Қашқадарёда суд ва адвокатлар учрашуви

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Қашқадарё вилоят Қарши туманлараро маъмурий суди раиси Б.Уралов, шу суднинг судьяси У.Самандаров ҳамда Қашқадарё вилоят иқтисодий суди судьяси М.Бозоровлар томонидан Қарши шаҳрида жойлашган санъат коллежи биносида Адвокатлар палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси адвокатлари билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мазкур очиқ мулоқотда жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий ва иқтисодий судларга мурожаат қилиш масалалари, маъмурий судларга тааллуқли ишлар доираси, қонунчиликда судларга мурожаат қилишда давлат божидан озод этилган субъектлар масаласи, одил судлов соҳасида ҳамда ҳуқуқий ҳимоя масаласида мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари, шунингдек мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар юзасидан фикрлар алмашилди.

Самимий ва ошкора руҳда ўтган учрашув давомида адвокатлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан судьяларга тўғридан-тўғри мурожаат қилди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олишди.

Очиқ мулоқот якунида “суд ва адвокатлар” учрашувини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоясини таъминлашга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш юзасидан икки томонлама ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.