Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахснинг cолиқ қарзини ундириш
Сўнгги йилларда юртимизда солиқ юкини камайтириш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига солиқ имтиёзларини бериш, солиқ тўловчиларга енгилликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017-2021 йиллар давомида солиқ турлари 16 тадан 9 тага камайтирилди, назорат шакллари 13 тадан 2 тага қисқартирилди, мол-мулк солиғи, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга, ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) 20% дан 15% га туширилди, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажарилиш даражаси 80%дан 95% ошди. “Economic freedom” иқтисодий эркинлик рейтингида “Tax burden” солиқ юки индикатори бўйича кўрсаткич 90.7 баллдан 92.4 баллга кўтарилди 2020 йил 31 декабрь ҳолатига бюджетга солиқлар ва йиғимлардан жами 103,6 трлн. сўм тушган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йил 31 декабрь ҳолатига 127,9 трлн. сўмни ташкил қилган. Ушбу тушумлардаги энг кўп улуш юридик шахслардан олинадиган фойда солиғига (38,4 трлн.) ва қўшилган қиймат солиғига (25,6 трлн.) тўғри келади
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида:
- 2026 йил бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш;
- Давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ва 2023 йилдан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш вазифалари қўйилди
- Солиқ мажбуриятини ўз вақтида бажариш ҳар қандай шахс учун унинг зиммасидаги солиқ юкини бартараф қилишга, молиявий санкциялар қўлланилишини олдини олишга, қўшимча йўқотишларга дуч келмасликка имкон беради.
Иқтисодиётнинг ривожланиши билан солиқ ҳуқуқи нормалари ҳам такомиллашмоқда. Солиқ ставкалари ва солиқларни тўлаш манбалари ўзгармоқда, декларацияларни тақдим этиш ва мажбуриятни бажариш тартиби ва муддатлари қайта кўриб чиқилмоқда. Бироқ, солиқлар ва йиғимларни тўлаш борасидаги ҳуқуқбузарликлар тўлиқ бартараф қилинди, деб айта олмаймиз.
Умуман, тўланмаган солиқ қарзи давлат иқтисодиётини беқарорлаштирувчи омилларидан бири саналади ва давлатнинг пул ресурслари камайишидаги асосий манба сифатида эътироф қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбур эканлиги кўрсатилган.
Бевосита солиқ қарзи тушунчасига тўхталадиган бўлсак, солиқ қарзи фақат солиқларнигина ўз ичига олмайди. Солиқ қарзи деганда, ҳисобланган ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқлар ва йиғимлар, шунингдек тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар тушунилади. Демак, ушбу атама солиқлардан ташқари йиғимлар, молиявий санкциялар ва пеняларни ҳам қамраб олади. Солиқ қарзини ундириш усулларига қуйидагилар киради:
- талабнома юбориш орқали (фақат юридик шахс ва ЯТТлар учун);
- Суд буйруғи ёки даъво тартибида;
- Солиқ қонунчилиги солиқ қарзини ундириш масаласида юридик шахслар учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида талабларни белгилайди. Юридик шахслар ҳисобрақамлар орқали тегишли операциялар амалга ошириши, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга эга бўлиши ва жисмоний шахслар эса ундирув қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулкка эгалик қилиш уларга алоҳида қоидалар ишлаб чиқиш лозимлигини тақозо қилади.
Солиқ кодексининг 125-моддасига асосан, якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахс солиқ тўлаш бўйича мажбуриятларини белгиланган муддатда бажармаган бўлса, солиқ органи солиқ қарзини ушбу жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилади.
Ундириш тўғрисидаги аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилиниши мумкин. Ундириш тўғрисидаги аризанинг нусхаси у судга берилган кундан кечиктирмай солиқ органи томонидан солиқ қарзи ундирилаётган жисмоний шахсга юборилади.
Агар жисмоний шахснинг солиқ қарзи умумий суммаси бир миллион сўмдан ошса, ундириш тўғрисидаги ариза солиқ органи томонидан судга берилади. Ундириш тўғрисидаги судга тақдим қилинган аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилиниши мумкин.
Солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш кетма-кетлиги қуйидаги тартибда бўлади:
- Банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига;
- Нақд пул маблағларига;
- Бошқа шахсларга шартнома бўйича эгалик қилишга, фойдаланишга, тасарруф этишга берилган мол-мулкка
- Бошқа мол-мулкка.
Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмайди.
Солиқ қарзи жисмоний шахснинг пул маблағлари кўринишида бўлмаган мол-мулки ҳисобидан ундирилган тақдирда, солиқ қарзи бундай мол-мулк реализация қилинган ва ундан келиб тушган суммалар ҳисобидан тўланган пайтдан эътиборан тўланган деб ҳисобланади. Мазкур мол-мулк хатлаб қўйилган кундан эътиборан ва тушган суммалар бюджет тизимига ўтказилган кунга қадар солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пенялар ҳисобланмайди.
Ривожланган давлатлар амалиётида (Австралия, Буюк Британия, Италия, Сингапур) солиқ қарзини мажбурий ундириш билан шуғулланадиган хусусий компаниялар (аутсорсинг) алоҳида кўзга ташланади. Солиқ органлари ушбу компаниялар билан доимий равишда ҳамкорликда фаолият кўрсатади. Солиқ ҳисоботларини топширишдан тортиб, солиқларни ҳисоблаш ва ундириш жараёнларида улар бевосита иштирок этади ва бу солиқ органларининг фаолиятини оптималлаштиришга хизмат қилади. Солиқ қарзларини ундириш функциясини аутсорсингларга ўтказиш бўйича Австралия амалиёти энг муваффақиятли деб ҳисобланади. Дастлаб, 2007 йилда 4 та аутсорсинг агентлиги билан солиқ органлари ўртасида шартнома тузилган. Уларга катта бўлмаган суммадаги солиқ қарзларини ундириш ваколатлари берилди ва аста-секинлик билан ушбу механизм ўз самарасини кўрсатди. Ҳозирда ушбу компаниялар Австралиядаги жами солиқ қарзининг учдан бир қисмини ундириб бермоқда.
Баъзи давлатларда солиқ қарзларини ундириш вазифаси махсус органга юклатилган. Масалан, Швеция ва Чилида солиқ қарзларини йиғиш билан шуғулланадиган алоҳида ижро этувчи орган мавжуд (асосий солиқ органидан ташқари). Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ОЭСР) аъзо давлатлар солиқ қарзини ундириш учун сезиларли кадрлар ресурсидан фойдаланади, яъни бу кадрлар жами солиқ хизматчиларининг 10-15% ни қамраб олади. Таққослайдиган бўлсак, солиқ қарзини ундириш учун махсус ижро органи фаолиятини йўлга қўйган Швецияда бу кўрсаткич 2%ни ташкил қилади.
Қарши туманлараро маъмурий
судининг судьяси Б.Б.Муинов