Маъмурий судларда суднинг фаол иштироки принципини қўлланиши.

            Аннотация: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд иш юритуви тўғрисидаги кодексининг суд ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда фаоллик кўрсатиш мажбуриятини назарда тутувчи қоидаси тадқиқ этилган, бу эса  қонун ва суд олдида тенглик тамойилининг амалга оширилишини кафолатлаши керак. Суднинг фаоллиги ишни адолатли кўриб чиқиш ва ҳал этилишини таъминлашга таъсирини таҳлил қилиш учун универсал процессуал хусусиятга эга бўлган исботлаш институти танланган. Шундай хулоса қилиндики, маъмурий суд ишларини юритишнинг пировард мақсади ҳақиқатни аниқлашдан иборат, акс ҳолда суд муҳокамаси натижалари эҳтимоллик хусусиятига эга бўлади. Шу боис Маъмурий суд иш юритиш тўғрисидаги кодекснинг 11-моддасида белгиланган “суднинг фоал иштироки” принципига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилди.

            Давлат фаолиятининг бир тури сифатида одил судлов, ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилинган шахсларга нисбатан адолатни таъминлашга қаратилган бўлиб, у нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий асосларга ҳам таянади.

            Замонавий процессуал фаолият яққол тортишув хусусиятига эга. Суд иш юритиш жараёнида фаол иштирокчи эмас, балки кўпроқ ҳакамдир. Унинг мақсади ишда объектив ҳақиқатни ўрнатиш ва давлат томонидан берилган ҳуқуқларни ҳимоя қилишда томонларга ёрдам беришдан иборат эмас, у фақатгина иш ҳолатларини аниқлайди ва уларни қарорнинг асослантирувчи қисмида мустаҳкамлайди.

            Фуқароларнинг давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан чиқарилаётган ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда қабул қилинаётган қарорларининг қонунийлиги юзасидан низоларни судда кўриб чиқиш ва ҳал этиш судда ҳимояланиш ҳуқуқига оид конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш шаклларидан бири ҳисобланади. Бундай ишларнинг ўзига хос хусусияти низолашаётган субъектларнинг ҳуқуқий ҳолатининг ўзига хослигидир. Улар бошқарув ва бўйсунув муносабатлари ҳолатида бўладилар. Бундай ҳуқуқий муносабатларнинг мажбурий иштирокчиси давлат ҳокимияти органи ёки мансабдор шахс ҳисобланади, уларга алоҳида шахс ёки бир шахслар гуруҳига нисбатан бошқарувни амалга ошириш, ташкилий ва бошқа юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни бажариш ваколати берилган.

            Ўзбекистон Республикаси суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар даъвомида 2023 йил 26 апрелда “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 833-сонли Қонуни билан Маъмурий суд иш юритуви тўғрисидаги кодекснинг 11-моддаси “Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги” принципи –“Суднинг фаол иштироки” принципига ўзгартирилди.

            Шу ўринда савол туғилади: суднинг фаол иштироки принципи маъноси нимани англатади?

            Принциплар ҳар қандай ҳуқуқий жараённинг мажбурий элементларидир. Маъмурий суд иш юритуви моҳиятини очиб берадиган ва аниқлаштирадиган принципларнинг таҳлили уларнинг ижтимоий мақсадини аниқлаш имконини беради.

           

 

 

Қарши туманлараро

маъмурий судининг судьяси                                          А.Бўронов