Солиқ текширувига оид низолар бўйича тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 107-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилгандир.

      Тадбиркорлик субъектлари бошқа давлат органлари каби, солиқ органи қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузади деб ҳисоблаган ҳолатларда маъмурий судларга мурожаат қилишмоқда.

     Тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органи билан муносабатларда юзага келадиган низоларнинг аксариятини камерал солиқ текшируви қарорларидан норози бўлиб келтирилган аризалар ташкил қилади.

     Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 137-моддасига кўра, солиқ органлари учта турдаги, яъни камерал солиқ тешируви, сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудитини ўтказади.  Ушбу кодекснинг 138-моддасига кўра, камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.

     Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги 741-сонли қонуни билан Солиқ кодексининг 138-моддаси иккинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилиб, текширувдан олдинги таҳлил ўтказиш тартиби белгиланди.

     Текширувдан олдинги таҳлил — тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир. Агар текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар билан тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома юборилади. Солиқ тўловчи тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт. Бундай мажбуриятнинг бажарилмаганлиги солиқ органи томонидан солиқ тўловчида камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади.

      Қонунга киритилган ўгартиш мазмунидан кўриш мумкинки, мазкур таҳлил камерал солиқ текширувидан олдинги ҳолат бўлиб, солиқ тўловчига ҳисоботдаги тафовутларни яна бир бор аниқлаштириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда қонун бузилиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган фаолият ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида келиб чиқаётган низолар ҳисоботлардаги тафовутлар сабабли келиб чиқади.

        Камерал солиқ текшируви билан боғлиқ муносабатлар юзасидан низоларнинг кўпайганлигини нималар билан изоҳланади? Бунга, биринчи сабаб солиқ тўловчининг солиқ кодекси билан белгилаб берилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмаслиги оқибатида, ўзининг ҳуқуқларидан фойдаланмаслиги ва мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги бўлса,  кейинги ҳолатда солиқ органи томонидан солиқ текширувларини ўтказишда қонун талабларига тўлиқ риоя қилинмаслиги сабаб бўлаётганлигини кўриш мумкин. Жумладан, солиқ тўловчи  шахсий кабинетига юборилган ҳужжатлар ёки хабарномани ўқиб кўрмаслиги, солиқ органи эса текширув материаллари кўриб чиқилиши ҳақида чақирув хати юборилиши билан чекланиб, ушбу жараёнда солиқ тўловчининг иштирокини реал таъминламаганлиги, пировардида солиқ тўловчи томонидан текширувга нисбатан эътироз билдирилмай қолиши ва эътирозлари ўрганиб чиқилмаслиги судда низоларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 157-моддаси 5-қисмига кўра, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб таомилларини бузилган ҳолда қабул қилинган қарорлар юқори турувчи орган ёки суд томонидан солиқ органининг қарорини бекор қилиш учун асос  бўлиши мумкин. Шу сабабли, қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда қабул қилинган камерал солиқ текшируви ўтказиш ҳақидаги материални кўриб чиқиш ҳақидаги қарорлар маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.

       Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, маъмурий судларнинг асосий вазифаси давлат органларининг қонунга зид қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракат, ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш орқали, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш баробарида, давлат органининг кейинги фаолиятидаги қонунбузилишларни олдини олишга қаратилгандир. Бу эса, ўз навбатида соҳадаги ислоҳатларнинг самарасига бевосита таъсир қилиб, давлат органлари мансабдор шахзсларининг қонунларга риоя қилишдаги масъулиятни ошишига, суд тартибида ҳал қилинадиган низоларнинг камайишига ва қонун устуворлигини таъминланишига хизмат қилади.



Қашқадарё вилоят

судининг судьяси                                                                            Баҳриддин Ахмедов

Қашқадарё вилоят маъмурий судида «Тил миллат кузгуси»мавзуси буйича давра сухбати бўлиб ўтди

 

Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди ва мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.

Шу муносабат билан Қашқадарё вилоят маъмурий судининг навбатдаги «Маърифат соати» «Тил миллат кўзгуси» мавзусида давра суҳбати тарзида ўтказилди.

Давра сухбати давомида, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим воқеалардан бири бўлганлиги, Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошганлиги,. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзаги эканлиги, шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилаши, тил халқни бирлаштириши,, тарбиялаши, ўқитиши, урф-одат, аньаналарини сақлаши, шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз кераклиги юзасидан маъруза қилинди.

            Бундан ташқари, «Маърифат соати»да Қашқадарё вилоят маъмурий суди Девонхона мудири Б.Махамадиев Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маърузаси тингланди.

Тадбир давомида “Маърифат соати” иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлари билан маърузачилар билан қизғин суҳбат қилдилар.

 

Солиқ мажбуриятини бажариш

         Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш шароитида амалга оширилаётган солиқ соҳасидаги ислоҳотларда асосий эътибор тадбиркорлик субъектлари иқтисодий фаолиятини солиқлар воситасида рағбатлантиришга қаратилгандир, лекин шу билан бирга солиқлар асосий функциясининг бажарилиши кўп жиҳатдан солиқларнинг бюджетга тўлиқ ва ўз вақтида ундирилиш жараёни билан боғлиқдир.

        Жумладан, Ўзбекистон Республикаси конституциясининг
51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар деб кўрсатиб ўтилган.

       Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 8-моддасида эса ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва унда назарда тутилган йиғимларни тўлаши шарт.

        Ҳеч кимга солиқлар ва йиғимларнинг барча аломатларига эга бўлган, бироқ ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмаслиги баён қилинган.

        Солиқ мажбурияти – солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ тўловчилар зиммасига юклатилган солиқларни ва йиғимларни тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳамда ўз вақтида тўлаш мажбурияти уларнинг солиқ мажбуриятидир.

   Солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ агентларининг зиммасига юклатилган, ўзига нисбатан ушбу шахслар солиқ агентлари деб эътироф этиладиган муносабатлар доирасида солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва ўз вақтида ўтказиш мажбурияти солиқ мажбуриятига тенглаштирилади.

Солиқ мажбурияти солиқ кодекси ёки бошқа солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлганда юзага келади, ўзгартирилади ва тугатилади.

    Ҳар бир солиққа нисбатан солиқ мажбурияти солиқ тўловчига cолиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган ушбу солиқни тўлашни назарда тутувчи ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан юклатилади.

    Солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддатисолиқ тўловчи ўзининг солиқ мажбуриятини, агар солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мустақил равишда бажаради.

    Якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмайдиган жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти ўзга жисмоний шахс томонидан бажарилиши мумкин. Бунда солиқ тўловчи унинг солиқ мажбурияти ўзга жисмоний шахс томонидан бажарилиши натижасида олган моддий наф солиқ солиш мақсадларида шу солиқ тўловчининг даромади деб эътироф этилмайди. Ўзга шахс ўзи томонидан солиқ тўловчи учун тўланган солиқнинг қайтарилишини талаб қилишга ҳақли эмас.

     Солиқ мажбурияти солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатда бажарилиши керак. Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари календарь сана ёки вақт даври (йил, чорак, ой, ўн кунлик ва кун) ўтиши билан белгиланади.

Муддатнинг ўтиши календарь санадан ёки муддатнинг бошланиши белгилаб қўйилган воқеа юз берганидан кейинги кундан бошланади. Солиқ мажбурияти ушбу мажбуриятни бажариш муддатининг сўнгги куни соат йигирма тўртга қадар бажарилиши керак.

Агар солиқ мажбуриятини бажариш муддатининг сўнгги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.

         Солиқ тўловчи солиқ мажбуриятини муддатидан олдин бажаришга ҳақли.

Солиқ мажбуриятини бажариш муддати Солиқ кодексининг 97, 102-моддаларида назарда тутилган тартибда ўзгартирилиши мумкин. Солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятининг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги унга солиқ органи томонидан солиқ қарзини тўлаш тўғрисида талабнома юборилиши учун асос бўлади.

        Солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбурияти бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, солиқ органлари ушбу мажбуриятнинг мажбурий тартибда бажарилиши юзасидан ушбу кодекснинг 15-бобида (солиқ қарзини ундириш) назарда тутилган чораларни кўриши ва (ёки) унинг бажарилишини таъминлашга доир ушбу кодекснинг 13-бобида (Солиқ мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш) назарда тутилган чораларни қўллаши шарт.

        Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Давлат солиқ ҳизмати тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасида солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш давлат солиқ хизмати органларининг асосий вазифаларидан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган.

         Солиқ мажбуриятининг тугатилиши – Солиқ мажбурияти, агар Солиқ кодекси 87-модданинг иккинчи – тўртинчи қисмларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, қуйидаги ҳолларда тугатилади:

солиқ тўловчи томонидан солиқ тўланганда ёки солиқ агенти томонидан ўтказиб берилганда;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ мажбуриятини тугатиш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар юзага келганда.

Жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

мазкур шахс вафот этганда;

уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда.

Вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзи Солиқ кодексининг 94-моддасида белгиланган тартибда мерос мол-мулкнинг қиймати доирасида меросхўрлардан ундирилади.

Юридик шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

Солиқ кодексининг 91-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у тугатилганда;

Солиқ кодексининг 92-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у қайта ташкил этилганда.

Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлариСолиқ органи ёки бошқа ваколатли орган солиқ текширувини ўтказишга, текширув натижалари бўйича солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборишга ёки солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тўланиши лозим бўлган солиқлар миқдорини қайта кўриб чиқишга ҳақли бўлган муддат солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ҳисобланади.

        Агар Солиқ кодексида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати, натижаларига кўра солиқ мажбурияти аниқланадиган солиқ даври тугаганидан кейин беш йилни ташкил этади. Агар солиқ мажбуриятининг юзага келиши муайян воқеа ёки ҳаракат билан боғлиқ бўлса, агар ушбу кодексида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати шу воқеа ёки ҳаракат содир бўлган пайтдан эътиборан беш йилни ташкил этади.

       Солиқ кодекси 84-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда даъво қилиш муддати солиқ тўғрисидаги қонунчиликка кўра солиқ тўловчи томонидан солиқ ставкаси, тўланадиган солиқ миқдори, солиқ имтиёзи ёки солиқ чегирмаси қўлланилиши ва (ёки) солиқни тўлаш муддати ўзгариши билан боғлиқ шартларнинг амал қилиш муддатига узайтирилади.

     Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва қайта тикланади.

Солиқ ва йиғимларни тўлаш – солиқни тўлаш, агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миллий валютада амалга оширилади.

Чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасини миллий валютада қайтадан ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг солиқни тўлаш санасидаги расмий курси бўйича амалга оширилади.

      Солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбурияти, агар Солиқ кодекси 89-модданинг тўртинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қуйидаги ҳолларда бажарилган деб эътироф этилади:

1) пул маблағларини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағидан бюджет тизимига тегишли ғазначилик ҳисобварағига ўтказишга доир топшириқнома банкка тақдим этилган пайтдан эътиборан – солиқ тўловчининг ҳисобварағида тўлов кунида етарлича пул қолдиғи мавжуд бўлган тақдирда;

2) банкда ҳисобварақ очмасдан тегишли ғазначилик ҳисобварағига бюджет тизимига ўтказиш учун банк кассасига нақд пул маблағлари топширилган пайтдан эътиборан. Бундай қоида солиқни тўлаш учун пул маблағлари етарлича бўлган тақдирда, фақат жисмоний шахслар томонидан солиқни тўлашда қўлланилади;

3) банк ёки алоқа бўлимига бюджет тизимига ўтказиш учун нақд пул маблағлари киритилган кундан эътиборан. Бундай қоида солиқни тўлаш учун пул маблағлари етарлича бўлган тақдирда, фақат жисмоний шахслар томонидан солиқни тўлашда қўлланилади;

4) ғазначиликда шахсий ҳисобварағи очилган юридик шахснинг шахсий ҳисобварағида тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир операция акс эттирилган пайтдан эътиборан;

5) ортиқча тўланган суммаларни ёки ортиқча ундирилган солиқлар, пенялар, жарималар суммаларини тегишли солиқ тури бўйича мажбуриятнинг бажарилиши ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисида солиқ органи томонидан қарор чиқарилган кундан эътиборан;

6) солиқни ҳисоблаб чиқариш ва солиқ тўловчининг пул маблағларидан ушлаб қолишга доир мажбурият ушбу кодексга мувофиқ солиқ агентига юклатилган бўлса, солиқ суммалари солиқ агенти томонидан ушлаб қолинган кундан эътиборан.

       Солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбурияти қуйидаги ҳолларда бажарилган деб эътироф этилмайди:

1) тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган топшириқнома солиқ тўловчи томонидан қайтариб олинганда ёки банк томонидан унга қайтарилганда;

2) ғазначиликда шахсий ҳисобварағи очилган юридик шахс томонидан тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган топшириқнома қайтариб олинганда ёки ғазначилик томонидан унга қайтарилганда;

3) пул маблағлари ушбу пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир тўлов топшириқномасида банк реквизитлари нотўғри кўрсатилганлиги сабабли бюджет тизимининг тегишли ғазначилик ҳисобварағига ўтказилмай қолганда;

4) агар солиқ тўловчи солиқ тўлови учун банкка пул маблағларини ўтказиш учун топшириқнома тақдим этган куни унинг фуқаролик қонунчилигига мувофиқ биринчи навбатда бажариладиган ҳисобварағига тақдим этилган бажариб бўлмайдиган бошқа талаблар мавжуд бўлса, агар ушбу ҳисобварақда барча талабларни қаноатлантириш учун етарлича қолдиққа эга бўлмаса.

Ушбу қоидалар пенялар ва жарималарга нисбатан ҳам қўлланилади ҳамда солиқ агентларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

      Солиқ органлари бюджет тизимига тушумлар ҳисобини ҳисобланган ҳамда тўланган солиқлар ва йиғимлар суммаларини, шунингдек пенялар ва жарималарни солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағида акс эттириш орқали юритади. Солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ тўланиши лозим бўлган, солиқлар ва йиғимларнинг, шунингдек пенялар ва жарималарнинг бюджет тизимига тушумлари ҳисобини юритади. Ҳисоб юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

      Ундирилиши бошқа давлат органлари ва ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

     Шу ўринда солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида бажармаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик балки жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши қонунчиликда белгилаб қўйилган.

     Жумладан, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддасида солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш маъмурий ҳуқуқбузарликни келтириб чиқариши, модданинг иккинчи қисмида худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этишни назарда тутса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш модданинг учинчи қисмида маъмурий жавобгарлик сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган.

     Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида эса солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жумладан, фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яширишни, камайтириб кўрсатишни, шунингдек давлат томонидан белгиланган солиқларни ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Модданинг 2-қисмида солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш:

а) такроран;

б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 3-қисмида солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Модданинг 4-қисмида қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Модданинг 5-қисмида эса биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг содир этилган жиноят ҳақидаги хабарини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши кўрсатиб ўтилган.




Қарши туманлараро маъмурий

 судининг судьяси                                                                               А.Мухиддинов

 

Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган  жисмоний шахснинг cолиқ қарзини ундириш

       Сўнгги йилларда юртимизда солиқ юкини камайтириш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига солиқ имтиёзларини бериш, солиқ тўловчиларга енгилликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017-2021 йиллар давомида солиқ турлари 16 тадан 9 тага камайтирилди, назорат шакллари 13 тадан 2 тага қисқартирилди, мол-мулк солиғи, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга, ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) 20% дан 15% га туширилди, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажарилиш даражаси 80%дан 95% ошди. “Economic freedom” иқтисодий эркинлик рейтингида “Tax burden” солиқ юки индикатори бўйича кўрсаткич 90.7 баллдан 92.4 баллга кўтарилди 2020 йил 31 декабрь ҳолатига бюджетга солиқлар ва йиғимлардан жами 103,6 трлн. сўм тушган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йил 31 декабрь ҳолатига 127,9 трлн. сўмни ташкил қилган. Ушбу тушумлардаги энг кўп улуш юридик шахслардан олинадиган фойда солиғига (38,4 трлн.) ва қўшилган қиймат солиғига (25,6 трлн.) тўғри келади

      2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида:

  • 2026 йил бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш;
  • Давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ва 2023 йилдан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш вазифалари қўйилди
  •       Солиқ мажбуриятини ўз вақтида бажариш ҳар қандай шахс учун унинг зиммасидаги солиқ юкини бартараф қилишга, молиявий санкциялар қўлланилишини олдини олишга, қўшимча йўқотишларга дуч келмасликка имкон беради.

     Иқтисодиётнинг ривожланиши билан солиқ ҳуқуқи нормалари ҳам такомиллашмоқда. Солиқ ставкалари ва солиқларни тўлаш манбалари ўзгармоқда, декларацияларни тақдим этиш ва мажбуриятни бажариш тартиби ва муддатлари қайта кўриб чиқилмоқда. Бироқ, солиқлар ва йиғимларни тўлаш борасидаги ҳуқуқбузарликлар тўлиқ бартараф қилинди, деб айта олмаймиз.

 Умуман, тўланмаган солиқ қарзи давлат иқтисодиётини беқарорлаштирувчи омилларидан бири саналади ва давлатнинг пул ресурслари камайишидаги асосий манба сифатида эътироф қилиш мумкин.

      Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбур эканлиги кўрсатилган.

      Бевосита солиқ қарзи тушунчасига тўхталадиган бўлсак, солиқ қарзи фақат солиқларнигина ўз ичига олмайди. Солиқ қарзи деганда, ҳисобланган ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқлар ва йиғимлар, шунингдек тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар тушунилади. Демак, ушбу атама солиқлардан ташқари йиғимлар, молиявий санкциялар ва пеняларни ҳам қамраб олади. Солиқ қарзини ундириш усулларига қуйидагилар киради:

  • талабнома юбориш орқали (фақат юридик шахс ва ЯТТлар учун);
  • Суд буйруғи ёки даъво тартибида;
  • Солиқ қонунчилиги солиқ қарзини ундириш масаласида юридик шахслар учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида талабларни белгилайди. Юридик шахслар ҳисобрақамлар орқали тегишли операциялар амалга ошириши, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга эга бўлиши ва жисмоний шахслар эса ундирув қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулкка эгалик қилиш уларга алоҳида қоидалар ишлаб чиқиш лозимлигини тақозо қилади.

     Солиқ кодексининг 125-моддасига асосан, якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахс  солиқ тўлаш  бўйича мажбуриятларини белгиланган муддатда  бажармаган бўлса, солиқ органи солиқ қарзини ушбу жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилади.

    Ундириш тўғрисидаги аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилиниши мумкин. Ундириш тўғрисидаги аризанинг нусхаси у судга берилган кундан кечиктирмай солиқ органи томонидан солиқ қарзи ундирилаётган жисмоний шахсга юборилади.

      Агар жисмоний шахснинг солиқ қарзи умумий суммаси бир миллион сўмдан ошса, ундириш тўғрисидаги ариза солиқ органи томонидан судга берилади. Ундириш тўғрисидаги судга тақдим қилинган аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилиниши мумкин.

Солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш кетма-кетлиги қуйидаги тартибда бўлади:

  1. Банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига;
  2. Нақд пул маблағларига;
  3. Бошқа шахсларга шартнома бўйича эгалик қилишга, фойдаланишга, тасарруф этишга берилган мол-мулкка
  4. Бошқа мол-мулкка.

     Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмайди.

      Солиқ қарзи жисмоний шахснинг пул маблағлари кўринишида бўлмаган мол-мулки ҳисобидан ундирилган тақдирда, солиқ қарзи бундай мол-мулк реализация қилинган ва ундан келиб тушган суммалар ҳисобидан тўланган пайтдан эътиборан тўланган деб ҳисобланади. Мазкур мол-мулк хатлаб қўйилган кундан эътиборан ва тушган суммалар бюджет тизимига ўтказилган кунга қадар солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пенялар ҳисобланмайди.

     Ривожланган давлатлар амалиётида (Австралия, Буюк Британия, Италия, Сингапур) солиқ қарзини мажбурий ундириш билан шуғулланадиган хусусий компаниялар (аутсорсинг) алоҳида кўзга ташланади. Солиқ органлари ушбу компаниялар билан доимий равишда ҳамкорликда фаолият кўрсатади. Солиқ ҳисоботларини топширишдан тортиб, солиқларни ҳисоблаш ва ундириш жараёнларида улар бевосита иштирок этади ва бу солиқ органларининг фаолиятини оптималлаштиришга хизмат қилади. Солиқ қарзларини ундириш функциясини аутсорсингларга ўтказиш бўйича Австралия амалиёти энг муваффақиятли деб ҳисобланади. Дастлаб, 2007 йилда 4 та аутсорсинг агентлиги билан солиқ органлари ўртасида шартнома тузилган. Уларга катта бўлмаган суммадаги солиқ қарзларини ундириш ваколатлари берилди ва аста-секинлик билан ушбу механизм ўз самарасини кўрсатди. Ҳозирда ушбу компаниялар Австралиядаги жами солиқ қарзининг учдан бир қисмини ундириб бермоқда.

     Баъзи давлатларда солиқ қарзларини ундириш вазифаси махсус органга юклатилган. Масалан, Швеция ва Чилида солиқ қарзларини йиғиш билан шуғулланадиган алоҳида ижро этувчи орган мавжуд (асосий солиқ органидан ташқари). Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ОЭСР) аъзо давлатлар солиқ қарзини ундириш учун сезиларли кадрлар ресурсидан фойдаланади, яъни бу кадрлар жами солиқ хизматчиларининг 10-15% ни қамраб олади. Таққослайдиган бўлсак, солиқ қарзини ундириш учун махсус ижро органи фаолиятини йўлга қўйган Швецияда бу кўрсаткич 2%ни ташкил қилади.

 



Қарши туманлараро маъмурий

   судининг судьяси                                                                                              Б.Б.Муинов

 

Перейти к содержимому