Янгиланаётган Конституция суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

      Бажарилиши умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида Конституция алоҳида ўрин тутиб, унинг улуғвор аҳамияти халқаро ҳамжамиятда давлатнинг сиёсати, иқтисоди, ҳуқуқий тизими ва бошқа бир қатор муҳим тартиботларини ўзида намоён этади.
       Бино пойдеворсиз қурилмаганидек, давлатнинг ҳуқуқ тизими ҳам мустаҳкам пойдеворга – Конституцияга асосланиши лозим. Конституция бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида ўзининг барқарор ҳуқуқ нормаларига эгалиги ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига намуна бўлиб хизмат қилиши билан ажралиб туради.
      Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Бунга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши, судлар фаолиятини молиявий жиҳатдан таъминлаш масаласи судларнинг ўзига ўтказилганлиги, суд ходимларининг ижтимоий таъминоти яхшиланганлиги, суд мажлисида тортишувчанлик тамойилларини тўлақонли мустаҳкамлаш мақсадида ҳимоя институтига кўплаб имкониятлар яратиб берилганлиги ва бошқа бир қатор изчил ислоҳотларни мисол қилиб келтириш мумкин.
       Бугунги кунда, мазкур ўзгаришлар суд-ҳуқуқ тизимида мустаҳкам тамойиллар сифатида баҳоланиб, уларни барқарор ҳуқуқ нормаси сифатида Конституцияда акс эттириш зарурияти юзага келмоқда ва мазкур жараён
2023 йилнинг 30 апрелида ўтказилиши режалаштирилган референдумнинг асосий мавзусига айланган.
     Шу боис, одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши аъзоларининг
аниқ ваколат муддатлари белгиланиши, фуқароларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши, судьяларнинг Конституция ва қонунларга бўйсуниши, судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлиги
    ҳамда судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат томонидан таъминланишини назарда тутувчи нормалар янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 23-боб 130-140-моддаларида кўрсатиб ўтилмоқда.
       Албатта, ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий белгиларидан бири жамият ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлардан бохабар, сиёсий ва ҳуқуқий жараёнларга ўзини дахлдор деб ҳис қилувчи фуқаролик жамиятининг мавжудлиги саналади.
Зеро, янгиланаётган Конституциямизнинг 36-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, бундай иштирок этиш бошқа усуллар билан бир қаторда референдумлар ўтказишда ўзининг амалий ифодасини топади.Ўйлайманки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, уларга давлат томонидан бериладиган кафолатларнинг Конституция даражасида акс эттирилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириши билан бир қаторда, судьялар зиммасида доим “адолат устуни”га айланишдек муҳим ва масъулиятли вазифалар мавжудлигини англатади.


 Қарши туманлараро маъмурий

суди судья ёрдамчиси                                                                       Ч.Мухаммадиева