Тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимояси кафолатланган

     Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириши, уларга бу борада шароитлар яратилиши бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоясининг кафолатланиши тадбиркорлик субъектлари ривожи учун муҳим аҳамиятга эгадир.

     Зеро, тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши ва ривожланиши иқтисодий тарақққиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиб, бу масала мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўзагини ташкил қилади.

Давлатимиз раҳбарининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган тараққиёт стратегияси билан маъмурий судлар томонидан мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш алоҳида мақсад сифатида белгилаб берилди. Бу эса ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошишига хизмат қилади.

     Маъмурий судлар томонидан давлат органларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари, ҳаракатсизлиги  шикоят аризалар асосида кўриб чиқилиб, қонунбузилишига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ва мансабдор шахсларнинг ҳаракат ёки ҳаракатсизлигини ғайриқонуний деб топиб, уларнинг ҳуқуқлари тиклашга оид суд амалиёти йўлга қўйилган.

Мисол тариқасида, Қарши туманлараро маъмурий суди томонидан 2022 йилнинг биринчи чорагида кўрилган “F.I.T.” МЧЖнинг аризасига асосан жавобгар Қашқадарё вилоят Давлат  солиқ бошқармасига нисбатан “Камерал солиқ текшируви  материалларини кўриб чиқиш тўғрисида” ги  қарорини ҳақиқий эмас, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини  (ҳаракатсизлиги)ни  қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги аризаси юзасидан қўзғатилган маъмурий иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан ариза талаби қаноатлантирилган ва вилоят солиқ бошқармасининг қарори ҳақиқий эмас,  мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари  қонунга хилоф деб топилган.

     Мазкур иш жавобгар солиқ органининг шикояти асосида апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Қашқадарё вилоят маъмурий судининг қарорига асосан ўзгаришсиз қолдирилган.

   Ушбу мисолдан келиб чиқиб, суд амалиётида учраётган ҳолатларни таҳлил қилсак, Солиқ органи томонидан аризачи солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъекти билан битимлар тузганлиги, контрагентлар томонидан реализация қилинган товарларнинг кирим ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, яъни товарлар номутаносиблиги ҳолатлари аниқланганлиги каби ҳолатлар битимнинг кўзбуямачилиги деб баҳоланиб, қўшимча (қўшилган қиймат солиғи) солиқлар ҳисобланган.

    Ваҳоланки, битим ва шартномани қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган деб топишга агар солиқ тўловчининг ўзи бунга рози бўлиб, тан олмаган ҳолатда солиқ органининг ваколати бўлмаган.

Чунки, Солиқ кодексининг 14-моддаси 8-қисмида ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Солиқ кодексининг 14-моддаси 8-қисмида кўрсатилган бу қоида ушбу Кодекснинг 266-моддаси 15-қисмига ҳам тааллуқли ҳисобланади. Чунки, Кодекснинг махсус қисмидаги нормалар унинг умумий қисмидаги нормаларга зид бўлмаслиги керак.

Шунга кўра, Солиқ кодексининг 266-моддасида кўрсатилган ҳолатда ҳам агар солиқ тўловчи норози бўлганда, солиқ органи бир тарафлама солиқни ҳисобга олишни бекор қилишга ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли эмас.

Юқоридаги қонун талабларига кўра, битимни қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган деб топиш фақат суднинг ваколатига киради.

Мисол келтирилган иш бўйича суд қарорлари билан тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган ва бузилган ҳуқуқлари тикланган.

     Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлик ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиниши уларнинг келгусида қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш баробарида, ўз фаолиятини ривожлантириш ва мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига қўшадиган ҳиссасини ошишига хизмат қилади.




Қашқадарё вилоят  маъмурий

судининг судьяси                                                              Баҳриддин Ахмедов