Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган  жисмоний шахснинг cолиқ қарзини ундириш

       Сўнгги йилларда юртимизда солиқ юкини камайтириш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига солиқ имтиёзларини бериш, солиқ тўловчиларга енгилликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017-2021 йиллар давомида солиқ турлари 16 тадан 9 тага камайтирилди, назорат шакллари 13 тадан 2 тага қисқартирилди, мол-мулк солиғи, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга, ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) 20% дан 15% га туширилди, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажарилиш даражаси 80%дан 95% ошди. “Economic freedom” иқтисодий эркинлик рейтингида “Tax burden” солиқ юки индикатори бўйича кўрсаткич 90.7 баллдан 92.4 баллга кўтарилди 2020 йил 31 декабрь ҳолатига бюджетга солиқлар ва йиғимлардан жами 103,6 трлн. сўм тушган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йил 31 декабрь ҳолатига 127,9 трлн. сўмни ташкил қилган. Ушбу тушумлардаги энг кўп улуш юридик шахслардан олинадиган фойда солиғига (38,4 трлн.) ва қўшилган қиймат солиғига (25,6 трлн.) тўғри келади

      2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида:

  • 2026 йил бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш;
  • Давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ва 2023 йилдан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш вазифалари қўйилди
  •       Солиқ мажбуриятини ўз вақтида бажариш ҳар қандай шахс учун унинг зиммасидаги солиқ юкини бартараф қилишга, молиявий санкциялар қўлланилишини олдини олишга, қўшимча йўқотишларга дуч келмасликка имкон беради.

     Иқтисодиётнинг ривожланиши билан солиқ ҳуқуқи нормалари ҳам такомиллашмоқда. Солиқ ставкалари ва солиқларни тўлаш манбалари ўзгармоқда, декларацияларни тақдим этиш ва мажбуриятни бажариш тартиби ва муддатлари қайта кўриб чиқилмоқда. Бироқ, солиқлар ва йиғимларни тўлаш борасидаги ҳуқуқбузарликлар тўлиқ бартараф қилинди, деб айта олмаймиз.

 Умуман, тўланмаган солиқ қарзи давлат иқтисодиётини беқарорлаштирувчи омилларидан бири саналади ва давлатнинг пул ресурслари камайишидаги асосий манба сифатида эътироф қилиш мумкин.

      Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбур эканлиги кўрсатилган.

      Бевосита солиқ қарзи тушунчасига тўхталадиган бўлсак, солиқ қарзи фақат солиқларнигина ўз ичига олмайди. Солиқ қарзи деганда, ҳисобланган ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқлар ва йиғимлар, шунингдек тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар тушунилади. Демак, ушбу атама солиқлардан ташқари йиғимлар, молиявий санкциялар ва пеняларни ҳам қамраб олади. Солиқ қарзини ундириш усулларига қуйидагилар киради:

  • талабнома юбориш орқали (фақат юридик шахс ва ЯТТлар учун);
  • Суд буйруғи ёки даъво тартибида;
  • Солиқ қонунчилиги солиқ қарзини ундириш масаласида юридик шахслар учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида талабларни белгилайди. Юридик шахслар ҳисобрақамлар орқали тегишли операциялар амалга ошириши, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга эга бўлиши ва жисмоний шахслар эса ундирув қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулкка эгалик қилиш уларга алоҳида қоидалар ишлаб чиқиш лозимлигини тақозо қилади.

     Солиқ кодексининг 125-моддасига асосан, якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахс  солиқ тўлаш  бўйича мажбуриятларини белгиланган муддатда  бажармаган бўлса, солиқ органи солиқ қарзини ушбу жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилади.

    Ундириш тўғрисидаги аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилиниши мумкин. Ундириш тўғрисидаги аризанинг нусхаси у судга берилган кундан кечиктирмай солиқ органи томонидан солиқ қарзи ундирилаётган жисмоний шахсга юборилади.

      Агар жисмоний шахснинг солиқ қарзи умумий суммаси бир миллион сўмдан ошса, ундириш тўғрисидаги ариза солиқ органи томонидан судга берилади. Ундириш тўғрисидаги судга тақдим қилинган аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилиниши мумкин.

Солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш кетма-кетлиги қуйидаги тартибда бўлади:

  1. Банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига;
  2. Нақд пул маблағларига;
  3. Бошқа шахсларга шартнома бўйича эгалик қилишга, фойдаланишга, тасарруф этишга берилган мол-мулкка
  4. Бошқа мол-мулкка.

     Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмайди.

      Солиқ қарзи жисмоний шахснинг пул маблағлари кўринишида бўлмаган мол-мулки ҳисобидан ундирилган тақдирда, солиқ қарзи бундай мол-мулк реализация қилинган ва ундан келиб тушган суммалар ҳисобидан тўланган пайтдан эътиборан тўланган деб ҳисобланади. Мазкур мол-мулк хатлаб қўйилган кундан эътиборан ва тушган суммалар бюджет тизимига ўтказилган кунга қадар солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пенялар ҳисобланмайди.

     Ривожланган давлатлар амалиётида (Австралия, Буюк Британия, Италия, Сингапур) солиқ қарзини мажбурий ундириш билан шуғулланадиган хусусий компаниялар (аутсорсинг) алоҳида кўзга ташланади. Солиқ органлари ушбу компаниялар билан доимий равишда ҳамкорликда фаолият кўрсатади. Солиқ ҳисоботларини топширишдан тортиб, солиқларни ҳисоблаш ва ундириш жараёнларида улар бевосита иштирок этади ва бу солиқ органларининг фаолиятини оптималлаштиришга хизмат қилади. Солиқ қарзларини ундириш функциясини аутсорсингларга ўтказиш бўйича Австралия амалиёти энг муваффақиятли деб ҳисобланади. Дастлаб, 2007 йилда 4 та аутсорсинг агентлиги билан солиқ органлари ўртасида шартнома тузилган. Уларга катта бўлмаган суммадаги солиқ қарзларини ундириш ваколатлари берилди ва аста-секинлик билан ушбу механизм ўз самарасини кўрсатди. Ҳозирда ушбу компаниялар Австралиядаги жами солиқ қарзининг учдан бир қисмини ундириб бермоқда.

     Баъзи давлатларда солиқ қарзларини ундириш вазифаси махсус органга юклатилган. Масалан, Швеция ва Чилида солиқ қарзларини йиғиш билан шуғулланадиган алоҳида ижро этувчи орган мавжуд (асосий солиқ органидан ташқари). Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ОЭСР) аъзо давлатлар солиқ қарзини ундириш учун сезиларли кадрлар ресурсидан фойдаланади, яъни бу кадрлар жами солиқ хизматчиларининг 10-15% ни қамраб олади. Таққослайдиган бўлсак, солиқ қарзини ундириш учун махсус ижро органи фаолиятини йўлга қўйган Швецияда бу кўрсаткич 2%ни ташкил қилади.

 



Қарши туманлараро маъмурий

   судининг судьяси                                                                                              Б.Б.Муинов

 

Қашқадарё вилоят маъмурий судида Ахборот хафсизлиги бўйича ТАТУ Қарши филиали ўқитувчилари билан Маърифат бўлиб ўтди

     Қашқадарё вилоят маъмурий судида навбатдаги Маърифат соатида вилоят Ахборот-коммуникация  технологиялари бўлими бош консультанти Н.Азимов Олий сўд раисининг 2019 йил 5-мартдаги 80-сонли буйрўғи билан тасдиқланган    «Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ахборот хавфсизлиги сиёсатини амалиётга жорий этиш буйича чора-тадбирлар режаси» хақида маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали Ахборот технологиялари кафедраси ассистенти Ф.Беккамовнинг иштирокида “Ўзбекистон Республикасида Ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир чора тадбирлар ҳақида” маъруза қилди.

  Маърифат соатида Ф.Беккамов билан Халқаро тажрибага мувофиқ киберхавфсизлик йўналишлари, Коммуникация тизимларига, тижорат секторига, молиявий секторига, сиёсий секторларига, фойдаланувчиларга турли мақсадда ходимларнинг лоқайдсизлиги ҳамда маълумотлар базасидаги очиқ кодлар орқали ҳужум қилиниши, турли ҳужумлардан ҳимоя элементлари ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги жавобгарликлар юзасидан сухбат бўлиб ўтди.

    Маърифат соати давомида ахборот технологияси ва ахборот хавфсизлигига доир слайд ва видеороликлар ҳам намойиш этилди.

Тадбир давомида Маърифат соати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлари билан маърузачилар  суҳбат қилдилар.

Устозларга эҳтиром

          Қашқадарё вилоят маъмурий судида навбатдаги “Маърифат соати” бўлиб ўтди. Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьялари ва ходимлари иштирокида ўтказилган маърифат соатида дастлаб, Қашқадарё вилоят маъмурий судининг раиси  вазифасини вақтинча бажарувчи  Б.Қиличовнинг кун тартибидаги биринчи масала “Маъмурий судларнинг ташкил этилиши ва ривожланиш босқичи” мавзусидаги маърузаси тингланди. Шундан сўнг, судья Б.Нармуратов “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси юзасидан ҳамда қонун лойиҳасига билдирилган таклифлар юзасидан маърузаси тингланди ва иштирокчилар томонидан бир қанча таклифлар билдирилди.

       Сўнгра, “Маърифат соати”га таклиф қилинган устозлар М.Раупов ва М.Сатторовлар офлайн, шунингдек, Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси ўринбосари Ф.Абдуазимов онлайн тарзда “Устозларга эҳтиром” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра сухбатида устозлар ҳар қандай муваффақият ортида машаққатли меҳнат борлиги ҳамда ёшлар ўз эзгу мақсадларига етиш учун янада кўпроқ билим эгаллашлари лозимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2022 йил 21 январдаги “Республика судларининг 2021 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари ҳамда 2021 йилда суд ҳокимияти органларини молиявий, моддий-техник таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги РС-01-22-сонли қарорида белгиланганидек, илк бор судьялик лавозимига тайинланган ва фаолиятига бир йил тўлмаган судьялар билан алоҳида режа асосида ишларни ташкил этган ҳолда “Устоз-шогирд анъаналари” бўйича ёш судьяларни шогирд сифатида бириктирган ҳолда фаолият олиб бориш, бундан ташқари, ҳар бир фуқаро мурожаатлари, важларига синчковлик билан баҳо бериш лозимлиги тушунтирилди. Тадбир давомида “Маърифат соати” иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлари билан устозлар билан дилдан суҳбат қилдилар.

Қашқадарё вилоят маъмурий судида “Ўзбек санъати” кеча ва бугун мавзусида давра сухбати бўлиб ўтди

             Давра сухбатида  вилоят маъмурий суди меҳмони Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси бошлиғи И.Л.Тўраев давра сухбатида ““Ўзбек санъати” кеча ва бугун”  мавзусидаги фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунининг ахамияти

        Қашқадарё автомобиль йўллари ҳудудий Бошқармасида Бошқарма ҳуқуқий тарғибот гуруҳи томонидан Қарши туманлараро маъмурий суди билан ҳамкорликда “«Маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунининг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси Акрам Муҳиддинов,шу суд ходими-судъя ёрдамчиси Тўлқин Бобоев,Қашқадарё вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхона ва ташкилотларининг ходимлари қатнашди.Давра суҳбатида мавзу юзасидан Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси Акрам Муҳиддинов маъруза килиб “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти тўғрисида тушунтириб ўтди.

           Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 8 январь куни имзоланган ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга кирган ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан,жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 Қонунга кўра, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга таъқиқланади.

        Қонунда махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги кераклиги белгиланган.

         Қонунга мувофиқ, маъмурий органлар маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларида ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.

          Мазкур қонун маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссияларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солади.

  Давра суҳбати эркин тарзда ўтказилиб, қатнашувчилар томонидан мавзу юзасидан,бундан ташқари маъмурий жавобгарлик,маъмурий суд ишларини юритиш каби масалалари юзасидан берилган саволларига батафсил жавоблар берилди.



Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                                           А.Мухиддинов

Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ кўрилган маъмурий ишлар

       Муайян йўналишдаги суд амалиётини умумлаштириш одил судловни амалга оширишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри татбиқ этилишини ўрганиш, қонун бузилишига олиб келган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, судларда ишларни кўришда юзага келадиган турли масалаларнинг ечимини топиш, ягона суд амалиётини шакллантириш билан бирга, судлар томонидан муайян давр мобайнида айрим масалалар юзасидан амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, шунингдек, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.

    Инсон ҳуқуқлари тизимида сиёсий ҳуқуқлар тоифаси, хусусан, сайлов ҳуқуқларининг қонуний кафолатланиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқларининг асосий шакли саналади. Шу боис мамлакатимизда миллий давлатчилик моделини яратиш шароитида фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатланиши билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Миллий сайлов қонунчилигимизда кафолатланган тенг сайлов ҳуқуқи таомилига мувофиқ, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бевосита 18 ёшга тўлганда фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига эга.

Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир 2022 йил
май ойида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловлари ўтказилди.

Сайловни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда барча шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя этилишини, фуқароларнинг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашда судларнинг роли юқоридир.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. 

         Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан 2022 йил              1 сентябрь кунига қадар барча тоифадаги шикоят аризалари бўйича жами 885 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 430 та шикоят ариза қаноатлантирилган, 367 та шикоят аризани қаноатлантириш рад этилган, 68 та шикоят ариза бўйича иш юритиш тугатилган, 20 та шикоят ариза кўрмасдан қолдирилган.

Таҳлилларга кўра, ўрганилаётган давр мобайнида Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари бўйича жами 63 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 15 та (3,5 %)шикоят ариза қаноатлантирилган, 38 та(10,4 %) шикоят аризани қаноатлантириш рад этилган, 10 та (14,7 %) шикоят ариза бўйича иш юритиш тугатилган.

         2022 йилда Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари бўйича кўрилган оммавий низолар туманлар кесимида таҳлили.

Биринчи инстанция судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари бўйича 11 та иш сайёр суд мажлисларида кўрилган.

         Маъмурий судлар томонидан ушбу даврда кўриб тамомланган ишлар бўйича қонунчилик ҳужжатларининг бузилганлиги юзасидан биринчи инстанция суди жами 2 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, бу кўриб тамомланган ишларнинг 1,4 фоизини ташкил қилади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъати томонидан 1 та хусусий ажрим чиқарилган.   

12 та маъмурий иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари юқори инстанция судларида қайта кўрилган,

жумладан:

12 та иш апелляция инстанцияси судида кўрилиб, 9 та шикоят ариза бўйича ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган, 1 та шикоят ариза бўйича аризачи апелляция шикоятидан воз кечганлиги сабабли тугатилган, 2 та шикоят аризалар бўйича ҳал қилув қарори тўлиқ бекор қилиниб, аризачиларнинг аризасини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

         Ўтказилган умумлаштириш натижасида судлар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ кўриб тамомлаган, маҳалла фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга ҳилоф деб топиш бўйича берилган аризалар бўйича ишларни юритишда судлар томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлан жиҳатлар юзасидан қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди:

  1. Маъмурий ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга асосан суднинг асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганини ёдда тутиш;
  2. Мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 15-сонли, 2019 йил 24 декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 24-сонли, 2021 йил 20 апрелдаги “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги 15-сонли, 2021 йил 27 ноябрдаги “Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 34-сонли қарорлари белгиланган процессуал талабларга қатъий риоя қилиш, суд ҳужжатларини қонун талаблари асосида расмийлаштириш;

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризаларга баҳо беришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларини тўлиқ ўрганиб чиқиш;

  1. Ҳақиқий эмас деб топилиши сўралаётган қарор ёки қонунга хилоф деб топилиши сўралган хатти-ҳаракат ҳақиқатан содир этилгани, аризачига нисбатан муайян ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаргани
    ва аризачининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик ҳолатига аниқлик киритиш;
  2. Низоларини ҳал қилишда суд асосланган меъёрий ҳужжатлар талаблари ўртасидаги тафовутларга баҳо бериш ва қайси меъёрий ҳужжат талабини маъмурий ишни ҳал қилишда асос қилиб олиш масаласини Ўзбекистон Республикаси “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ҳал қилиш;
  3. Суд ҳаражатлари масаласини ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
    ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонун талабларига қатъий риоя қилиш;
  4. Низоларни кўриб ҳал қилишда фуқаролар ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолати аниқланган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 189-моддасининг 5-бандига асосан аризачининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш чораларини кўриш;
  5. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ, маҳалла фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга ҳилоф деб топиш бўйича чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори ижросини назорат қилиш ва суд ҳужжатининг ижроси таъминланганини тасдиқловчи ҳужжатларни иш ҳужатларига қўшиш мақсадга мувофиқ бўлади.
  6. Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари таҳлили юзасидан Қашқадарё вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритиш тавсия этилади.

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                                Б.Нармуратов

Мулк ҳуқуқининг кафолати жамият ривожига хизмат қилади

        Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириши, уларга бу борада шароитлар яратилиши бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоясининг кафолатланиши тадбиркорлик субъектлари ривожи учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Зеро, тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши ва ривожланиши иқтисодий тарақққиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиб, бу масала мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўзагини ташкил қилади.

       Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот доирасида белгиланган мулкий муносабатларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сонли “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувига йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан 2022 йил 1 сентябрдан ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш тартибини бекор қилиш белгиланди.

Фармоннинг мақсади мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, Фармон билан мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш, мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш, хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш, бу ҳақда учинчи шахсларга кўрсатма бериш, мол-мулкни ва унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этишга аралашиш, бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш, мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш, мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш, мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланиши ҳамда мансабдор шахслар ва хизматчиларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланилишига асос бўлиши белгилаб қўйилди.

            Мол-мулк ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган ушбу Фармон билан мол-мулкдан суднинг қарорисиз маҳрум қилиш мумкин эмаслигини қатъий белгилаш, гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан «Хабеас корпус» институтини, бунда, суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш назарда тутилди.

         Мол-мулкнинг суд тартибида ҳимояланиши ҳалқаро амалиётда синовдан ўтган тартиб бўлиб, бу жараённинг қонунчилигимизда такомиллаштирилиши мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

Шу ўринда, маъмурий судларнинг бу борадаги роли катта бўлиши билан бир қаторда, маъмурий судлар зиммасига катта масъулият юкланишини ҳам таъкидлаш жоиз. Чунки, қонунчилик ислоҳотлари билан маъмурий судлар томонидан мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан суд назоратини қўллаш соҳаси кенгайтирилиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошишига хизмат қилади.





Қашқадарё вилоят маъмурий

 судининг судьяси                                                                              Б.Ахмедов

 

Солиқ органлари устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатларининг ўзига хос ҳусусиятлари

            Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотларни амалга оиришда авваламбор солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш, солиқларнинг турлари ва уларнинг амал қилиш меҳанизимини соддалаштириш  муҳим масалалардан ҳисобланади.

           Миллий қонунчилигимизга кўра, ҳар бир шахс солиқ органларнинг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар ушбу шахснинг фикрига кўра, бундай ҳужжатлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) унинг ҳуқуқларини бузса, шикоят бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қуйилган.

           Хусусан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 137-моддасига кўра, солиқ текшириувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

           Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

            Солиқ органлари солиқ текширувларнин қуйидаги турларини ўтказади:

           -камерал солиқ текшируви;

            -сайёр солиқ текшируви;

             -солиқ аудити.

             Юқорида келтирилган солиқ текширувлари ўтказилган вақтларда одатда жисмоний ва юридик шахсларда бирқанча эътирозлар ва тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.

             Хўш ўз ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаётган жисмоний ва юридик шахслар қандай тартибида ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларни тиклаш мақсадида  шикоят қилишлари мумкин?

             Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 124-моддасига кўра, Давлат солиқ хизмати органининг қарори, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят давлат солиқ хизматининг тегишли юқори турувчи органига ёзма шаклда берилади.

             Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят солиқ тўловчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан ўттиз кун ичида берилади. Шикоятга уни асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

              Солиқ кодексининг 125-моддасига асосан Давлат солиқ хизмати органининг қарори, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоят давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи томонидан шикоят олинган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.

              Давлат солиқ хизмати органининг қарори, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш якунларига биноан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи қуйидагиларга ҳақли:

           -қаноатлантирмасдан қолдириш;

           -давлат солиқ хизмати органининг шикоятга сабаб бўлган қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш.

           -Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш якунларига биноан мазмунан қарор чиқаришга ҳақли.

            Давлат солиқ хизмати юқори турувчи органининг шикоят юзасидан қарори ўттиз кун ичида қабул қилинади. Шикоят берган шахсга қабул қилинган қарор тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ёзма шаклда маълум қилинади.

           Агар давлат солиқ хизмати юқори турувчи органининг шикоят юзасидан қароридан жисмоний ва юридик шахс ёҳуд уларнинг вакиллар норози бўлса, судга мурожаат қилиши мумкин бўлади.

           Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, солиқ давлат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида жуд муҳим ўрин эгаллайди. Чунки давлат бюджетини шакллантириш асосий манба айнан солиқ тушимлар ташкил этади.

Солиқ қонунчилигини доимий такомиллаштириб, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитни яратишда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Қарши туманлараро

 маъмурий суди судьяси                                                           Б.Умиров

Skip to content