Солиққа оид ижтимоий муносабатларни мустаҳкам тартибга солиш мамлакат ижтимоий таъминот тизимининг нормал фаолият кўрсатишини, айниқса, давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

           Дунёда иқтисодий эркинликни таъминлаш орқали давлатнинг бюджет даромадларини барқарорлаштириш ҳамда солиқ назоратининг замонавий воситаларини қўллаш орқали бюджет интизомини таъминлаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатнинг ўз функциясини нормал амалга оширишида бюджет даромадининг асосий манбаи бўлмиш солиқ тушумларининг ўрни муҳим ҳисобланади.

        Маълумки, юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўламаслиги, фойдани яшириши, камайтириб кўрсатиши давлат бюджетига салбий таъсир кўрсатади. Тўланиши ва бюджетга тушиши лозим бўлган маблағлардан жамият манфаатига зид равишда фойдаланилиши эса солиқ соҳасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфини янада оширади.

Шундай экан, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тушунчасига олимлар томонидан қандай илмий ёндашилган, бу борада амалиёт ва қонунчилик қандай?

Масалан, ҳуқуқшунос олим А.Б.Деминнинг фикрича, солиққа оид ҳуқуқбузарлик  “ҳуқуқий таъсир чораси сифатида молиявий чекловларни қўллаш кўзда тутилган, солиққа оид мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун белгиланган ҳуқуқ ва хилоф, айбли ҳаракат ёки ҳаракатсизлик”дир Ҳуқуқшунос олим Л.Б.Хван эса ушбу тушунчага “ҳуқуққа хилоф, айбли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) ҳисобланиб, қонунчилик нормаларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганликда ифодаланади ҳамда бунинг учун турли ҳуқуқ соҳалари қонунчилик ҳужжатлари билан ҳуқуқий жавобгарлик назарда тутилган” деб таъриф берган бўлса, И.Т.Хожиевнинг фикрича “жавобгарлик назарда тутилган ҳамда солиқ қонунчилиги билан тартибга солинадаиган ва қўриқланадиган муносабатларга тажовуз қилувчи ҳуқуққа хилоф, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик) содир этилган қилмиш” сифатида баҳоланган.

Ушбу фикрлардан келиб чиқиб, солиққа оид ҳуқуқбузарлик деганда солиқ муносабатлари иштирокчиларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида молиявий чекловлар назарда тутилган, қасд ёки эҳтиётсизлик натижасида содир этилувчи айбли, ҳуқуққа хилоф қилмиши (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик)дир деб изоҳлаш мумкин.

Амалдаги солиқ кодекси солиққа оид ҳуқуқбузарлик сифатида солиқ тўловчининг ғайриқонуний айбли қилмишини эътироф этилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 210-моддасида солиқ туловчининг, солиқ агентлигининг ёки бошқа шахснинг солиқ кодексига жавобгарлик белгиланган ғайриқонуний айбли қилмиши (ҳаракат ёки ҳаракасизлиги) солиққа оид ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик қуйидагилардан таркиб топади: ҳуқуқбузарлик объект – бу ҳар қандай ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлардир. Шунга кўра, биз солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг объекти сифатида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган ва мухофаза қилинадиган ижтимоий муносабатлар эътироф этамиз.

          Ҳуқуқбузарлик субъекти – бу ҳар қандай ҳуқуқбузарликни содир этган муомала лаёқатига эга бўлган шахсдир. Мамлакатимиз солиқ қонунчилигида солиққа оид ҳуқуқбузарлик субъектлари сифатида жисмоний ва юридик шахслар эътироф этилади.

Солиқ кодекснинг 19-моддасида солиқ тўловчилар, солиқ агентлари ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектлари эканлиги белгиланган.

Солиқ органи ходими томонидан содир этиладиган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни ўзида тартибга солмасдан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Жиноят кодексига ҳавола қилади.

          Бундан ташқари, солиқ текширувлари ўзига хос процессуал жараён бўлганлиги сабабли, мазкур жараёнларда айрим солиқ ҳуқуқбузарликлари содир этилади. Масалан, камерал текширув жараёнлари солиқ органи ходими ўз вазифаларини бажариши ва солиқ тўловчининг ўз мажбуриятини бажариши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабат бўлганлиги сабабли, ҳар икки томондан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилади. Умуман олганда, камерал солиқ текширувлари бўйича ҳуқуқбузарликларни икки гуруҳга бўламиз, биринчи гуруҳ – солиқ органлари томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар ва иккинчи гуруҳ солиқ тўловчилар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар.

Солиқ органлари томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг мазмуни – камерал текширув ўтказиш тартибини бузиш ва камерал қонунчилик нормаларини нотўғри қўллашда ифодаланади. Солиқ тўловчилар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар мазмуни – солиқ ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузиш, солиқ базасини яшириш ва солиқ (йиғим)ни тўламасликда ифодаланади.

      Солиқ органлари томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг мазмуни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида (МЖтК) тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи алоҳида XVI1 боб[1] ва Жиноят кодексида (ЖК) тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар учун жавобгарлик алоҳида XIII1 бобда белгиланган.

Солиқ тўловчилар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар учун, хусусан солиқ ва йиғимларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши ва солиқ қонунчилиги интизомини таъминлаш мақсадида солиқ интизомини бузган солиқ тўловчиларга нисбатан бир қатор, хусусан, Ўзбекистон Республикаси МЖтК 175-моддаси, 2019 йилдаги Солиқ кодекси 220-моддаси ва   224-моддаларида жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқбузарликлари натижасида тўланмаган, нотўғри ҳисобланган ёки яширилган солиқлар камерал текширув орқали аниқланади. Хусусан, Ўзбекистонда статистик маълумотларга кўра 2017 йилда 292,5 мингта тадбиркорлик субъектларида камерал назорат ўтказилган бўлса, шундан 173.2 минтасида камчиликлар аниқланган, 2018 йилда эса 269,1 мингта субъектдан 166,1 мингтасида, 2019 йилда 213,6 мингта субъектдан 157,3 мингтасида, 2020 (9 ойда) 79,5 мингтадан 50,1 мингта тадбиркорлик субъектларида камчиликлар аниқланган. Бундан ташқари,  2019 йилда 2628 та мавзули экспресс-ўрганиш ўтказилган, 4 522 та ҳужжатли текширув (ликвидация ва жиноят ишлари бўйича) ўтказилган. Кўриб турганимиздек, йиллар бўйича камерал текширувлар сонининг ошиб бориши хатоликларни кўпроқ аниқлаш ва қўшимча пул маблағларини бюджетга ундириш имконини бермоқда.

Солиқ органлари томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, бу борада суд амалиётида камерал солиқ текшируви ўтказиш тартибини бузиш, хусусан ҳужжатларни талаб қилиб олиш тартиби, текширув тайинлаш тартиби, текширув натижаларини расмийлаштириш тартиби, текширув ўтказиш муддатини бузиш, ҳуқуқбузарлик аниқланганда ихтиёрий тўлаш тартибини бузиш, асоссиз банкларда ҳисоб-рақамни тўхтатиб қўйиш каби ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилган. Масалан, 2020 йилнинг                24 сентябрь ҳолатига солиқ органлари томонидан 7 483 та субъектларнинг банк операциялари суд қарорларисиз 10 кундан кўп муддатга тўхтатиб қўйилганлиги аниқланган. Бу борада айрим ҳуқуқбузарлик турларини кўриб чиқамиз: маъмурий ҳуқуқбузарликни ихтиёрий бартараф этиш тартиби бузиш ҳолати. Мазкур ҳолатда солиқ органи томонидан масъулияти чекланган жамият раҳбари ва бош ҳисобчисига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 175-моддаси 1-қисми солиқ ҳисоботини ўз вақтида топширмаганлиги учун маъмурий иш қўзғатилган ва иш материаллари судга юборилган. Биринчи инстанция судининг қарори билан энг кам иш ҳақининг уч баравари 516.720 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган. Кассация инстанцияси судининг ҳал қилув қарори билан қарор ўзгаришсиз қолдирилган. Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан суд қарорлари бекор қилинган ва МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига асосан иш бўйича иш юритиш тугатилган. Иш ҳолатлари ўрганилганда солиқ ҳисоботлари ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддат ўтмасдан, шунингдек маъмурий иш материаллари судга тақдим этилгунга қадар тадбиркорлик субъекти мансабдор шахслари томонидан солиқ органига тақдим этилган ва йўл қўйилган қонун бузилишлари ихтиёрий равишда бартараф этилган.





Қашқадарё вилоят маъмурий

судининг судьяси                                                                       О.Н.Бекназаров

 

Skip to content