Янги Конституция – фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилишнинг кафолатидир

Маълумки, жамиятда фуқаро ва юридик шахснинг ажралмас ҳуқуқлардан бири – ўз ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Шу маънода, кейинги йилларда, мамлакатимизда қонун устуворилигини таъминлаш, фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга ошириб келинмоқда.

Биргина, суд-ҳуқуқ соҳасидаги устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилинганлиги фикримизни яққол тасдиқлайди.

Келинг, бу борадаги ислоҳотларнинг қисқача мазмунини маъмурий судларнинг фаолияти ҳамда янгиланган Конституциямизнинг судлар билан боғлиқ айрим нормалари мисолида келтириб ўтсак.

Жумладан, Конституция юзасидан ислоҳотлар жараёнида тегишли қонунлар билан Маъмурий суд ишларини юритишнинг процессуал қонунчилигига давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш;

ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш белгиланиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида мутлақо янги институт “Келишув” институти жорий қилинди.

Янги Конституциядаги муҳим жиҳатлардан яна бири бу – фуқаро ва юридик шахсларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш мақсадида илгари амалдаги Конституция қабул қилингунга қадар мавжуд бўлмаган муҳим бир норманинг киритилганлигидадир.

Яъни, илк бора фуқаро ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги Конституция даражасида белгиланди.

Ёки жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби суд тартибида исботланиб, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши; ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари  ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва шу каби халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бир қатор ҳуқуқий нормаларнинг ўз аксини топганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг “Суд ҳокимияти” боби суд ҳокимияти мустақиллигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш, одил судлов самарадорлигини ошириш, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда дахлсизлигини кафолатлаш, одил судлов фаолиятини молиялаштиришни назарда тутувчи янги моддалар билан тўлдирилди.

Мисол учун, 140-моддага мувофиқ, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.

Бу орқали, судларинг келгусида ўз фаолиятида мустақиллиги билан боғлиқ принципнинг тўла амал қилиши ва айрим бир давлат органлари олдида суд ҳокимиятининг молиявий қарамлиги юзага келиши мумкинлиги олди олинади.

Мухтасар қилиб айтганда, янги Конституция фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилишини кафолатлаб, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини фуқаро ва юридик шахслар олдидаги масъулиятини янада оширишга ва чинакам одил судловга эришишига хизмат қилади.



Қашқадарё вилоят маъмурий суди

Судья катта ёрдамчиси:                                               М.Б.Вазиров