Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг қарорлари ва ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги) юзаисдан низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

        Маҳалла жамиятимизнинг энг муҳим бўғини сифатида ҳар биримизнинг ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Оилаларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, юртимиз равнақига ҳисса қўшишда маҳалла фуқаролар йиғини ва уларнинг раисларини ўрни беқиёс.

        Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, бугунги маҳалла раиси забардаст, ҳозирга замонга ва шароитга муносиб, билимли бўлиши керак бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига кўра, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни (оқсоқолни) сайлайди. 

        Ўзбекистон Республикасида жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) сайловлари бўлиб ўтди. Сайловда муносиб номзодлар халқ вакиллари томонидан сайланди. Сайлов билан боғлиқ низоли ишлар маъмурий судларда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

       Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши бу фуқароларнинг халқ ҳокимиятини бевосита амалга ошириши, давлат ва жамият ишларида тўғридан-тўғри иштирок этиши воситаси ҳисобланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг асосий вазифаси фуқароларни маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишда мустақил фаолият олиб боришини таъминлашдан иборат.

          Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонунчилик билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади.

      Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият кўрсатмоқда.Фуқаролар йиғинининг қарорларини бажариш ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролар йиғинлари оралиқ давридаги жорий фаолиятини амалга ошириш учун фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг раислари ва йиғиннинг масъул котибидан иборат таркибда фуқаролар йиғинининг кенгаши тузилади. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини ташкил этишни унинг кенгаши ҳамда фуқаролар йиғинининг раиси амалга оширади.

       Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига кўра, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, шу жумладан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судларга тааллуқли бўлади.

       Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги)га нисбатан аризалар келиб тушганида, тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни ҳал этишда қўлланилиши лозим бўлган соҳа фаолиятини тартибга соладиган қонун ва қонуности ҳужжатларини аниқлаш, тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи фактларни, ишни ҳал этиш учун зарур далиллар доирасини, ишда иштирок этиши лозим бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиш лозим.

    Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш соҳасидаги фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуни (14.04.1994 йил, янги таҳрири 12.04.2013 йил)., Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 июндаги 380-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғини тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини комиссиялари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил қилиш ва олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низомлар билан тартибга солинади.

     Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган аризалар(шикоятлар) Ўзбекистон Республикаси МСЮтКнинг 16-бобида белгиланган умумий қоидаларга мувофиқ иш юритишга қабул қилинади.

Аризаларни иш юритишга қабул қилишда биринчи навбатда арз қилинган талаб предметини аниқлаш лозим бўлади.

   Низо предмети бўлган маъмурий ҳужжатнинг ташқи субъектларга йўналтирилганлиги, ҳуқуқий оқибатни юзага келтириб чиқариши ва аниқ, индивидуал бўлиши ҳақидаги белгилари мавжудлигига эътибор қаратиш керак.

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунига кўра, фуқаролар йиғини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда, ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда мустақил бўлиб, аҳоли манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан тегишли ҳудуд доирасида амал қиладиган қарорлар қабул қилади.

Жумладан, фуқаролар йиғини:

-фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) рағбатлантириш ёки уни лавозимидан озод қилиш тўғрисида;

-фуқаролар йиғини раисига (оқсоқолига) ишончсизлик билдириш тўғрисида;

-ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, тегишли ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария жиҳатдан тозалаш тўғрисида;

-атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан тегишли ҳудудда жойлашган ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари бўйича қарорлар қабул қилади.

Шунингдек, фуқаролар йиғини кенгаши:

-фуқаролар вакилларининг йиғилишини ўтказиш тўғрисида;

-кам таъминланган оилаларга уй-жойини таъмирлаш, коммунал хизматлар ҳақини тўлашда ёрдам кўрсатиш учун ихтиёрийлик асосида жисмоний шахслардан маблағ йиғиш, юридик шахсларнинг маблағларидан шартнома асосида фойдаланиш тўғрисида;

-тегишли ҳудудда барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида қарор қабул қилади.

Фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) фуқаролар йиғинини қайта ташкил этиш ва унинг фаолиятини тугатиш, маъмурий-ҳудудий бирликлар ва маҳалла бирлаштирилганда, бўлинганда, тугатилганда, чегаралари ўзгартирилганда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қабул қилинган қарор ёки мансабдор шахснинг ҳаракати(ҳаракатсизлиги) ўзининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузади деб ҳисоблаган ҳар қандай шахс мазкур қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ёки ҳаракатни(ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш ҳақида маъмурий судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Бироқ, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилинган ва фуқаролар йиғини кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этиш тартиби мавжуд бўлган қарорлари, шунингдек фуқаролар йиғинларида йўлга қўйилган “Ота-оналар университети”, “Аёллар маслаҳат кенгаши”, “Кексалар маслаҳати” жамоатчилик тузилмаларининг тавсиявий хусусиятга эга бўлган қарорлари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаганлиги сабабли, улар устидан берилган аризалар маъмурий судга тааллуқли бўлмайди.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқса-да, қонунда бошқа судларга тааллуқлилиги белгиланган аризалар, шунингдек устидан шикоят берилаётган ҳаракат меҳнат муносабатларидан келиб чиққан бўлса, бундай талаблар маъмурий суд судловига тааллуқли эмас.

          Шунингдек, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи томонидан Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни асосида фуқаро ва юридик шахсларга ўз ваколати доирасида берган тушунтиришлари ифодаланган жавоб хатларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаблари ҳам маъмурий ҳужжат ҳисобланмаганлиги сабабли, маъмурий судларга тааллуқли бўлмайди.

Чунки, жавоб хати муайян ҳолатда аризачининг талабини рад қилмаганлиги сабабли, маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси ҳисобланмайди.

            Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан муайян ҳуқуқий оқибатларни юзага келтирадиган қарорлари қонунлар ва қонуности ҳужжатлари, фаолиятни тартибга солувчи Низомлар талабларига амал қилган ҳолда қабул қилиниши талаб этилади. Қонун талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган қарорлар фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлади ва судларда низолашишга олиб келади. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун фуқаролар йиғини раиси ва масъул ходимлар ҳуқуқий билимга эга бўлишлари, маъмурий ҳужжатларни қабул қилишга алоҳида масъулият билан ёндошишлари лозим.





Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                           Баҳриддин Ахмедов