Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати

        Ўзбекистон Республикаси Маъмурий судларини ўрни муҳимдир, зеро Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги Кодексининг 2-моддасига кўра маъмурий судларнинг вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш; қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.

        Кодексининг ушбу моддасидан келиб чиқиб, маъмурий судлар томонидан бу борада маъмурий ишларини кўрилишида давлат органлари назорат функцияларини олиб бориш давомида қонун устуворлигини таъминлаши баробарида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузилишига йўл қўймаслиги, ушбу органлар репрессив ташкилотлар сифатида эмас ер эгалари, мулкдорлар ҳамда тадбиркорлик субъектларига ҳақиқий кўмакчи, ислоҳотларни самарали амалга оширувчи ташкилотлар сифатида ҳаракат қилишига эътибор қаратилиши лозим.

        Фикримизча, бу борада маъмурий судларда кўрилиши мумкин бўлган икки тоифадаги ишлар асосий ўрин тутади:

  1. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари қарорлари ва хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар;
  2. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилувчи органлар томонидан ўз вазифа ва фунцияларини бажаришлари юзасидан бошқа органлар қарорлари ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан  шикоятлари.

         Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг вазифаси бу Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ерга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлашдир.

      Ер кодексиниг 831-моддасига кўра ер участкаларидан мақсадли фойдаланилиши устидан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширмасликка, ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаб олишга ёки уларнинг чегараларини ўзгартиришга, ерларнинг тоифасидан қатъи назар, барча турдаги бинолар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан қуришга йўл қўймаслик устидан давлат назоратини амалга ошириш хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳисобланмайди. Махсус ваколатли давлат органлари ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ зарур статистик ахборотни, таҳлилий материалларни, ҳужжатларни, бошқа ахборотни, қарорларни ҳамда бошқа ҳужжатларни, шу жумладан очиқ танловларга ва электрон онлайн-аукционларга тааллуқли ахборотни давлат органлари ва ташкилотларидан ёки уларнинг мансабдор шахсларидан беғараз асосда сўраш ва олишга ҳақли.

       Давлат органлари, ташкилотлари ва мансабдор шахслар сўралаётган ахборотни махсус ваколатли давлат органларига беш иш куни ичида тақдим этиши керак.

         Ҳар бир соҳани тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд бўлиб, шу жумладан, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан:

  • Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Кодекси;
  • Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси;
  • Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси;
  • Ўзбекистон Республикасининг “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонун;
  • Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун;
  • Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонун;
  • Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонун;
  • Ўрмон тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонун;
  • Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун;
  • Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари;
  • “Экологик назорат тўғрисида” ги қонун;
  • “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун;
  • “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун;
  •        Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 февралдаги 66-сон қарори ва шу қарор билан тасдиқланган низомлар:
  • “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат геодезия назорати инспекцияси тўғрисида”ги Низом;
  • “Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисида”ги Низом;
  • “Давлат кадастрлари ягона тизимини яратиш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 23 декабрдаги 496-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида Ер мониторинги тўғрисида”ги Низом;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ер кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисидаги” 2006 йил 3 февралдаги 3-сонли қарори Халқаро шартномалар. (Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ер тўғрисидаги қонунчилигидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади).

Энг аввало ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг асосий қонунимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги ҳуқуқий асоси бу Конституциянинг 50 ва 55-моддаларидир, яъни ушбу моддаларга кўра фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар ҳамда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик бўлиб, ҳар бир шахс улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

        Худди шундай, Қорақалпоқ Республикаси Конституциясининг 53-моддасида ҳам “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб белгиланган.

      Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига кўра ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан шу жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат.




  Қарши туманлараро 

  маъмурий суди судьяси                                                                   Б.Муинов