«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонуннинг мазмун ва моҳияти тўғрисида
Янги Ўзбекистон тараққиётининг замонавий босқичида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида жамият ва давлат ҳаётида маъмурий судларнинг ўрни ва роли муттасил ортиб бормоқда. Маъмурий судларга нисбатан ишонч ортиб бораётганлигини жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинаётган мурожаатлар сони кўпаяётгани ҳам кўрсатиб туради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Мамлакатимиз Президентининг сайл-ҳаракатлари билан сўнги йилларда фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилиниши, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишига оид нормасини амалга ошириш мақсадида маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва фуқароларга судга мурожаат қилишда сон-соларликка йўл қўймаслик ҳамда тўғридан-тўғри судга мурожаат қилишга тўсиқ бўладиган барча ҳолатларни олдини олишга қаратилган жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги 897-сонли Қонуни билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ўзгаришлар бевосита фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга янада кенгроқ йўл очди.
Бинобарин, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини белгиланди.
Мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ушбу киритилган ўзгартиришларга кўра эндиликда, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш амалёти йўлга қўйилади фуқаролар ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тўғридан-тўғри судга ариза билан мурожжат қилишади ва фуқароларнинг моддий аҳволига боғлиқ бўлган ҳолатларга чек қўйилади, бу билан фуқароларнинг низолари ҳал бўлиш жараёни ҳам тезлашади. Давлат божи учун пул тўловларини амалга ошириш учун ортиқча вақт талаб этилмайди.
Иккинчидан, жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда”, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича жисмоний шахслар — БҲМнинг 70 фоизи миқдорида камайтирилган стафкаларда давлат божи тўлашини назарда тутади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ушбу қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 897-сонли қонунига кўра фуқаролар маъмурий судларга мурожжат қилишда индиликда биринчи навбатда давлат божини тўламасдан ҳам мурожаат қилиш имкониятини таъминласа, иккинчидан ушбу тўланиши лозим бўлган давлат божини 30 фоизга камайтирилган ҳолда тўлаш имкониятини бермоқда.
Мазкур ўзгаришларнинг барчаси фуқароларимизга маъмурий судларга мурожжат қилишда енгилликлар яратиш ва уларнинг маъмурий судларга ҳамда давлат раҳбаримизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатига бўлган ишончини янада ортиб боришига хизмат қилади.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди судьяси Б.Қиличов