«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг қонуни
2023 йил 13 июль куни «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-855-сонли қонуни қабул қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ва рақобат муҳитини янада ривожлантиришга, истеъмолчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга рақобат муҳитини ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан берилган ҳамда ўз муддатида қайтарилмаган кредит маблағларини ундириш масалаларига доир даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судларга мурожаат қилиш чоғида тегишли давлат органларини давлат божини тўлашдан озод этиш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонун тегишли давлат органларига судларга мурожаат қилиш учун ажратилган давлат божи тўловидан тежалган маблағларни тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун йўналтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:
1) 8-модданинг биринчи қисми:
29-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«29) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари – ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун бериладиган даъволар ва шикоятлар юзасидан»;
қуйидаги мазмундаги 44-банд билан тўлдирилсин:
«44) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси — ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда»;
2) 9-модданинг биринчи қисми:
9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун бериладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар бўйича»;
қуйидаги мазмундаги 28-банд билан тўлдирилсин:
«28) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси — ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда»;
3) 10-модданинг биринчи қисми:
101-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«101) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун бериладиган аризалар ва шикоятлар юзасидан»;
қуйидаги мазмундаги 18-банд билан тўлдирилсин:
«18) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси — ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда»
Қашқадарё вилоят маъмурий
судининг судьяси Б.Нармуратов