“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ислоҳотларимиз шиддати,халқ хаётини яхшилаш ва мазмундорлигини оширишга хизмат қилади

Шу кунларда Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси кенг жамоатчилик эътиборида бўлиб турибди.

Стратегияда беш йўналиш;

ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш,

-барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш,

-сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш,

-қонун устуворлигини таъминлаш,

-халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш бўйича 100 та мақсад ўрин олган.

Эътиборлиси, бу мақсадларнинг ҳар бири “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида халқимизнинг бугунги ҳаётини янада яхшилаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.

Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш, унинг ижросини ташкил этиш ва мониторинг қилиш масалалари ўз аксини топган, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида стратегияни 2023 йилда амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар ҳамда 2024 йилга мўлжаллан вазифалар акс этган. Бунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари содда ва қулай шаклда ифодалангани билан аҳамиятлидир.

Мазкур стратегияда таълим тизими ислоҳотларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Бу – бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб, юксак тараққий этган жамият барпо этиш мушкул. Шу боис, стратегияда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган таълим ислоҳотларини тизимли асосда давом эттириш ва янги босқичга кўтариш кўзда тутилган. Жумладан, педагоглар малакасини ошириш имкониятини кенгайтириш ва уларнинг моддий турмуш шароитини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган.

Стратегияда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни чет мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш режасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу педагогларимиз учун катта имконият бўлиб, илғор хорижий давлатлар тажрибасини амалиётда қўллашга кенг йўл очади.

Олий таълим билан боғлиқ ишлар алоҳида эътиборга эга. Стратегияда олий таълим қамровини янада кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадлари назарда тутилган. Ҳозирги кунда ОТМларнинг асосий мақсадларидан бири малакали кадрлар тайёрлаш ва дунёнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатишдир. Шундан келиб чиқиб, хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни ҳам жорий этиш дастури киритилмоқда.

Қувонарли яна бир жиҳати шундаки, мамлакатимиз ОТМлари кейинги йилларда сезиларли натижаларга эришмоқда. Яқинда Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти “Times Higher Education” агентлиги томонидан эълон қилинган “Тhе Impact Rankings” рейтингида мамлакатимиздаги 47 та олий таълим муассасаси қайд этилгани бунинг исботидир. Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат юридик университети нуфузли ўринларни эгаллади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат юридик университети “Times Higher Education” томонидан “Young University Rankings” рейтингида тан олинди. Ушбу мақом туфайли ТДЮУ нуфузли рейтингларга кириш учун номзод мақомига эга бўлди.

Бундан ташқари, стратегияда ҳар йили 5 минг профессор-ўқитувчини тажриба алмашиш учун хорижий илмий ташкилотларга юбориш кўзда тутилган. Ушбу дастур профессор-ўқитувчиларнинг чет элдаги илмий институтлар билан академик алмашинуви учун катта имкониятдир.

Инвестиция йўналиши бўйича ҳам катта марралар кўзланди. Хусусан, иқтисодиётга 250 миллиард долларлик янги инвестициялар, жумладан, 110 миллиард доллар хориждан, яна 40 миллиард долларлик маблағ давлат-хусусий шериклик дастурлари орқали жалб этилиши кўзда тутилган.

Бундан буён ҳар бир туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида рейтинг жорий этилади. 150 миллиард долларлик 500 дан ортиқ стратегик технологик ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган ўрта бизнес субъектларига 5 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратилади.

Қишлоқ хўжалиги саноатини ривожлантириш ҳам муҳим вазифа этиб белгиланган. Жумладан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш 25 фоиздан юқори даражага кўтарилади. Ўзбекистонда 2,5 миллион тонна сиғимга эга 100 та агрологистика маркази қурилади. 300 минг гектар интенсив боғ ва узумзор сувни тежайдиган технологиялар билан таъминланади, шунингдек, тармоқ ходимлари учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Пиллачиликни ривожлантириш мақсадида тут плантацияларига яна 105 минг гектар ер ажратилади. Пахта ҳосилдорлиги гектарига 45–50 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги 80–85 центнерга етказилади.

Стратегияда миллий кинематографияни ривожлантириш кўзда тутилди. Бу борада Муҳаммад Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо ҳақида дунё кино бозорларида рақобат қила оладиган янги бадиий фильмлар яратиш мақсадлари ўз аксини топган. Буюк аждодларимизга бағишланган юқори сифатли фильмлар суратга олиниши ўзбек маданиятини бутун дунёга янада кенгроқ очиб бериш имконини беради.

Миллий кинематографияни ривожлантириш учун миллий фильмларнинг нуфузли халқаро кинофестивалларда иштирокини таъминлаш ҳамда энг оммабоп интернет платформаларига жойлаштириб бориш назарда тутилган. “Netflix”, “Amazon”, “Disney” каби энг оммабоп 10 та интернет платформасининг фильмларга технологик талабларини ўрганиш ва мослаштириш мақсади ёшлар ва кино ихлосмандлари учун энг яхши хабар бўлди. Ушбу платформалар орқали халқимиз сифатли ва асл дубляжда фильмлар томоша қилиши мумкин бўлади. Таъкидлаш жоизки, ушбу платформалар муаллифлик ҳуқуқининг юқори ҳимоясига эга, бу эса одамларни сифатсиз фильмлар томоша қилишдан огоҳлантириш имконини беради.

Хидиров Жаҳонгир Худайкулович

Қарши туманлараро  маъмурий

судининг судьяси