Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир
Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинди.
Коррупциянинг омилларига қарши курашилмоқда. Масалан, ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечиб, аукцион тизимига ўтказилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди. “Шаффоф қурилиш” дастури жорий этилганидан кейин бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар сезилди. Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалди. Бугунга келиб, барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бераяпти. Натижада олдин бу иш билан шуғулланган минглаб банкирлар энди маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш билан ишлаяпти. Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди. Олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилди. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш жорий қилинди. 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди.
Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди.
Аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланди. Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани бунинг исботи.
Давлат раҳбари коррупцияга қарши курашиш доимий жараён эканини айтиб, бу борадаги долзарб масалаларни ва келгуси вазифаларни кўрсатиб ўтди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари, асосан, коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чоралар эътиборсиз қолаётгани қайд этилди.
Шу боис Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг иш услуби ўзгартирилиши белгиланди. Бунинг учун, тажриба тариқасида 5 та – Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, Нефтегаз ва Сувтаъминот жамиятларининг комплаенс назорати агентликка ўтказилади.
Шунингдек, туманлар даражасига тушиб, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганади. Таҳлиллар асосида аниқ чораларни ишлаб чиқиб, Миллий кенгашга тақдим этади.
Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаяпти. Шу боис энди Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланади. Уларга вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари бош бўлади.
Ҳудудий кенгашлар коррупциявий омилларни аниқлаб, уларга барҳам бериш учун қонунчиликни ўзгартириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритади.
Бундан саккиз йил аввал ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу тизим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти ошди. Шу боис энди прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторлар фаолияти билан шуғулланмаслиги белгиланди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича қўшимча вазифалар қўйилди.
Давлат харидларида коррупциянинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Эксперт комиссияси тузилади. Илғор тажриба асосида давлат харидларида товарларнинг ўртача бозор нархлари кўриниб турадиган электрон платформа яратилади. Бунда, давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ўртача бозор нархидан кўпи билан 20 фоиздан ошмаслиги шарт. Ушбу талабни бузганлик учун қонун билан жавобгарлик ва жарималар жорий қилинади.
Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар ҳам кучайтирилиши белгиланди. Давлат идораларининг харидларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган транспорт ва мебелга устуворлик бериш зарурлиги қайд этилди. Йирик лойиҳаларни юқори даражадаги коррупцияга қарши стандартлардан келиб чиқиб баҳолаш талаби қўйилди.
Коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланади. Шу боис ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун зарурати қайд этилиб, унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши белгиланди.
Фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари нутқида жамоатчиликка мурожаат қилиб, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканини таъкидлади. Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари билан мулоқот бўлди.
Умуман, илк маротаба бундай тарзда йиғилиш ўтказилиши коррупцияга қарши кучли сиёсий иродани намоён этди. Давлатимиз раҳбари 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади.
Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари кучаяди. Декларациялаш, ноқонуний бойлик орттиришга оид янги тартиблар киритилиши натижасида коррупция омиллари чекланади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ташкилотлардаги ички назорат тузилмалари фаолияти кучайтирилади. Маиший коррупцияга қарши курашиш бўйича вазирлик, идоралар раҳбарлари масъулияти оширилади. Давлат хизматлари даражасини аҳоли баҳолайдиган тизим қилинади, энг ёмон кўрсаткичга эга соҳа раҳбарлари бўйича чора кўрилади. Назорат инспекциялари мустақиллиги оширилади. Йирик инвестиция лойиҳаларида, аукционларда коррупциянинг олдини олувчи механизмлар жорий этилади.
Энг муҳим, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги юксалтирилиб, жамиятда коррупцияга қарши курашишга дахлдорлик шаклланади.
Қашқадарё вилоят судлари
судьяларининг малака ҳайъати аъзоси Умид Кадиров
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – ДАВР ТАЛАБИ
Жамият тараққиётига, фуқаролар манфаатларига путур етказувчи иллат бу – коррупция ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.
Жорий йилнинг 16 январида Қашқадарё вилоят маъмурий судида судья ва суд ходимлари учун коррупцияга оид жиноятлар содир этишнинг олдини-олиш ҳамда коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан судья ва суд ходимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди.
Мазкур учрашувда Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьяси У.Самандаров томонидан “Коррупцияга қарши кураш – давр талаби” мавзусида маъруза қилинди.
Хусусан, маърузачилар томонидан йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши кураш агентлиги фаолиятни ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан кўзланган мақсадлар, олдимизда турган вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Давра суҳбати якуни очиқ мулоқот шаклида, қизиқарли савол-жавоблар, мунозаралар билан давом этди.
Учқун Самандаров,
Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьяси
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми қарорларининг мазмун моҳияти юзасидан семинар йиғилиш ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судал томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий нематларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиикни қўллаш амалиёти ҳақида” ги 21-сонли, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 22-сонли ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги 23-онли қарорининг мазмун моҳияти.
Раислик қилувчи йиғилишни очиб, кун тартибидаги масала юзасидан қуйидагиларни маъруза қилди, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарори 221-банд билан тўлдирилиб, унга кўра, судларнинг эътибори ундирувни гаровдаги мол-мулкка қаратиш ҳақидаги талабнинг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мослигини текшириш лозимлигига қаратилсин. Бунда гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас эканлиги ва гаровга олувчи талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мос келмаслиги, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш ҳақидаги талабни рад этишга асос бўлиши инобатга олиниши лозим. ФК 279-моддасининг учинчи қисми ва “Гаров тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 26-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:
агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;
агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса.
Ушбу асосларнинг бир вақтда мавжудлиги ундирувни гаровдаги
мол-мулкка қаратишни рад этишга асос бўлади.
Қарши туманлараро маъмурий суди судьяси Ж.Хидиров маърумзани давом эттириб, қуйиагиларни гапирди, “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 36-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар ипотека тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, даврий тўловлар билан бажариладиган мажбуриятни таъминлаш учун ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга, ушбу тўловларни тўлаш муддатлари
кетма-кет уч ойдан ортиқ муддатга бузилган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.”;
Шунингдек, 23-банди қуйидаги таҳрирда баён этилган, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 54-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган мажбуриятларни ижро этишда ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулк суд томонидан мажбурий тарзда баҳолашдан ўтказилади ҳамда ушбу кимошди савдосидаги бошланғич реализация қилиш нархи суд қарори билан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда аниқланган миқдорда белгиланади.
Судлар ундирувни гаровдаги мол-мулкка қаратиш ҳақидаги қарорда нафақат бу мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи, балки уни аниқ идентификация қилиш имконини берувчи маълумотларни (мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, кўчмас мулкнинг кадастр рақами, автотранспорт воситалари, асбоб-ускуналарнинг маълумотлари ва ҳоказо) ҳам кўрсатиш лозимлигига эътибор қаратсинлар.
Агар кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритилгунига қадар чиқарилган суд қарори устидан шикоят қилинмаган ва у белгиланган тартибда қонуний кучга кирган бўлса, мажбурий ижро ҳаракатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади ва гаровдаги мол-мулк тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида тузилган гаров (ипотека) тўғрисидаги шартномада кўрсатилган нарх бўйича реализация қилинади.
Қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш пайтида гаровга қўйилган мол-мулкни бошланғич баҳоси юзасидан низо бўлганда, у ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, суд томонидан мажбурий тарзда баҳоланади.”
Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармаси ходими, Қашқадарё вилоят солиқ бошқармаси ходимилари билан Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьяси У.Самандаров, У.Кадиров, О.Бекназаров, Н.Номозов, З.Умирзаков, Қарши туманлараро маъмурий суди судьялари Ж.Хидиров, А.Дониёров, Б.Абдимуминов, Ш.Бурхонова, А.Буроновлар ўзаро савол жавоб қилишиб, баъзи масалаларда қонун нормаларининг қўлланилиши юзасидан келишиб олишди
Ислоҳотлар – Инсон қадри ва манфаатлари учун
Жорий йилнинг 5 январида Қашқадарё вилоят маъмурий суди томонидан Қарши шаҳридаги “Рогузар” МФЙ биносида маҳалла аҳли ва ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур учрашувда Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьялари У.Самандаров, Х.Давлатов ҳамда Н.Номозовлар томонидан Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасига доир ислоҳотлар, суд тизимига оид янгиликлар, маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича маъруза қилинди.
Хусусан, маърузачилар томонидан йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1067-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2025 йил
21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида маълумотлар берилди.
Шунингдек, давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентинниг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмуни, унда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, тизимни янада ислоҳ қилиш бўйича вазифалар, хусусан, терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, терговга аризани қабул қилиш босқичидан судга ўтказишгача бўлган жараёнларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, тергов судьялари ваколатларини кенгайтириш, яъни уларга санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш ва бу билан халқаро тан олинган “Хабэас корпус” институтини янада такомиллаштириш, жиноят процессига англо-саксон ҳуқуқ тизими давлатларида ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институтини босқичма-босқич жорий этиш, ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлган жиноят ишларини жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши, суд ҳужжатлари ижросини 30 фоизини сунъий интеллект технологиялари орқали инсон омилисиз ижро этиш тизимини жорий этиш юзасидан маъруза қилинди.
Давра суҳбати якуни очиқ мулоқот шаклида, қизиқарли савол-жавоблар, мунозаралар билан давом этди.
Учқун Самандаров,
Қашқадарё вилоят маъмурий суди судьяси
Интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси
Ҳозирги глобаллашув ва рақамли иқтисодиёт шароитида интеллектуал мулк жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланди. Илмий кашфиётлар, адабий ва бадиий асарлар, ахборот технологиялари ҳамда инновацион ечимлар интеллектуал фаолият натижаси бўлиб, уларни самарали ҳимоя қилиш давлат олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси алоҳида аҳамият касб этади.
Интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси — бу муаллифлик, патент, товар белгиси каби ақлий меҳнат натижаларини давлатнинг энг олий ҳуқуқий ҳужжати орқали муҳофаза қилиш тизимидир.
Интеллектуал мулк — инсоннинг ақлий ва ижодий меҳнати натижасида яратилган номоддий бойликларга нисбатан ҳуқуқлар мажмуасидир. Буларга муаллифлик ҳуқуқи объектлари (адабий, илмий, бадиий асарлар), ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва компьютер дастурлари киради. Ушбу объектлар моддий шаклга эга бўлмаса-да, улар иқтисодий ва маънавий қийматга эга.
Конституция — давлатнинг энг олий юридик кучга эга бўлган ҳужжати бўлиб, унда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамланади. Интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси деганда, ижод эркинлиги, муаллифлик ҳуқуқи ва мулк дахлсизлиги каби принципларнинг Конституция даражасида кафолатланиши тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар кимнинг ижод эркинлиги, илмий ва техник ижод билан шуғулланиш ҳуқуқи тан олинган. Шу билан бирга, интеллектуал фаолият натижаларини қонун билан муҳофаза қилиш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланган. Бу нормалар интеллектуал мулкни хусусий мулкнинг алоҳида тури сифатида эътироф этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида интеллектуал мулк давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ҳуқуқий неъмат сифатида эътироф этилган.
Хар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. нтеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади”- деб белгилаб қўйилган.
Конституция фуқароларга асар яратиш, ихтиро қилиш, дастур, дизайн, саноат намунаси яратиш эркинлигини беради.
Шу билан бирга, муаллиф ўз асарига нисбатан муаллифлик ҳуқуқига, ундан фойдаланиш ва даромад олиш ҳуқуқига эга.
Конституциявий нормалар асосида давлат интеллектуал мулкни муҳофаза қилувчи қонунларни қабул қилади; муаллифлик ва патент ҳуқуқларини таъминлайди; қонунсиз нусха кўчириш ва пиратликка қарши курашади; ҳуқуқлар бузилганда суд орқали ҳимояни кафолатлайди.
Конституциявий ҳимоя ёшларни илмий ва ижодий фаолиятга ундайди; инновация ва технологиялар ривожини тезлаштиради; иқтисодиётда интеллектуал маҳсулотлар улушини оширади.
Кўплаб давлатлар конституциявий нормаларни Берн конвенцияси, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) ҳужжатлари
билан уйғун ҳолда қўллайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини тартибга солувчи бир қатор махсус Қонунлар қабул қилинган, улар қаторига қуйидаги Қонунларни киритиш мумкин, жумладан:
– “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун
(адабиёт, санъат, фан асарлари, дастурлар, мусиқа, фильмлар ва ҳ.к.),
– “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонун (техникавий ечимлар ва дизайнларни ҳимоя қилади),
– “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиқиш жойи номлари тўғрисида”ги Қонун,
– “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги Қонун (ўсимлик навлари ва ҳайвон зотлари),
– “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун,
– “Тижорат сирлари тўғрисида”ги Қонун.
Хулоса қилиб айтганда, интеллектуал мулкнинг конституциявий ҳимояси инсон ҳуқуқларини таъминлаш, инновацион ривожланиш ва иқтисодий тараққиётнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мазкур соҳанинг мустаҳкамланиши ижод эркинлигига бўлган юксак эътиборни ва давлатнинг интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсадларини яққол намоён этади.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди судьяси У.М.Кадиров
Янги Конституция – фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилишнинг кафолатидир
Маълумки, жамиятда фуқаро ва юридик шахснинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.
Шу маънода, кейинги йилларда, мамлакатимизда қонун устуворилигини таъминлаш, фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга ошириб келинмоқда.
Биргина, суд-ҳуқуқ соҳасидаги устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилинганлиги фикримизни яққол тасдиқлайди.
Келинг, бу борадаги ислоҳотларнинг қисқача мазмунини маъмурий судларнинг фаолияти ҳамда янгиланган Конституциямизнинг судлар билан боғлиқ айрим нормалари мисолида келтириб ўтсак.
Жумладан, Конституция юзасидан ислоҳотлар жараёнида тегишли қонунлар билан Маъмурий суд ишларини юритишнинг процессуал қонунчилигига давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш;
ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш;
маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш белгиланиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида мутлақо янги институт “Келишув” институти жорий қилинди.
Янги Конституциядаги муҳим жиҳатлардан яна бири бу – фуқаро ва юридик шахсларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш мақсадида илгари амалдаги Конституция қабул қилингунга қадар мавжуд бўлмаган муҳим бир норманинг киритилганлигидадир.
Яъни, илк бора фуқаро ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги Конституция даражасида белгиланди.
Ёки жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бир қатор ҳуқуқий нормаларнинг ўз аксини топганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Шу ўринда, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг “Суд ҳокимияти” боби суд ҳокимияти мустақиллигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш, одил судлов самарадорлигини ошириш, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда дахлсизлигини кафолатлаш, одил судлов фаолиятини молиялаштиришни назарда тутувчи янги моддалар билан тўлдирилди.
Мисол учун, 140-моддага мувофиқ, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.
Бу орқали, судларинг келгусида ўз фаолиятида мустақиллиги билан боғлиқ принципнинг тўла амал қилиши ва айрим бир давлат органлари олдида суд ҳокимиятининг молиявий қарамлиги юзага келиши мумкинлиги олди олинади.
Мухтасар қилиб айтганда, янги Конституция фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилишини кафолатлаб, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини фуқаро ва юридик шахслар олдидаги масъулиятини янада оширишга ва чинакам одил судловга эришишига хизмат қилади.
Қашқадарё вилоят маъмурий суди
Судья катта ёрдамчиси: М.Б.Вазиров
Коррупцияга қарши курашиш жамият тараққиётидаги ўрни.
Коррупция ҳар қандай жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимларига жиддий зарар етказадиган омилдир. У давлат бошқарувининг шаффофлиги ва самарадорлигини пасайтиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятларининг тенглигини бузади. Шунингдек, коррупция инвестиция муҳитини ёмонлаштириб, рақобатни чеклайди ва иқтисодий барқарорликка хавф солади. Бундай шароитда жамият ривожланиши секинлашади, фуқароларнинг давлатга ишончи сусаяди ва ижтимоий адолат тамойиллари издан чиқади.
Шу боис, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир ривожланишни мақсад қилган жамиятнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Қонун устуворлигини таъминлаш, ошкораликни кучайтириш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва таълим-тарғибот ишларини фаоллаштириш орқали коррупцияни кескин камайтириш мумкин. Коррупцияга қарши қатъий сиёсат нафақат давлат бошқарувида ислоҳотлар самарадорлигини оширади, балки фуқароларнинг онгида ҳам адолатга ишончни мустаҳкамлайди. Натижада жамиятда барқарор тараққиёт, фаровонлик ва ишончли келажакка замин яратилади.
Коррупция – бу давлат бошқаруви, бизнес ва жамият ҳаётида адолат, қонунийлик ва шаффофликка жиддий хавф солувчи ижтимоий иллатдир. У иқтисодий ўсишни секинлаштиради, аҳолининг давлатга ишончини камайтиради, инвестиция муҳитини ёмонлаштиради ҳамда ижтимоий тенгсизликни кучайтиради. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлатнинг стратегик вазифаларидан бирига айланган.
Коррупциянинг асосий сабаблари.
Бошқарувда шаффофликнинг етишмаслиги. Маълумотлар очиқлиги паст бўлган жойларда коррупция учун шароит пайдо бўлади.
Назорат ва ҳисобдорлик механизмларининг кучсизлиги. Назорат тизими самарасиз бўлса, мансабдор шахслар учун жавобгарлик хавфи камаяди.
Маошларнинг бозор талабларига мос келмаслиги. Кам маош оладиган ходим коррупцион рискларга кўпроқ мойил бўлади.
Ҳуқуқий маданиятнинг паст даражаси. Жамиятда қонунга итоаткорлик ва фуқаролик масъулияти етарли даражада шаклланмаган бўлса, коррупция кенг тарқалади.
Оилавий, қавмчилик ва “таниш-билишлик” муносабатлари. Непотизм ва фаворитизм хизмат лавозимларида адолатсизлик келтириб чиқаради.
Коррупциянинг жамиятга таъсири
Иқтисодий зарар: бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, инвестиция оқимининг камайиши, тадбиркорлар учун ноқулай муҳит.
Ижтимоий адолатнинг бузилиши: имкониятларнинг тенг эмаслиги, аҳолининг норозилиги ва давлатга ишончсизлик.
Маъмурий самарасизлик: хизмат кўрсатишнинг секинлашиши, қонун устуворлигининг заифлашиши.
Халқаро обрўга таъсир: коррупция юқори бўлган мамлакатларга ЛИТ, ЁИМ ва инвестиция кўрсаткичлари бўйича паст баҳо берилади.
Коррупцияга қарши самарали механизмлар
1. Қонунчилик базасини мустаҳкамлаш
Коррупцияга қарши қонунлар аниқ таърифлар, жазо чоралари ва назорат механизмларини ўз ичига олиши керак. Жавобгарликнинг муқаррарлиги – энг муҳим тамойил.
2. Электрон ҳукумат ва рақамлаштириш«Э-ҳукумат», «ЯИДХП», электрон тендерлар, электрон ҳисоботлар инсон омилини камайтиб, коррупция хавфини кескин пасайтиради.
3. Очиқ маълумотлар сиёсати
Давлат харидлари, бюджет тақсимоти, ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотларни очиқлаш коррупцияни камайтиришда муҳим ўрин тутади.
4. Фуқаролик жамияти ва ОАВ иштирокини кучайтириш
Журналистик тафтишлар, ННОлар фаолияти, жамоатчилик назорати – коррупцияга қарши курашда ҳал қилувчи омиллардан.
5. Маъмурий ислоҳотлар ва хизматчилarning моддий рағбатлантирилиши
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ, божхона ва бошқа тармоқларда иш жараёнларини соддалаштириш; ходимларнинг адекват маоши ва рағбатлантирилиши коррупция фоизини камайтиради.
6. Ахлоқий меъёрларни кучайтириш
Давлат хизматчилари учун этика кодекси, мажбурий декларация, манфаатлар тўқнашувини oldini olish тизими самарали натижа беради.
Ёшлар ва таълимнинг ўрни.
Коррупцияга қарши мафкурани болаликдан шакллантириш – узоқ муддатли натижа берадиган чора. Мактаб ва ОТМларда ҳуқуқий билимларни кучайтириш, ҳалоллик дарслари, фуқаролик жамияти фанлари жуда муҳим.
Коррупция – бир давлатнинг эмас, бутун жамиятнинг муаммосидир. Унга қарши курашиш фақат қонунлар ёки жазо билан эмас, балки таълим, маданият, шаффофлик, фуқаролик назорати ва замонавий бошқарув усуллари билан амалга оширилиши керак. Коррупцияга барҳам бериш мамлакатнинг иқтисодий ривожига, халқ фаровонлигига ва халқаро нуфузига бевосита таъсир қилади.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди судьяси Н.Номозов
Янги Ўзбекистон Конституцияси: Янги тараққиёт босқичининг ҳуқуқий пойдевори.
2023 йил 30 апрель – Ўзбекистон янги тарихидаги энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеалардан бири сифатида тарихга кирди. Ушбу кунда умумхалқ референдуми орқали мамлакатимиз янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилди. Бу давлат ва жамият ҳаётида “Янги Ўзбекистон” ғоясини амалга ошириш, инсон қадрини устувор қиммат сифатида белгилаш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсадларига хизмат қиладиган туб ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосига айланди.
Конституцион ислоҳотларнинг зарурияти
Янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилишнинг бир неча асосий сабаблари бор эди:
- жамият ва давлат бошқарувидаги кенг кўламли ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш;
- инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янги даражага кўтариш;
- давлатнинг халқ олдидаги мажбуриятларини кенгайтириш;
- фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
- иқтисодий барқарорлик ва рақобатбардош бозор принципларини қонун даражасида мустаҳкамлаш.
Шу маънода 2023 йилги Конституция – бу “оддий ўзгартишлар тўплами” эмас, балки давлатчилик моделини замонавийлаштиришга қаратилган стратегик конституцион ислоҳот ҳисобланади.
Янги Конституциянинг асосий устувор йўналишлари
- Инсон қадри – Конституциянинг бош ғояси
Янги таҳрирда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари биринчи ўринга олиб чиқилди. Конституциянинг 60 фоиздан ортиғи айнан инсон ҳуқуқларига бағишланди.
Аҳамиятли янгиликлар:
- инсон қадрини баланд қўйиш давлатнинг бевосита бурчи сифатида белгилади;
- қийноқлар, шафқатсиз муносабат, камситиш мутлақо тақиқланди;
- меҳнат қилиш, тиббий ёрдам олиш, ижтимоий ҳимоя ҳуқуқлари кенгайтирилди;
- ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва аёллар манфаатлари алоҳида ҳимояга олинди.
Ижтимоий давлат тамойили
Янги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинди. Бу фуқароларнинг муносиб турмуш даражасини таъминлашни давлатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилайди.
Шунингдек:
- аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар;
- кексалар, кам таъминланганлар ва эҳтиёжмандларга махсус ҳимоя чоралари;
- билим олиш ва тиббий хизматдан тенг фойдаланиш ҳуқуқи кучайтирилди.
Кучли парламент ва жамоатчилик назорати
Янги Конституцияда қонун чиқарувчи ҳокимият ваколатлари кенгайтирилди:
- парламент ҳукумат фаолиятини янада қатъий назорат қилади;
- давлат дастурлари ва бюджети устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилди;
- жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари фаолияти қўллаб-қувватланди.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар мустаҳкамланди
Янги Конституция суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлади:
- судьяларнинг дахлсизлиги ва мустақиллиги кафолатлари янада кучайтирилди;
- “одил судловга етишиш” ҳуқуқи кенг доирада таъминланди;
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилди.
Иқтисодий муносабатларда янги қоидалар
Конституцияда бозор иқтисодиёти тамойиллари қонун даражасида мустаҳкамланди:
- хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари янада кучайтирилди;
- тадбиркорлар манфаатлари давлат томонидан ҳимоя қилинади;
- монополияга қарши сиёсат ва адолатли рақобат тамойиллари белгилаб берилди;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қоидалар кучайтирилди.
Давлат бошқарувининг замонавий модели
Янги таҳрирда:
- давлатнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги қатъий белгилаб қўйилди;
- маҳаллий кенгашлар ваколатлари оширилди;
- “халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилади” тамойили Конституцияда мустаҳкамланди.
2023 йилги Конституциянинг тарихий аҳамияти
2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдумида фуқароларнинг 84,5 фоизи иштирок этиб, уларнинг мутлақ кўпчилиги янги таҳрирни қўллаб-қувватлади. Бу янгиланган Конституция:
- халқ иродасининг ифодаси,
- янги давлатчилик концепциясининг ҳуқуқий асоси,
- инсон ҳуқуқлари устуворлигининг кафолати,
- давлат ва жамият муносабатларини модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Қашқадарё вилоят маъмурий
суди судьяси Н.Номозов
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Административный суд Кашкадарьинской области






