилади.

Қишлоқ хўжалиги саноатини ривожлантириш ҳам муҳим вазифа этиб белгиланган. Жумладан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш 25 фоиздан юқори даражага кўтарилади. Ўзбекистонда 2,5 миллион тонна сиғимга эга 100 та агрологистика маркази қурилади. 300 минг гектар интенсив боғ ва узумзор сувни тежайдиган технологиялар билан таъминланади, шунингдек, тармоқ ходимлари учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Пиллачиликни ривожлантириш мақсадида тут плантацияларига яна 105 минг гектар ер ажратилади. Пахта ҳосилдорлиги гектарига 45–50 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги 80–85 центнерга етказилади.

Стратегияда миллий кинематографияни ривожлантириш кўзда тутилди. Бу борада Муҳаммад Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо ҳақида дунё кино бозорларида рақобат қила оладиган янги бадиий фильмлар яратиш мақсадлари ўз аксини топган. Буюк аждодларимизга бағишланган юқори сифатли фильмлар суратга олиниши ўзбек маданиятини бутун дунёга янада кенгроқ очиб бериш имконини беради.

Миллий кинематографияни ривожлантириш учун миллий фильмларнинг нуфузли халқаро кинофестивалларда иштирокини таъминлаш ҳамда энг оммабоп интернет платформаларига жойлаштириб бориш назарда тутилган. “Netflix”, “Amazon”, “Disney” каби энг оммабоп 10 та интернет платформасининг фильмларга технологик талабларини ўрганиш ва мослаштириш мақсади ёшлар ва кино ихлосмандлари учун энг яхши хабар бўлди. Ушбу платформалар орқали халқимиз сифатли ва асл дубляжда фильмлар томоша қилиши мумкин бўлади. Таъкидлаш жоизки, ушбу платформалар муаллифлик ҳуқуқининг юқори ҳимоясига эга, бу эса одамларни сифатсиз фильмлар томоша қилишдан огоҳлантириш имконини беради.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган ва амалга оширилиши давом этаётган, ўз аҳамиятини йўқотмаган барча долзарб мақсад ва вазифалар бажарилиши таъминланади.

Бунда бош мақсад эътиборлидир. Президент фармонида таъкидланганидек, халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсади сифатида белгиланди.

Стратегиянинг тўртинчи йўналиши – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш мақсадларига алоҳида аҳамиятга эга.

Президентимиз йиғилишларда “Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик. Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш”, деб эътироф этган.

Мана шу мақсадлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ўз аксини топгани эътиборлидир. Юқорида таъкидлаганимиздек, стратегиянинг бош мақсадларидан бири – адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш ҳисобланади.

Жумладан, стратегиянинг тўртинчи йўналиши 87-мақсади, айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бағишланган. Унга кўра, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб, иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқлар ёрдамида тўлиқ рақамлаштириш борасидаги вазифалар белгиланган.

Бу вазифа ва мақсадларнинг аҳамияти нималарда кўзга ташланади? Қайд этиш жоизки, ХХI асрга ахборот технологиялари асри сифатида қаралмоқда. Шу сабабли, жамият фаолиятининг турли соҳаларига инновацион технологиялар шиддат билан кириб келмоқда.

Қўшимча тергов қилинадиган ишлар суръати ошган бўлиб, ушбу иш юкламасини енгиллаштириш эса соҳада илғор рақамли технологиялардан фойдаланишга бўлган талабни оширади.

Айни талаб, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда ҳам ўз долзарблигига эга. Дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва аянчлиси одам савдоси, афсуски, бизнинг даврда ҳам кўпайиб бормоқда. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бераётгани ҳам сир эмас.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 2,7 миллион киши, жумладан, 600–800 минг атрофида аёллар ва болалар одам савдоси қурбони бўлмоқда. Ушбу жиноят туфайли дунё бўйича йилига 7 миллиард АҚШ доллари атрофида пул ноқонуний айланади. Мазкур статистика тергов органлари олдига ҳар бир ҳолатда адолатни қарор топтириш вазифасини қўяди.

Телекоммуникация ва электротехника соҳасидаги замонавий технологиялар жадал ривожланиши айрим жиноятчилар томонидан кўплаб жиноий ҳаракатларни содир этиш натижасида катта фойда олиш имконини бераётганини кундалик ҳаётимизда кузатиб турибмиз. Лекин баъзи ҳолларда уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли далилларни ўз вақтида тўплаш имкони бўлмайди. Шу сабабли, бу жараёнга ҳам инновацион технологияларни жорий этилди.

Трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш амалиёти нафақат унга қарши кураш воситалари ва усулларини такомиллаштиришни, балки жиноят ишларини тергов қилиш бўйича янги процессуал механизмлар яратишни ҳам талаб қилди.

Суриштирув, тергов ва суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирги вақтда жиноят ишларида исботлаш воситалари ва усуллари тизимида янги техник воситалар муваффақиятли қўлланилаяпти.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят иши юзасидан барча исботлаш йўллари ва далилларни тезкор ва аниқ қайд этишга имкон берадиган аудио, видео ёзувлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланишда катта тажриба тўплаган. Бугунги кунда жиноятларни тезкор ва қисқа муддатда тергов қилиш ва жазо муқаррарлигини таъминлашда бир қанча инновацион технологиялардан фойдаланиб келинмоқда.

Маълумки, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар асосан чет элга мўмайгина даромад топиш ваъдаси билан бошланади ва хорижий давлатда фаолият олиб бориш ҳақида сўз юритилади. Тергов амалиётида ушбу турдаги жиноятларни тергов қилиш вақтида хорижий давлат фуқароларининг ҳам кўрсатувларини олишга тўғри келади. Бу эса кўп вақт сарфига ва исботлаш субъекти олдида катта муаммоларни вужудга келтиради.

Агар биз “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида соҳага доир кўзда тутилган мақсадларни тўлақонли амалга оширишни истасак, қуйидаги усулларни амалга оширимиз муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, барча тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш керак. Бу жиноятни тергов қилишда ва суд жараёнида жиноят процесси вақтини камайтиради. Мамлакатимизнинг исталган манзилида яшовчи гувоҳ, жабрланувчи ва бошқа процесс иштирокчилари билан боғлиқ тергов ҳаракатларини олиб бориш, томонларнинг барча иштирокчиларини тўлиқ сўроқ қилиш, тақдим этилган далилларни ўрганиш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳати: маълумки, жиноят процессида ўз қилмишидан пушаймон бўлган гумонланувчилар билан бирга жабрланувчига нисбатан адоват билан қаровчи жиноят содир этган шахслар ҳам кузатилади. Шундай вазиятларда юзлаштириш тергов ҳаракатлари вақтида масофавий тергов ҳаракатининг аҳамияти катта. Шунингдек, тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш керак бюджет маблағларини тежашга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида инсон ҳуқуқларини, адолатни таъминлашга доир барча мақсадлар жамиятимизда инсон қадрини юксалтириш тамойилларини амалиётга кенг тарғиб қилишни кўзлаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Нармуратов Бахром Зиядуллаевич

Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси

 

 

“Ўзбекистон-2030” стратегиясидан кўзланган мақсад-ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли фаровонлигига эришишдир.

        2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

           Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ўтказилган президентлик сайлови яна бир бор жамиятимизнинг сиёсий етуклиги, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватлаганидан далолат          бермоқда.

         Шу билан бирга, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

         Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш       

Мақсадида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2023 йил                                   11 сентябрдаги 158-сонли “Ўзбекистон-2030” стратегияси қабул қилинди.

       Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида

       барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;

       аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;

       аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;

        халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;

        мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ғоялари акс эттирилган.

      I. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш.

      II. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш.

      III. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.

      IV. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувиини ташкил этиш.

      V. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилигига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

      4-йўналиш бўйича,  аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини (тугмали) светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш.

Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш.

Судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш.

Маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш.

Судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш.

Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш.

Маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизиниэлектрон шаклда келиб тушишига эришиш.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизидаҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш.

Суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш.

Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш.

Бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш.


Ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш.

Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш.

Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизинихусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш.

Жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш.

100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш.

Адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигинитаъминлаш.

Адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш.

Адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш.

Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш.

«Transparency International» халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш.

Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш.

Давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш.

100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш масалалари киритилган.

 

 


Қарши туманлараро маъмурий

 судининг судьяси                                                               Л.С.Зайниддинова

Янгиланаётган Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳамда унинг ҳуқуқий асослари

           “Гендер” сўзи-лотинча сўздан олинган бўлиб, “жинс” деган манони англатади, яъни табиатан иносон жинсини аёл ҳамда эркакка ажратиш тушунилади.

           Бу термин 20 асрнинг 70 йилларида пайдо бўлган бўлиб, айни шу йилда БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция қабул қилинган ва аёллар ҳамда эркакларнинг тенг ҳуқуқлиги тан олинган.

           Ўзбекистон Республикаси бу конвенцияни 1995 йилда ратификация қилган.

Гендер-хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир.

        Маълумки, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига қаратилган ҳуқуқий ҳимоя, ҳуқуқий кафолат сифатида маъқулланди.

     Ушбу қоннунинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қувонарли томони шундаки, минг йиллардан буён жамиятда аёл ва эркак ўртасидаги тенгсизлик ва уни ҳал этиш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган ҳуқуқий муносабатларнинг нечоғлик долзарблигига қаратилган қонундир.

      Юртимизда гендер тенглик  масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди, хотин-қизларни ижтимоий -иқтисодий қўлаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилиб, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди.

       Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ҳужжат Пекин декларацияси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришга кўмаклашади. Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга, бошқарув лавозимида 27 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот коммуникация, инновация, энергитика, муҳандислик соҳаларига кенг жалб этилди.

         Шунингдек, 81 та вазирлик ва идорада илғор, етакчи, билимли аёллардан иборат 15 мингдан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.

       Шундай бўлса-да, таълимнинг энг талаб кўп йўналиши муҳандис техник ва ҳуқуқшунослик соҳаларида аёллар улуши ҳамон камлигича қолмоқда, яъни 24 фоиз. Шу ўринда бир маълумот, Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилга 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Айни пайтда аёл судьялар сони 174 нафар, уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Судьялар орасидаги хотин-қизлар улуши 14 фоизни ташкил қилади, бундай кўрсаткич Қозоғистонда 51 фоиз, Россияда 66 фоиз, Словенияда 70 фоиз, Португалияда 75 фоизни ташкил қилади.

Гендер стратегиясини 2023-2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун ҳар йилда алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиши назарда тутилган.

         Гендер стратегиясини амалга ошириш орқали қуйидаларга эришилади:

юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиёти кенгаяди.

Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзини-ўзи банд қилишга эришилади.

Энг асосийси-хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолаталарини олди олиниб, жамиятга уларга нисбатан салбий қарашларга барҳам берилади.

         Шуниси эътиборлики, Ўзбекистонда маъкулланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси айнан парламент ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган биринчи-норматив ҳуқуқий ҳужжатдир. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга айнан қонун чиқарувчи ҳокимият даражасида, қонунлар ижросини назорат қилувчи институт миқиёсида алоҳида эътибор қаратилаётганидан, бу йўналишда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар реал воқеликни ўзгартираётганидан далолатдир.

        Қолаверса, стратегия амалга оширилиши натижасида аҳолининг деярли ярмини ташкил қилувчи хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва бандлигини таъминлаш орқали иқтисодий тараққиёт янада жадаллашишига эришилади. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси эса бу йўлда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

 Қарши туманлараро маъмурий

 судининг судьяси                                                                       Зайниддинова Латофат

Skip to content