Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ кўрилган маъмурий ишлар

       Муайян йўналишдаги суд амалиётини умумлаштириш одил судловни амалга оширишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри татбиқ этилишини ўрганиш, қонун бузилишига олиб келган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, судларда ишларни кўришда юзага келадиган турли масалаларнинг ечимини топиш, ягона суд амалиётини шакллантириш билан бирга, судлар томонидан муайян давр мобайнида айрим масалалар юзасидан амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, шунингдек, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.

    Инсон ҳуқуқлари тизимида сиёсий ҳуқуқлар тоифаси, хусусан, сайлов ҳуқуқларининг қонуний кафолатланиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқларининг асосий шакли саналади. Шу боис мамлакатимизда миллий давлатчилик моделини яратиш шароитида фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатланиши билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Миллий сайлов қонунчилигимизда кафолатланган тенг сайлов ҳуқуқи таомилига мувофиқ, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бевосита 18 ёшга тўлганда фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига эга.

Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир 2022 йил
май ойида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловлари ўтказилди.

Сайловни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда барча шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя этилишини, фуқароларнинг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашда судларнинг роли юқоридир.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. 

         Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан 2022 йил              1 сентябрь кунига қадар барча тоифадаги шикоят аризалари бўйича жами 885 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 430 та шикоят ариза қаноатлантирилган, 367 та шикоят аризани қаноатлантириш рад этилган, 68 та шикоят ариза бўйича иш юритиш тугатилган, 20 та шикоят ариза кўрмасдан қолдирилган.

Таҳлилларга кўра, ўрганилаётган давр мобайнида Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари бўйича жами 63 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 15 та (3,5 %)шикоят ариза қаноатлантирилган, 38 та(10,4 %) шикоят аризани қаноатлантириш рад этилган, 10 та (14,7 %) шикоят ариза бўйича иш юритиш тугатилган.

         2022 йилда Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари бўйича кўрилган оммавий низолар туманлар кесимида таҳлили.

Биринчи инстанция судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари бўйича 11 та иш сайёр суд мажлисларида кўрилган.

         Маъмурий судлар томонидан ушбу даврда кўриб тамомланган ишлар бўйича қонунчилик ҳужжатларининг бузилганлиги юзасидан биринчи инстанция суди жами 2 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, бу кўриб тамомланган ишларнинг 1,4 фоизини ташкил қилади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъати томонидан 1 та хусусий ажрим чиқарилган.   

12 та маъмурий иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари юқори инстанция судларида қайта кўрилган,

жумладан:

12 та иш апелляция инстанцияси судида кўрилиб, 9 та шикоят ариза бўйича ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган, 1 та шикоят ариза бўйича аризачи апелляция шикоятидан воз кечганлиги сабабли тугатилган, 2 та шикоят аризалар бўйича ҳал қилув қарори тўлиқ бекор қилиниб, аризачиларнинг аризасини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

         Ўтказилган умумлаштириш натижасида судлар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ кўриб тамомлаган, маҳалла фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга ҳилоф деб топиш бўйича берилган аризалар бўйича ишларни юритишда судлар томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлан жиҳатлар юзасидан қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди:

  1. Маъмурий ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга асосан суднинг асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганини ёдда тутиш;
  2. Мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 15-сонли, 2019 йил 24 декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 24-сонли, 2021 йил 20 апрелдаги “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги 15-сонли, 2021 йил 27 ноябрдаги “Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 34-сонли қарорлари белгиланган процессуал талабларга қатъий риоя қилиш, суд ҳужжатларини қонун талаблари асосида расмийлаштириш;

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризаларга баҳо беришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларини тўлиқ ўрганиб чиқиш;

  1. Ҳақиқий эмас деб топилиши сўралаётган қарор ёки қонунга хилоф деб топилиши сўралган хатти-ҳаракат ҳақиқатан содир этилгани, аризачига нисбатан муайян ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаргани
    ва аризачининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик ҳолатига аниқлик киритиш;
  2. Низоларини ҳал қилишда суд асосланган меъёрий ҳужжатлар талаблари ўртасидаги тафовутларга баҳо бериш ва қайси меъёрий ҳужжат талабини маъмурий ишни ҳал қилишда асос қилиб олиш масаласини Ўзбекистон Республикаси “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ҳал қилиш;
  3. Суд ҳаражатлари масаласини ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
    ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонун талабларига қатъий риоя қилиш;
  4. Низоларни кўриб ҳал қилишда фуқаролар ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолати аниқланган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 189-моддасининг 5-бандига асосан аризачининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш чораларини кўриш;
  5. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ, маҳалла фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга ҳилоф деб топиш бўйича чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори ижросини назорат қилиш ва суд ҳужжатининг ижроси таъминланганини тасдиқловчи ҳужжатларни иш ҳужатларига қўшиш мақсадга мувофиқ бўлади.
  6. Қашқадарё вилоят маъмурий судлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) сайлови билан боғлиқ шикоят аризалари таҳлили юзасидан Қашқадарё вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритиш тавсия этилади.

Қашқадарё вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                                Б.Нармуратов