Эндиликда, мулк ҳуқуқи дахлсизлиги ишончли ҳимоя қилиниши кафолатланади, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувларга йўл қўйилмайди

          Президентимиз жорий йилнинг 22 август куни тадбиркорлар билан учрашув чоғида, тадбиркорларнинг ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларини бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилиши, барча ҳокимлар мулк ҳуқуқига оид қарорларини улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги, ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас деб топиш мумкинлигини таъкидлаб ўтдилар.

        Бу бежизга эмас, чунки ҳозирги кунда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тадбиркорларга ер ажратилган бўлса-да, маълум бир вақтдан сўнг, уларнинг ўзлари томонидан бекор қилиб, тадбиркорларни ортиқча сарсонгарчилигига йўл қўйиб, мазкур амалиёт тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда эди.

Ҳозирда тадбиркорларнинг мазкур ҳуқуқлари маъмурий судлар томонидан тикланиб, уларнинг қонуний фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар бартараф қилинмоқда.  

         Тадбиркор “БЕК” маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, Қарши шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 мартдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Мазкур иш суд томонидан атрофлича кўриб чиқиб, шаҳар ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорнинг ҳуқуқлари суд томонидан тикланди.

Жумладан, Қарши шаҳар ҳокимининг 2018 йил 20 февралдаги
қарори билан “БЕК” нодавлат таълим муассасасига доимий фойдаланиш билан ер берилган.

         Ушбу қарор прокурор протестига асосан бекор қилинган.

Иш суд мажлисида кўриш чоғида, аризачи “БЕК” нодавлат таълим муассасаси томонидан таълим муассасаси тўлиқ қурилиб, жиҳозланиб, фойдаланишга топшириш арафасида турганлиги маълум бўлди.

Бундай ҳолда, виждонан ҳаракат қилган тадбиркорнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланиши лозим бўлади.

      Шу боис, шаҳар ҳокимлиги аризачи “БЕК” нодавлат таълим муассасасининг ишончи қонун билан ҳимоя қилиниб турган бир вақтда, прокурор протестига асосан маъмурий орган ўзининг қарорни бекор қилиб, барвақт хулосага келган деб ҳисоблаб, суд томонидан тадбиркорнинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.

Ушбу мисол орқали ўз-ўзидан савол туғилади.

      Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг мақсади нимага қаратилган?

Албатта, фуқаролар ва тадбиркорларни бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклашга қаратилган.

Шундай экан, судлар томонидан ишни кўришда Кодекснинг 2-моддасига мувофиқ, маъмурий суднинг вазифаларидан бири маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

         Республикамизда бўлаётган ўзгаришлар фуқаролар ва тадбиркорларни ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга қаратилган бир вақтда, маъмурий судлар ишларни кўришда мазкур нормага таянган ҳолда амалга оширма мақсадга мувофиқ бўларди.




Қарши туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                                     А.Р.Мухиддинов