Судлар фаолиятини рақамлаштириш
Юртимизда судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг ва босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, низоларни ўз вақтида кўриш, одил судловга бўлган ишончни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим омил бўлиб келмоқда.
2020 йилнинг 3 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг“Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинганлиги ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, судларда ишларни кўришда мутасадди идоралар билан маълумот алмашинувини интеграция қилиш орқали ортиқча “қоғозбозликка” бутунлай чек қўйишда алоҳида аҳамият касб этди.
Хусусан, ушбу қарор билан ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш, суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларни комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичидаги вазифалари этиб белгиланди.
Ушбу қарор асосида ишлаб чиқилган 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастурида белгиланган айрим чора-тадбирлар ҳақида эътироф этсак.
Дастурда жорий йилнинг 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш, 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш ҳамда 2021 йил 1 октябрдан эса барча ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш тартиби жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Бекназаров Ойбек