Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилади
Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллардан бошлаб бугунги кунга қадар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйтча қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган Референдумда Ўзбекистон халқи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди.
Халқимиз мазкур сиёсий тарихий тадбирда иштирок этар экан, ўзининг сиёсий-ҳуқуқий онги, маданияти ва сиёсий фаоллигини яққол намоён этди. Бу дунё жамоатчилиги томонидан хам ҳақли равишда эътироф этилди.
Кўпчилик халқаро кузатувчиларнинг фикрича, ушбу референдум Ўзбекистоннинг демократик давлат эканини яққол кўрсатди. Референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш ва тараққиётнинг янги даврига ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши билан хам аҳамиятлидир.
Келинг, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 ва 31-моддаларига тўхталиб ўтсак. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 30-моддасига кўра, ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас. Мазкур нормадан шахс қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари жиноий жазога тортилиши ёки бошқача тарзда ҳуқуқи чекланиши мумкин эмаслигини тушунишимиз мумкин.
Бу норманинг Конституция даражасига чиққанлиги эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Конституциянинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Маълумки, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суднинг қарори асосида амалга оширилиши лозим, бу эса айнан “Хабеас корпус” институтининг муҳим қоидасидир.
Келгусида терговчи, суриштирувчи ва прокурор томонидан тинтув ўтказиш ва телефон сўзлашувини эшитиш заруратини судга асослантириши зарур бўлади, агар суд рухсат берсагина унинг телефон сўзлашувлари эшитилиши, уй-жойи тинтув қилиниши мумкин бўлади.
Шахснинг конституциявий дахлсизлик ҳуқуқини чеклашга оид бу ҳаракатларни суд рухсати билан амалга оширилиши терговда фуқароларни шахсий ҳаёт хамда унга оид маълумотлари дахлсизлиги асоссиз бузилишининг олдини олади.
Шу билан бирга, ушбу модданинг учинчи қисмида ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, нотўғри маълумотларнинг тузатилиши, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақдаги норма инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, шаъни ва қадр–қимматини ҳимоя қилишни таъминлаш йўлидаги кафолат бўлиб хизмат қилади ҳамда ушбу ҳуқуқ шахснинг ўзи ҳақидаги қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларни ахборот ресурсларидан йўқ қилинишини талаб қилиш мумкинлигини ҳам англатади.
Мухтасар қилиб айтганда, янги Конституциянинг ҳар бир моддасида “Инсон қадри” жумласи ўз ифодасини топганлиги, унда барча тоифаларнинг – ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчилар, ҳатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганлиги билан амалий аҳамиятга эга.
Қашқадарё вилоят маъмурий судининг
судьяси О.Н.Бекназаров