Маъмурий суд ишларини юритишда қарорларнинг ўзига хос хусусиятлари.

Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда. Жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботини мустаҳкамлашда ҳамда ҳамда фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашишда, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини йуксалтиришда, қолаверса, қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришда суд ҳокимияти алоҳида ўрин тутади.

Шу боиз, жамиятимизда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинаккам мустақиллигини ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда ҳуқуқий, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришда сўнги йилларда катта ишлар омалга ошириб келинмоқда.

Дастлаб мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида маъмурий судларни ташкил этишнинг назарда тутилиши ҳам айнан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи судларнинг чинаккам мустақиллигини таъмилаш, судда ишларни кўриш ва ҳал этишнинг сифатини ошириш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутади.

Бизга маълумки, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар маъмурий судга тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2017 йил
21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чоратадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судлари бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, жойларда маъмурий судлар ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида “ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги ҳамда ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши” белгиланган[1].

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш ва одил судловга эришиш даражасини оширди. Мазкур Фармон билан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган эди. Бу эса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича судларга қайтарилиши маъмурий судларнинг маълум маънода оптималлаштирилишини тақозо этади. Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши белгиланган.

Маъмурий судлар томонидан кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар – бу бир томондан фуқаролар ва юридик шахслар бўлса, бошқа томондан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқий низолар бўлиб, бунда ҳар бир шахс конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини амалга оширади.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда маъмурий суд ишларини юритиш билан боғлиқ масалалар ҳамда бу жараёнда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш чораларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5953-сон фармонида ҳам 2020 йил 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилишлиги белгиланган[2].

Бинобарин. Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган суд ишларини юритишнинг муҳим конституциявий принсиплари, яъни судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунларга асосан иш юритиши, Судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишига йўл қўйилмаслиги ва бкндай аралашиши қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишлиги, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар муассасалар, мансаюдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий эканлиги тўғрисидаги принсиплар маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда ҳам ўз ифодасини топган.

Маъмурий судлар қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилгунга қадар иккита тоифадаги ишларни – давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низолар, қонун билан уларнинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқарди.

Маъмурий судлар иш ҳажмининг кўплиги оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриб чиқиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди.

Хорижий давлатларда эса маъмурий судлар ўз хусусиятидан келиб чиқиб, маъмурий юстицияни амалга оширади. Жумладан, Германияда маъмурий судларнинг вазифаси фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳукумат ҳужжатлари устидан шикоятларини кўриб чиқиш ҳисобланади. Яъни, ушбу судлар оммавий-ҳуқуқий характердаги низоларни ҳал қилади. Германия маъмурий судлари фуқароларни давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларда ҳимоя қилишга хизмат қилади. Францияда маъмурий судлар Германия маъмурий судлари сингари фуқароларнинг шикоятлари асосида фақат давлат органларининг маъмурий актлари қонунийлигини текширади. Бинобарин, ушбу судлар оммавий-ҳуқуқий характерга эга бўлган суд ишларини олиб боришга ихтисослашган.

Маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига эътибор қаратилаяпти. Бироқ масаланинг яна бир жиҳати шундаки, энди маъмурий судлар ривожланган давлатлар илғор тажрибасида мавжуд бўлгани каби маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга янада кучлироқ ихтисослашишига имкон бўлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 7-моддасига кўра, суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади. Биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинади. Апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари судлари томонидан қарорлар қабул қилинади.

Маъмурий суд ишларини юритиш ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш керакки, ушбу жараён суд иштирокчиларини аниқлайди, уларга муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳам юклайди.

Шу ўринда ҳал қилув қарорининг мазмуни билан танишиб ўтсак. Суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи; суд таркиби, суд мажлиси котиби; иш рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва жой; талаб предмети; ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари ва суд процессининг бошқа иштирокчилари кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг баён қисмида ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозлари, тушунтиришлари, аризалари ва илтимосномаларининг қисқача баёни бўлиши керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида:

  • ишнинг суд томонидан аниқланган ҳақиқий ҳолатлари;
  • суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалари асосланган далиллар;
  • суднинг у ёки бу далилларни рад қилганлигининг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важларини қабул қилганлигининг ёки рад этганлигининг асослари;
  • ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд амал қилган қонунчилик ҳужжатлари ҳамда суд ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигининг асослари кўрсатилиши керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига ҳаволалар кўрсатилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида арз қилинган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ҳақидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши керак.

Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилган тақдирда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундирилиши лозим бўлган сумма кўрсатилади.

Агар суд ҳал қилув қарорини ижро этиш тартибини белгилаган ёки унинг ижросини таъминлаш чораларини қабул қилган бўлса, бу ҳақда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд харажатларини ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида тақсимлаш, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) муддати ва тартиби кўрсатилади[3].

Маъмурий суд ишларини юритишда ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин суднинг ҳаракатлари қуйидаги босқичларни қамраб олади:

  1. Ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш;
  2. Ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини юбориш;
  3. Ҳал қилув қарорини тушунтириш;
  4. Ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш;
  5. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши;
  6. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш;
  7. Ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш.

Айни ушбу жиҳатлари биз иқтисодий судларда ҳам кўришимиз мумкин. Мамлакатимиз фуқароларининг одил судловга эришишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ, қонуний манфаатлари ва эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир суд бўғининг қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ушбу вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу ўринда маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ҳақида сўз борганда қуйидагиларга тўхталиб ўтиш лозим. Суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

 

 

Қарши туманлараро маъмурий

суди архив мудири                                                                    Д.Мустофоқулов